Бохтар шаҳрида Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга ташрифи арафасида биринчи Ўзбекистон – Тожикистон ҳудудлараро инвестициявий форум бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Тадбирда Тожикистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, икки мамлакат вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, савдо-саноат палаталари, чегарадош вилоятлари раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг турли ҳудудларидан келган 300 га яқин тадбиркорлар иштирок этди.
Иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш мақсадида 50 млн долларлик устав капиталига эга Ўзбекистон – Тожикистон инвестиция жамғармаси ташкил этилгани тилга олинди.
Форум давомида икки мамлакат ҳудудлари ва тегишли идоралар раҳбарлари сўзга чиқиб, инвестициявий ҳамкорликнинг имкониятлари, шунингдек, автомобиль саноати, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва электротехника саноати, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда янги саноат кооперацияси лойиҳаларини биргаликда рўёбга чиқариш юзасидан аниқ таклифларнинг тақдимотини ўтказди.
Шунингдек, тадбир доирасида “B2G” ва “B2B” шаклида иштирокчиларнинг манзилли учрашувлари ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Форум якунлари бўйича Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Экспорт агентлиги билан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим, автомобиль, трансформатор, маиший техника ишлаб чиқариш, интенсив боғлар, иссиқхона комплекслари, қишлоқ хўжалиги ва мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналарни ташкил этиш бўйича битимлар, шунингдек, бир қатор савдо шартномалари имзоланди. Имзоланган ҳужжатларнинг умумий суммаси 730 млн долларни ташкил этди.
Изоҳ қолдириш