Бизнес-клиника дастури: инқироз даврида бизнесни қўллаб-қувватлаш

Бизнес-клиника дастури: инқироз даврида бизнесни қўллаб-қувватлаш

2020 йил март ойида мамлакатимиз Раҳбари томонидан COVID-19 коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш учун транспорт ҳаракатини чеклаш, ташқи ва вилоятлараро чегараларни ёпиш, болалар боғчалари, мактаблар ва университетларда ўқиш жараёнини тўхтатиш, оммавий тадбирлар ва йиғилишларни бекор қилиш каби қатъий чоралар кўрилди. Карантин чоралари ва чекловлар бошқа мамлакатларда ҳам, Ўзбекистонда ҳам кичик бизнеснинг фаолиятига жиддий таъсир кўрсатди. Статистик маълумотларга кўра, кичик бизнес 2019 йилда Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулотининг 57 фоизини ташкил этган. Чет элдан пул ўтказмаларининг камайиши, туризмдан тушадиган даромадлар пасайиши ва шу қаторда савдо ва етказиб бериш занжирларида бир қатор муаммолар юзага келди. Аксарият корхоналар ишлаб чиқариш ҳажмини ва ишчилар сонини қисқартиришга мажбур бўлди, бу эса ўз навбатида иш билан таъминлашда ва фуқароларимизнинг даромадларига салбий таъсир кўрсатди.

Инқирознинг иқтисодий оқибатларини юмшатиш мақсадида Ўзбекистон раҳбари юридик ва жисмоний шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқди (хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.03.2010 йилдаги 5969-сонли, 03.04.2010 йилдаги 5978-сонли ва 27.04.2010 йилдаги 5986-сонли фармонлари). Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди ва тадбиркорликни ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш унинг асосий мақсадларидан бири деб белгиланди.

БМТ Тараққиёт Дастури томонидан Ўзбекистонда ишга туширилган COVID-19 га қарши тезкор ҳаракат қилиш механизми (ингл. Rapid Response Facility) доирасида учта йўналиш бўйича ишлар таклиф қилинди:

1) Эҳтиёжларни тезда аниқлаб улар бўйича ечим топиш;

2) Инқирозга қарши самарали бошқарув;

3) Эрта тикланиш.

Учинчи йўналиш доирасида БМТ Тараққиёт Дастури Савдо-саноат палатаси билан биргаликда кичик ва ўрта бизнес ва хусусий тадбиркорлар учун Бизнес-клиника лойиҳасини ишга туширди. Бизнес-клиника пандемия даврида молиявий қийинчиликларга дуч келган тадбиркорларга бизнесни тиклаш ва давлат томонидан бериладиган имтиёз ва преференциялар билан боғлиқ барча масалалар бўйича бепул маслаҳатларни бериб боради.

Бунинг учун биз тадбиркорлар билан алоқа қилиш учун барча мавжуд канал турларини уладик: 1094 ишонч телефони, https://t.me/biznes_klinika телеграм-канали ва www.businessinfo.uz вебсайти.

Компонентнинг раҳбари Фарҳод Жабборов пандемиядан зарар кўрган барча кичик ва ўрта бизнес вакилларини Бизнес-клиника хизматлари орқали тажрибали мутахассислардан малакали маслаҳатларни олишга ва давлат томонидан тақдим қилинаётган қўллаб-қувватлаш чораларидан (солиқ, божхона, кредит ва бошқалар) тўлиқ фойдаланишга таклиф қилади.

Бу бизнесни янги шаклда бошлаш ва:

- инқироздан босқичма-босқич чиқиш;

- аввалги бизнес алоқаларини тиклаш ва

- янги босқичга кўтариш борасида янги ғоя ва имкониятларни беради.

Шунингдек, кичик ва ўрта бизнесга янги туртки бериш, бизнес бошқаруви кўникмаларини ривожлантириш, бизнес барқарорлиги ва ҳаётийлигини таъминлаш ва келажакдаги ҳар қандай ўзгаришларга мослашишга қаратилган онлайн ва карантин тугаганидан сўнг оффлайн курсларини бошлаш режалаштирилган.

БМТТД қашшоқлик, тенгсизлик ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ адолатсизликларга барҳам бериш бўйича БМТнинг етакчи ташкилотидир. 170 мамлакатдаги бизнинг кенг тажрибали мутахассисларимиз ва ҳамкорларимиз билан биргаликда биз одамлар ва сайёрамиз учун кенг қамровли, узоқ муддатли ечимларни яратишга ёрдам берамиз.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар