Депутат Мақсуда Ворисова: Кичик тадбиркорларни қиш олдидан газ тармоғидан узишга мажбур бўлаяпмиз

Депутат Мақсуда Ворисова: Кичик тадбиркорларни қиш олдидан газ тармоғидан узишга мажбур бўлаяпмиз

18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда молия вазири Тимур Ишметов давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг жорий йилнинг 9 ойи давомидаги ижроси тўғрисида ахборот берди.

Ҳисоботдан сўнг, савол-жавоб қисмига ўтилди. Унда Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова ҳисоботда 9 ойда табиий газ қазиб олиш 19,6 фоизга, газ канденсати ишлаб чиқариш 34,7 фоизга камайгани айтилганини қайд этди.

«Бунга савол берганимизда, дунё бозорида газга талаб камайгани деб изоҳланди. Ички бозорда аҳолининг талаби кундан-кунга ошиб бораётган бўлса, бу ҳолатни уларга қандай қилиб тушунтирамиз? Шу ўринда, кичик тадбиркорлардан ҳам бюджетга тушум тушади. Уларни эса қиш олдидан газ тармоғидан узишга мажбур бўлаяпмиз. Яна бир савол, ҳисоботда электр энергиясини технологик сарфи ва узатишдаги йўқотишлари 9 млрд кВт соат, бу жами ишлаб чиқарилган энергиянинг 18,8 фоизини ташкил қилар экан. Бу ҳолатни қандай изоҳлаймиз? Биз сайловчиларга нима деб жавоб берамиз», — деди депутат.

Ушбу саволга энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев жавоб берди.

«Ўзбекистонда табиий газ фақат „Ўзбекнефтегаз“ томонидан эмас, балки, қўшма корхоналар томонидан ҳам амалга оширилади. Маълум бир давр ичида қўшма корхоналар экспортни тўхтатганлиги туфайли қазиб чиқаришни камайтиришган. Ички бозорга табиий газни етказиб беришга масъул бўлган „Ўзбекнефтегаз“ қазиб чиқариш суратларини яхшилаш бўйича ишлар амалга ошириляпти. Ҳақиқатдан ҳам биз кўзланган талаб кўрсаткичларига эришдик деб айта олмайман. Лекин, бу йил ўтган йилдан фарқли ўлароқ, қазиб чиқариш суратларини пасайиш тенденциялари тўхтатилди. Ва бу кейинги йил ўз самарасини беради», — деди вазир ўринбосари.

Шерзод Ходжаев электр энергиясини ишлаб чиқаришда ишлаб чиқарилган энергиянинг 18,8 фоизи технологик сарф ва узатишдаги йўқотишлар бўлганини соҳанинг ички истеъмоли деб баҳолади.

«Мен бу кўрсаткични бошқачароқ баҳолаган бўлар эдим. Бу соҳанинг ички истеъмоли. Чунки, бунда нафақат тармоқлардаги йўқотишлар, балки, электр энергияни ишлаб чиқаришда бир қисми станцияларнинг ўзида сарфланиши билан изоҳланади. Ҳеч бир давлатда бу кўрсаткич 10−11 фоиздан пастга тушмаган, 2025 йилга қадар 18,8 фоиздан 15 фоизгача камайтириш, 2030 йилгача 12,5 фоизгача тушириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган», — дея таъкидлади вазирлик вакили.

Унинг таъкидлашича, бу йил сув танқислиги натижасида гидроэлектр станцияларида кўзланган миқдорда электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти бўлмаган. Йиллик прогноз кўрсаткичлари 76 фоизга бажарилиши кутилмоқда. Бунинг ўрнини қоплаш учун электр энергиясини ИЭСларда ишлаб чиқаришга тўғри келинган. Бу эса, ўз навбатида соҳанинг ички истеъмолига салбий таъсир кўрсатди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар