Енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисида низомга ўзгартириш киритилмоқда

Енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисида низомга ўзгартириш киритилмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳаси билан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 декабрдаги 1015-сон қарори билан тасдиқланган "Енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисида" низом ҳамда 2016 йил 24 августдаги 275-сон қарори билан тасдиқланган "Кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотларнинг таснифлагичи"га ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисида низом қуйидаги ҳуқуқий нормалар билан тўлдирилмоқда:

  • юридик шахслар билан бир қаторда жисмоний шахсларга ҳам енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга, нотариал расмийлаштириш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида рўйхатдан ўтказишни талаб этмайдиган қисқа муддатли ижарага бериш ҳуқуқини тақдим этиш;
  • қисқа муддатли ижарага бериш учун мўлжалланган транспорт воситалари Транспорт вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган талабларга мувофиқ махсус таниқлик белгига эга бўлиши;
  • транспорт воситасини қисқа муддатли ижарага олган шахслар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлигини аниқлаш мақсадида ижарага берувчига Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг “Маъмурий амалиёт” автоматлаштирилган ахборот тизимининг маълумотларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш;
  • ижарага берувчи томонидан навигатор, қўшимча суғурта, йирик тўхташ жойларида алоҳида жой каби қўшимча хизматлар кўрсатиш ва бошқалар.

Ижарага берувчининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этадиган, шу жумладан, йўл ҳаракати қоидаларини бузадиган мижозлардан унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қуйидаги ҳуқуқий нормалар киритилмоқда:

  • гаров депозити базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдоридан кам бўлмаслиги;
  • гаров депозити ҳажми ижарага олинган транспорт воситасининг ёши ва классига қараб табақалаштирилиши;
  • ижарачи ижарага олинган транспорт воситасида мамлакатни тарк этиш ҳуқуқига эга эмаслиги.

Ижарага берувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • жисмоний шахсда жисмоний ёки руҳий касаллик ҳамда номуносиб хатти-ҳаракат белгилари мавжуд бўлганда, у билан шартнома тузишни рад этиш;
  • шартномада белгиланган шартлар асосида шартномани муддатидан олдин тўхтатиш ва транспорт воситаси қайтариб берилишини талаб қилиш;
  • транспорт воситалари ўзбошимчалик билан ушлаб турилиши ҳоллари ҳамда фирибгарлик ҳаракатлари юзага келганда, ижарачи томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилган ҳоллар аниқланганда Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматининг органлари, тергов-суриштирув органлари, судлар ва бошқа давлат, жамоат ташкилотлари ва идораларига уларнинг ваколатлари доирасида мурожаат қилиш.

Гаров депозити миқдори ижарачига қисқа муддатли ижара шартномаси муддати тугагандан сўнг икки ойдан кечиктирмай қайтарилиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, қисқа муддатли ижарага бериш учун мўлжалланган транспорт воситаларининг фойдаланиш муддати, қоида тариқасида, 5 йилдан ошмаслиги керак.

Ижарачига шартнома тузилгунига қадар бутловчи қисмларнинг мавжудлигини текшириш учун транспорт воситасини кўрикдан ўтказишни талаб қилиш ҳуқуқи берилмоқда. Транспорт воситасида нуқсон ёки носозликлар аниқланган тақдирда, ижарачи уни алмаштириш ёки носозликларни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 24 августдаги 275-сон қарори билан тасдиқланган Кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотларнинг таснифлагичидаги “Ёрдамчи хизматларни бошқариш ва таъминлашга доир фаолият” енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш фаолияти билан тўлдирилмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар