Давлат активларини бошқариш агентлиги Вазирлар Маҳкамасининг «Бозор ва савдо комплекслари бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда улардаги давлат иштирокини босқичма-босқич қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасини муҳокамага тақдим этди.
Ҳужжатда бозорлар ва савдо марказларининг устав капиталидаги давлат улуши ва акция пакетларини босқичма-босқич сотиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, биринчи босқичда эксперимент доирасида давлат улуши сотиладиган бозорлар ва савдо марказлари рўйхатидаги объектларни замонавий кўринишга келтириш, шу жумладан, улар негизида «ҳаммаси бир жойда» тамойили асосида савдо мажмуаларини ташкил этиш шарти билан сотиш режалаштирилмоқда.
Ҳужжатда 12 та бозор ва мажмуаларни ёпиш ҳам таклиф қилинган.
Бундан ташқари, лойиҳага кўра, бозорлар фаолияти ва мулкий масалалар билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш бўйича ҳудудий комиссиялар тузилиши кутилмоқда. Уларга ҳокимлар бошчилик қилади.
Тадқиқот натижалари асосида улар аниқланган муаммоларни ҳал қилиш бўйича йўл хариталарини тайёрлайди. Жумладан, комиссиялар бозорларни модернизация қилиш, инфратузилмани яратиш, хизматларни рақамлаштириш, деҳқонлар, фермер хўжаликлари ва тадбиркорлар учун шарт-шароит яратиш бўйича талабларни, бозорлар ва мажмуаларни хусусийлаштириш шартлари, муддатлари ва усулларини ишлаб чиқади.
Хусусийлаштиришга қадар тайёргарлик кўриш ва бозорларни сотувга қўйиш учун Бозорлар ва савдо мажмуаларини бошқариш офиси ташкил этилади. Зарур бўлганда, консалтинг ва аудиторлик компаниялари бозорларни баҳолашга жалб қилинади.
Ҳужжатга кўра, бозор ва савдо комплексларининг устав капиталида давлат улуши устун мавқега эга бўлган корхоналарнинг улуши мавжуд бўлганда, уларнинг улушлари белгиланган тартибда бошқарув органлари қарорлари асосида баланс қийматида устав фондидаги давлат улушини камайтириш ҳисобига маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўтказилиб, яхлит пакетда савдога чиқариш кўзда тутилган.
Лойиҳада хусусийлаштириш режалаштирилган бозорлар ва савдо марказлари рўйхати келтирилган. Рўйхатга 61 та объект киритилган бўлиб, улардан 20 таси Тошкент шаҳрида жойлашган. Булар орасида Тошкент шаҳрида жойлашган Миробод деҳқон бозори, Фарҳод деҳқон бозори, Ўрикзор савдо комлекси, Олой деҳқон бозорлари мавжуд.
Лойиҳа муҳокамаси 16 ноябрга қадар давом этади.
Изоҳ қолдириш