Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабҳат билан учрашди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Учрашувда икки мамлакатнинг иқтисодий алоқаларида ишга солинмаган салмоқли салоҳият ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришнинг самараси юқори бўлган қатор устувор йўналишлар қайд этилди.
Томонлар янги истиқболли инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида савдо алоқаларини ўрнатиш, Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида иқтисодий ҳамкорликнинг кенг қамровли дастурини ишлаб чиқиш бўйича қўшма ишларни фаоллаштиришга келишди.
Алоҳида тартибда ҳудудлараро ҳамкорликни, хусусан, Ўзбекистоннинг Андижон вилояти ва Ҳиндистоннинг Гужарот штати ўртасида муносабатларни фаоллаштириш чора-тадбирлари ўрганилди. Бундан ташқари, инвестициявий, савдо ва маданий-гуманитар соҳаларда қўшма лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда, Фарғона вилояти ва Харяна, Бухоро ва Ҳайдаробод, Тошкент ва Нью-Деҳли шаҳарлари ўртасида бевосита ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Мулоқотда молиявий-техник ҳамкорлик соҳасига ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, томонлар Ҳиндистон Эксимбанки томонидан Ўзбекистонда инфратузилмавий ривожланиш ва таълим соҳаларида устувор лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштириш учун 448 млн доллар миқдорида маблағлар ажратилишини олқишлаб, ушбу лойиҳаларни амалга жорий этиш борасида биргаликда ишлашга келишиб олдилар.
Шунингдек, Ҳиндистоннинг грант маблағларини жалб қилиш ҳисобига амалга оширилиши режалаштирилаётган IT, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ижтимоий йўналтирилган янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича ишларни жадаллаштиришга келишилди.
Транспорт инфратузилмаси соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутиб, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича фаол ишларни давом эттириш зарурлиги тўғрисида якдил фикрлар билдирилди.
Учрашув якунида ҳамкорликнинг кўриб чиқилган барча йўналишларини янада кенгайтиришга қаратилган аниқ вазифалар белгиланди.
Шунингдек, Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида “Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология марказида янги метрологик лабораторияни ташкил қилиш ва жиҳозлаш” ҳамда “Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидаги умумтаълим мактабларини компьютер техникаси билан жиҳозлаш” лойиҳаларини амалга ошириш учун грант маблағларини ажратиш бўйича Ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.
Изоҳ қолдириш