ДСҚ яна 53 та “шубҳали” корхонани аниқлади

ДСҚ яна 53 та “шубҳали” корхонани аниқлади

Солиқларни тўлашдан қочишнинг турли хил схемаларидан фойдаланувчи «шубҳали» корхоналар рўйхати янгиланди, деб хабар бермоқда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати.

Биринчи босқичда 396 та, иккинчи босқичда 129 та шубҳали корхона аниқланган. Учинчи босқичда яна 53 та корхона киритилиб, уларнинг умумий сони 578 тага етди.

«Шубҳали» корхоналарнинг янгиланган рўйхати билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.

Бугунги кунда қўмита янги аниқланган «шубҳали» корхоналарнинг контрагентлари томонидан асоссиз равишда ҳисобга олинган қўшилган қиймат солиғи суммаларини таҳлил қилмоқда. Таҳлил натижаларига кўра, ушбу шубҳали корхоналар контрагентларининг шахсий кабинетлари орқали асоссиз ҳисобга олинган қўшилган қиймат солиғи суммасига тузатиш киритишлари тўғрисида хабарномалар юборилади.

Биринчи ва иккинчи босқичда аниқланган 525 та «шубҳали» корхона конрагентларида ҳозиргача 97 фоиз ҳолатда ҚҚС суммасини ноқонуний ҳисоб (зачёт)га олиш факти тасдиқланган.

Ҳозирда давом этаётган солиқ назорати тадбирлари жараёнида 4 та корхона ушбу рўйхатдан чиқарилди.

Булар:

- «ASL INSHOOT» МЧЖ (СТИР: 307218046, Тошкент вилояти);

- «MIX PERFECT» МЧЖ (СТИР: 306014128, Тошкент вилояти);

- «MAROOF» МЧЖ (СТИР: 307384166, Наманган вилояти);

- «BUILDING GLOBAL FUTURE» МЧЖ (СТИР: 307462590, Андижон вилояти).

Юқорида номи қайд этилган корхоналарнинг 288 та контрагенти томонидан ҳисобга олинган 21,9 млрд. сўм миқдоридаги қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммалари қайта таҳлил қилинди, уларга тузатиш киритиш талаб этилмайди, тузатиш киритилган суммалар эса қайта тикланади.

Бу ҳақда ушбу тўртта корхона ва уларнинг контрагентлари шахсий кабинетига тегишли хабарномалар юборилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар