Бизнес омбудсманга энг кўп ер-бинолари ажратиш ва олиб қўйилиши билан боғлиқ мурожаатлар қилинган

Бизнес омбудсманга энг кўп ер-бинолари ажратиш ва олиб қўйилиши билан боғлиқ мурожаатлар қилинган

Бугун АОКАда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга 2020 йилда тадбиркорлик субъектларидан 5 031та мурожаат келиб тушди, йил якунига қадар уларнинг 4 401таси кўриб чиқилган.

Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 1 697 таси (39 фоизи) ижобий ҳал этилган бўлса, 2 704 таси бўйича тадбиркорларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Мурожаатлар хусусиятлари бўйича таҳлил этилганда, уларнинг асосий қисми, яъни 21 фоизи ер-бино ажратилиши, олиб қўйилиши, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинган ер майдони, бино-иншоотлар учун компенсация тўловларини ундиришга оид, 13 фоизи кредит ажратиш, муддатини узайтириш, имтиёзлар қўллашга оид, 9,2 фоизи солиққа оид, 9,1 фоизи суд қарорлари ва уларнинг ижро этилишига оид.

Тадбиркорлар манфаатларида 1 574 та таъсир чораси қўлланилиб, шундан давлат органлари ва ташкилотларига 256 та тақдимнома, 113 та огоҳнома, 48 та хулоса киритилган, аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан 978 нафар мансабдор ва масъул шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар