Дорихоналарда қандай дори воситалари мавжуд эмас ва қандай дориларнинг нархлари оширилган?

Дорихоналарда қандай дори воситалари мавжуд эмас ва қандай дориларнинг нархлари оширилган?

Коронавирус инфекциясининг кўпайиши натижасида даволаниш учун зарур бўлган дори-дармонлар оширилган нархда сотилган. Республиканинг кўплаб дорихоналарида COVID-19 га қарши қўлланиладиган дори воситаларининг танқислиги, айрим ҳолатларда мавжуд эмаслиги кузатилди, дея хабар берди Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги карантин бошланган даврдан буён дори воситалари нархи ошиб кетишининг олдини олиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширмоқда.

Бунинг натижасида, савдо устамаларига ҳамда савдо қоидаларига қатъий риоя қилиш, дори воситаларига бўлган сунъий танқислик ва катта талабни вужудга келтирмаслик, қонун ва лицензия талабларига амал қилмасликнинг ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида тегишли тушунтиришлар олиб борилди ва республика бўйича 3000 дан ортиқ дорихона раҳбарлари ва ходимларига расмий огоҳлантириш хатлари берилди.

20 июль — 12 август кунлари 500 га яқин дорихоналарда COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган дори воситалари ва биологик фаол моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларининг дорихоналарда мавжудлиги ва уларнинг чакана нархлари юзасидан Агентлик томонидан мониторинг кузатувлари ўтказилди.

Танқис бўлган дорилар

Кузатувларга кўра, дорихоналарда қуйидаги дори воситалари мавжуд эмас:

  1. Рибавирин таркибли (вирусга қарши восита) «Визавирин» (Ҳиндистон);
  2. Ритонавир ва Лопинавир таркибли (вирусга қарши восита);
  3. «Алувиа» (Германия);
  4. «Лопинавир/Ритонавир» (Ҳиндистон);
  5. Апиксабан таркибли (тўғридан-тўғри таъсир этувчи антикоагулянт, Ха. коагуляцион омилининг селектив инхибитори);
  6. «Эликвис» (АҚШ) дори воситалари.

Республика бўйича ўрганилган дорихоналарнинг 14 тасида (Тошкент ш., Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилояти) Умифеновир (вирусга қарши восита) таркибли «Арбидол» (Россия) ва «Арпефлю» (Белоруссия) дори воситаси мавжудлиги ҳамда уларнинг қолдиқ захираси камлиги (605 қути) кузатилди.

Қайси дорилар қиммат нархларда сотилмоқда?

Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, аҳоли талаби юқори бўлган айрим дори воситалари дорихоналардан ташқарида ва бошқа йўллар билан қиммат нархларда сотилаётганлиги қайд этилмоқда. Шу жумладан, Плаквенил (гидроксихлорохин) каби дори воситаси дорихоналардан ташқарида 500 минг сўмдан 1 млн сўмгача сотилаётган бўлса (барча харажатлар ва савдо устамалари билан қўшиб ҳисобланганда энг юқори чакана нархи 410 минг сўмдан ошмаслиги керак), чакана нархи 405 минг сўмдан ошмаслиги лозим бўлган Клексан (эноксапарин) 4000 ХА МЕ дозали дори воситаси дорихоналар ва ундан ташқарида 2,4 млн сўмгача нархларда сотилмоқда. Беларусда ишлаб чиқарилган Гепарин дори воситаси ҳам дорихоналарда қутиси учун 400 минг сўмдан реализация қилинмоқда, унинг чекланган чакана нархи 135 минг сўмни ташкил этади.

Дорихоналарда текширув ўтказилди

Агентликнинг ҳудудий тузилмалари томонидан 30 та дорихонада ўтказилган текширишлар давомида қуйидагилар маълум бўлди:

  • 9 та (Тошкент ш. Жиззах, Самарқанд, Тошкент в.) ҳолатда белгиланган устамаларни 20 фоиз ўрнига 93 фоизгача қўлланилган;
  • 6 та (Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Сирдарё в., Тошкент ш.) ҳолатда яроқлилик муддати ўтган, рўйхатдан ўтмаган ва кирим ҳужжати мавжуд бўлмаган дори воситаларини реализация қилиш ҳолатлари аниқланган;
  • 12 та дорихонага белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, тегишли кўрсатма берилган (чора кўрилган) ҳамда лицензия шартларини қўпол равишда бузганлиги учун белгиланган тартибда лицензиясини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш учун Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига тўпланган ҳужжатлар юборилди.

Шунингдек, истеъмолчилар мурожаатларини ўрганиш давомида ва Агентлик томонидан олиб борилган мониторинг натижасида дори воситаларини товар чекисиз сотиш ҳолатлари аниқланмоқда. Дорихоналар аксарият ҳолатларда дори воситалари нархларини яшириш мақсадида товар чекини беришмаётганлиги кузатилмоқда. Бу ўз навбатида дори воситаларини қиммат нархларда сотиш ҳолатларини аниқлашни қийинлаштирмоқда.

Агентлик барча истеъмолчиларни огоҳлантирмоқда

Агентлик барча истеъмолчиларга дорихона ходимидан дори воситаларини сотиб олишдан олдин мувофиқлик сертификатини талаб қилиш ҳуқуқига эканликлар, шунингдек, назорат-касса ва товар чеки беришни талаб қилиш зарурлигини эслатиб ўтди. Дори-дармонларни қабул қилиш вақтида шифокорнинг фармацевтга ёзма мурожаати — рецептни сақлаш тавсия этилади, дея хабар берди агентлик.

Истеъмолчилик ҳуқуқлари бузилган фуқаролар Агентликнинг 1159 қисқа рақамли ишонч телефони, www.consumer.uz. веб-сайти ёки [email protected] электрон манзилига мурожаат юборишлари мумкин.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар