Ўзбекистон Экологик партияси ҳукуматга амалдаги полителин пакетлар ўрнига биологик парчаланадиган пакетлардан фойдаланиш бўйича таклиф билан чиқди.
Бу ҳақида кеча бўлиб ўтган Ўзбекистон Экологик партиясининг II съедида таъкидланди.
Ўзбекистон Экологик партияси қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш билан боғлиқ вазиятни ўрганиб чиқди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.05.2018 йилдаги 3730-сонли “Маиший чиқиндиларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси худудида қалинлиги 40 микрондан кам полимер плёнкали пакетлар (экспорт учун ишлаб чиқарилган, тутқичсиз ишлаб чиқарилган ва ички фойдаланиш учун рулонларда сотиладиган товарларнинг ажралмас қисми бўлган полимер плёнкали пакетлар, шунингдек, биологик парчаланадиган полимер материаллар бундан мустасно)ни ишлаб чиқариш тақиқланган. Бироқ, бугунги кунда бундай пакетларни ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланиш ҳамон давом этмоқда. Ушбу пластик пакетларнинг парчаланиши учун 200 йилдан кўпроқ вақт талаб этилади. Боз устига чиқинди полигонларида тўпланиб қолган пакетлар атроф-муҳитга зарар етказмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси "ECO PACK" МЧЖ мутахассисларини жалб қилган ҳолда атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмайдиган биологик парчаланадиган муқобил пакетларнинг намуналарини ишлаб чиқди.
Ушбу пакетларнинг намуналари текшириш учун лабораторияга (Буюк Британия, Wells Plastics Limited,) юборилди. Лаборатория натижалари мазкур пакетлар 360 соат давомида парчаланиб кетишини кўрсатди. Бу борада Wells Plastics Limited лабораториясининг 03.03.2013 йилдаги 1067-сонли сертификати тақдим этилди. Бу оддий шароитда пакетнинг биологик парчаланиш даври тахминан 8 ойга тенглигини англатади. Бундан ташқари, парчаланиш жараёни ҳаво, қуёш нури ва табиий муҳит таъсирида бошланади. Парчаланишнинг якуний натижаси — бу ўсимлик учун ўғитга айланадиган биомассадир.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Экологик партияси анъанавий пластик пакетларни сифат жиҳатидан кам бўлмаган, ҳар қандай ўлчам ва қалинликда тайёрланиши мумкин бўлган, биологик парчаланадиган пакетларга алмаштириш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилмоқда. Таклиф қилинадиган биологик парчаланадиган пакетларнинг нархи (оммавий ишлаб чиқариш шароитида) 230-240 сўмдан ошмайди.
Изоҳ қолдириш