2021 йил 17 июлда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR)да Марказ директори О. Ҳакимов Европа қўшничилик кенгаши (ЕҚК) (European Neighbourhood Council - ENC) бошқарувчи директори Самуэль Довери Вестербай билан учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ва ЕҚК ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари, шунингдек, ўзаро тадқиқотлар юзасидан фикр алмашилди.
Суҳбат аввалида Обид Ҳакимов Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг асосий мақсад ва вазифалари, Марказ платформасида очилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар Ҳукумат Акселераторининг олиб бораётган тадқиқотлари ва фаолияти ҳақида сўзлаб берди.
Самуэль Вестербай ЕҚК Брюсселда жойлашганини ва Европа Иттифоқининг ташқи ва хавфсизлик сиёсатининг глобал стратегиясини кенгайтириш ва рағбатлантириш сиёсатини мустаҳкамлаш масалалари билан боғлиқ тадқиқотлар олиб борадиган ва лойиҳаларни амалга оширадиган мустақил таҳлил маркази эканлигини маълум қилди. Жумладан, ЕҚК Европа Кенгаши ва Европа парламенти учун Марказий Осиё ва яқин Шарқ мамлакатлари, шунингдек, Туркия билан боғлиқ сиёсат ва хавфсизликнинг турли жиҳатлари бўйича тадқиқотлар олиб боради ва маърузалар тайёрлайди.
2016 йилда ташкил этилганидан буён ЕҚК Европа нодавлат ва ҳукумат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйди ва миграция, ривожланиш, демократия ва савдодан тортиб, Европа Иттифоқининг умумий ташқи ва хавфсизлик сиёсати билан боғлиқ масалалар бўйича мутахассислар билан ҳамкорлик қилади.
Суҳбатдош ЕҚКнинг Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини билдирди ва қўшма тадқиқотлар ўтказиш, хусусан, Ўзбекистон томонидан Европа Иттифоқи билан савдо-сотиқда умумжаҳон преференциялар тизимининг (GSP+) бенефициар мамлакат мақомидан фойдаланиш бўйича мавзуларни таклиф қилди. Бундан ташқари, ЕҚКни Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига оид мавзулар ҳам қизиқтиради.
Самуэль Вестербай Ўзбекистонда давлат бошқаруви, ташқи сиёсат, халқаро муносабатлар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини қайд этди. Шу билан бирга, у Ўзбекистон вакилларининг ЕИнинг давлат хизматчилари ва бизнес вакилларини тайёрлаш бўйича махсус дастури доирасида ажратилган ўқув дастурлари ва стипендияларида иштирок этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди.
Самуэль Вестербайнинг айтишича, Европа Иттифоқи қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш ва "яшил иқтисодиёт"ни ривожлантиришдан манфаатдор. Шу билан бирга, Ўзбекистонда қуёш энергиясидан фойдаланиш учун катта имкониятлар мавжудлиги ва кейинги 5 йил ичида барқарор ва "яшил иқтисодиёт" мамлакат иқтисодиётида муҳим рол ўйнаши, шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш мумкинлигини таъкидлади.
ЕҚК директори, шунингдек, Афғонистондаги ички сиёсий вазиятдаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг ҳолати ва истиқболлари ҳақида сўради.
Учрашув якунлари бўйича икки тадқиқот маркази ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
жамоатчилик билан алоқалар хизмати
Изоҳ қолдириш