Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган Чимбой тумани метеостанциясига атмосфера ҳавосидан ичимлик сувини ишлаб чиқариш “атмосфера сув генератори” (Airaqua - 7 та тозалаш фильтридан иборат) қурилмаси тажриба (синов) тарзида ишга туширилди.
Бу ҳақда Ўзгидромет ахборот хизмати хабар қилмоқда.
“Мазкур қурилма ичимлик суви етиб бормаган ва етказиб бериш иқтисодий жиҳатдан қимматга тушадиган ҳудудларга мослаштирилган. Ушбу инновацион технология синов тариқасида йўлга қўйилди ва ундан олинаётган статистик маълумотлардан фойдаланган ҳолда Республикамиздаги бошқа метеостанцияларга ўрнатиш режалаштирилмоқда”, дейилади хабарда.
Атмосфера сув генераторининг афзаллиги нимада?
Атмосфера ҳавоси намликларнинг улкан резервуари эканлигини ҳисобга олсак, атмосфера сув генераторини ўрнатиш атмосфера сувини ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг самарали қурилма деб ҳисобласак бўлади. Шуни таъкидлаш лозимки, ушбу мослама дистилланган сувдан ҳам тозароқ сув олиш имконини беради.
Қурилма атмосфера ҳавоси намлигига ва ҳароратга қараб кунига тахминан 12 литрдан 30 литргача ичимлик суви етказиб бериш имконини беради. Кўп қувват (1 кВт) талаб қилмаслиги, ихчам, экологик тоза, фойдаланишда техник жиҳатдан инсон ҳаётига хавфсизлиги унинг қулай жиҳатларидан биридир.
Изоҳ қолдириш