Вазирлар Маҳкамасининг “2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги 166-сон қарори қабул қилинди.
Қарор билан 2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси ва уни 2021-2022 йилларда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” ҳамда мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланмоқда.
Стратегия халқаро молия институтлари, хусусан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан жалб этилган экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган бўлиб, бир қатор меъёрларни ўз ичига олади.
Жумладан:
- Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида” ва “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунлари лойиҳасини ишлаб чиқиш;
- давлат иштирокидаги корхоналарга эгалик қилиш мезонларини (табиий монополия, стратегик манфаат соҳасида фаолият юритадиган ва бошқ.) белгилаш, ҳар йили ушбу мезонлардан келиб чиқиб, “сот ёки тушунтир” тамойили, яъни агар маълум бир корхонани давлатда ушлаб туришнинг зарурати асослаб берилмаса сотишга мажбур бўладиган янги амалиёт жорий этилади;
- давлат иштирокидаги корхоналарга нисбатан тижорат ва нотижорат мақсадларни белгилаш, давлат иштирокидаги корхоналар ва нодавлат юридик шахслар учун тенг шароит яратиш, жумладан барча давлат унитар корхоналарини хўжалик жамиятларига айлантириш, давлатнинг мулкдор (акциядор, иштирокчи, муассис) ва тартибга солувчи функцияларини ажратиш;
- бошқарув органлари аъзоларини босқичма-босқич танлов асосида сайлаш, кузатув кенгаши таркибига мустақил аъзоларни жалб этиш, унинг қошида қўмиталар ташкил этиш, тафтиш комиссиялари фаолиятини тугатиш;
- корхоналар фаолияти натижадорлиги ва Стратегияни амалга ошириш тўғрисидаги ахборотни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида эшитиш амалиётини жорий этиш, корхоналарнинг веб-сайтини яратиш ва бошқалар.
- давлат иштирокидаги корхоналарнинг ижро этувчи органи ва кузатув кенгаши аъзолари корпоратив бошқарув тамойиллари (акциядорларнинг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва муассис қарорлари) асосида улар томонидан мустақил равишда сайлаш (тайинлаш);
- давлат иштирокидаги корхоналарда кузатув кенгаши, ички аудит хизмати, кузатув кенгаши таркибида аудит қўмитаси ташкил этиш;
- акциялари фонд биржасининг биржа котировкаси варағига (листингга) киритилган ва давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларида “мувофиқлик тизими” (комплаенс) хизматини ташкил этиш;
- давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятининг натижалари тўғрисида йиғма ҳисобот шакллантириш ва 2022 йилдан бошлаб, ҳар йили Давлат активларини бошқариш агентлигининг расмий веб-сайтига жойлаштириш.
Шу билан бирга, ижроия органи ва кузатув кенгаши аъзолари ваколатларини бир йилдан уч йилгача узайтириш ҳамда давлатнинг “олтин акция” махсус ҳуқуқини бекор қилиш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Давактив агентлиги фаолиятини замонавий ёндашув ва услублар асосида ташкил этишга кўмаклашиш учун маҳаллий ва халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда Эксперт кенгашини ташкил этиш назарда тутилмоқда.
Стратегияни амалга ошириш натижасида:
- давлат иштирокидаги корхона кузатув кенгашлари таркибида мустақил аъзолар улуши босқичма-босқич 30 фоизга етказиш;
- давлат иштирокидаги корхоналар сонини 75 фоизга қисқартириш;
- 20 та давлат иштирокидаги корхоналар акцияларини бирламчи ва иккиламчи оммавий жойлаштириш назарда тутилган.
Изоҳ қолдириш