Жорий йилнинг 10 март куни Осиё-Тинч океани минтақасида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) ва инфратузилмани ривожлантиришни молиялаштириш тармоғини такомиллаштириш бўйича “Бардошли ва барқарор ДХШ инфратузилма лойиҳаларини тайёрлаш ва баҳолаш” мавзусида иккинчи видеоконфренция ўтказилди.
Мазкур тадбир Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссия (ОТОИИК) томонидан ташкил этилган.
Тадбирдан кўзланган мақсад давлат сектори корхоналари мутахассисларининг муваффақиятли давлат-хусусий шерикликни йўлга қўйиш бўйича билим даражасини ошириш, салоҳият ва кўникмаларини такомиллаштиришдан иборат.
Конференцияда ОТОИИК бўлинмалари раҳбарлари, тадқиқот ва таҳлилий тузилмаларнинг етакчи экспертлари, Хитой, Эрон, Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Таиланд, Сингапур, Малайзия расмий доиралари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда барқарор, ҳаётий ва рентабель лойиҳаларни тайёрлашда техник кўмак кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар танланган лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширилишини таъминлайдиган амалий тадқиқотлар, жумладан нарх ва сифат нисбати таҳлили, техник-иқтисодий асослар ва бизнес-режаларни ишлаб чиқиш билан танишдилар.
Халқаро видеоконференцияда Ўзбекистон номидан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) директор ўринбосари Умид Aбидхаджаев тақдимот қилди ва иштирокчиларни молиялаштиришнинг марказлашган манбалари ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари самарадорлигини баҳолаш бўйича методика билан таништирди.
Методика Марказ томонидан Осиё Тараққиёт Банкининг (ОТБ) инфратузилма лойиҳаларини иқтисодий баҳолаш бўйича кўрсатмаси асосида ишлаб чиқилган бўлиб, талаб, фойда ва харажатлар, хатарлар ва ресурсларни тақсимлаш таҳлилини ўз ичига олган бир қатор масалаларни қамраб олади.
Марказ директори ўринбосари У.Aбдхаджаев ўз тақдимотида солиқ тўловчилар ёки ташқи қарз ҳисобига молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари рентабеллигини баҳолаш кўплаб ривожланаётган мамлакатлар учун долзарб эканлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, Президент Ш.Мирзиёев ўз Мурожаатномасида бундай лойиҳалар натижалари тўғрисида жамоатчилик олдида ҳисобот беришнинг янги тизими яратилишини эълон қилган эди ва ташқи қарз олиш ҳисобига ҳудудларда амалга ошириладиган лойиҳалар маҳаллий Кенгашлар ва жамоатчилик томонидан муҳокама қилинади.
Шунингдек, давлат кафолати остидаги ташқи қарзларни қисқартириш режалаштирилган бўлиб, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларига кўпроқ хусусий капитал жалб қилинади. Бу йил давлат-хусусий шериклик асосида 40 дан ортиқ йирик ва ўрта лойиҳаларни амалга оширишни бошлаш режалаштирилган.
“Бугунги тақдимотнинг мақсади халқаро экспертлардан бизнинг методикамиз тўғрисида конструктив фирк-мулоҳазалар олишдир. Марказ методикасида келтирилган тавсиялар молиялаштиришнинг марказлашган манбаларидан, шу жумладан ташқи қарз ҳисобига молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларини иқтисодий таҳлил қилишга умумий ёндашувни белгилайди. Бунда лойиҳаларни танлаш, амалга ошириш ва тўлиқ лойиҳалаш параметрларига эришилгунга қадар инвестициядан кейинги давр босқичлари назарда тутилган ”, дейди У.Aбидхаджаев.
Унинг сўзларига кўра, ушбу методикани ишлаб чиқишдан мақсад инвестиция лойиҳалари ҳаётий циклларининг барча босқичларида уларнинг кўрсаткичлари ва натижаларини тўғри баҳолашни таъминлаш, устувор инвестиция лойиҳаларини танлаш мақсадида жозибадорлигини аниқлаш ва параметрларини таққослашни амалга ошириш ҳисобланади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази жамоатчилик билан алоқалар хизмати
Изоҳ қолдириш