ЕОИИни кузатиб: Ўзбекистон тўқимачилик саноатида нима ўзгаради

ЕОИИни кузатиб: Ўзбекистон тўқимачилик саноатида нима ўзгаради
Фото: CERR

ЕОИИ мамлакатлари бозори - бу ўзбек тўқимачилик ва кийим-кечак маҳсулотларини экспорт қилишни кўпайтириш учун анъанавий, асосий ва истиқболли савдо бозори. Бироқ, истиқболлар ҳали ҳам салоҳиятли бўлиб қолмоқда. Бу фикрни SPOT нашрига Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти Руслан Aбатуров билдирди.

"Тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш нуқтаи назаридан, Ўзбекистон Евроосиё технологик платформалари фаолияти тўғрисида батафсил маълумот олишга, ЕОИИ мамлакатларида тўқимачилик ва кийим-кечакларни давлат харидларида иштирок этишда ҳамда маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорларига қўшиб чиқаришда манфаатдор", деб ёзади у.

ЕОИИ мамлакатларининг ўз ишлаб чиқариши 184 миллион аҳолининг талабини қоплай олмайди, бу эса ушбу маҳсулотлар импортининг сезиларли ҳажмини тушунтиради.

2019 йил охирида иттифоқ мамлакатлари учинчи мамлакатлардан тўқимачилик ва кийим-кечакларни 13 миллиард долларга импорт қилдилар, сўнгги уч йил ичида импорт 38 фоизга ўсди. Шу билан бирга, ЕОИИ бозорида ўзбек тўқимачилик ва кийим-кечак улуши атиги 6,4 фоизни ташкил этади.

Маҳаллий тўқимачилик саноатининг ЕОИИга экспорти 3 йил ичида 44 фоизга ўсди, шундан:

  • Россияга 35 фоизга,
  • Қирғизистонга - 2 марта,
  • Белоруссияга - 80 фоизга.

ЕОИИдан Ўзбекистоннинг тўқимачилик ва тикувчилик саноатига киритган сармоялари ҳам ўсди: 2017 йилда бу кўрсаткич 1,4 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2019 йилда эса 65,2 миллион долларни ташкил этди, бу яқин ва узоқ хориж давлатлари билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган сиёсат натижасидир.

Пандемияга қарамай Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасида тўқимачилик ва кийим-кечак савдоси ўсишда давом этди: 10 ой охирига келиб, ЕОИИга экспорт ҳажми қарийб 820 миллион долларга етди (ўтган йилга нисбатан 31 фоизга кўп).

Ўзбекистондаги тўқимачилик ва кийим-кечак экспортининг 53% дан ортиғи ЕОИИ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. Бу йил Ўзбекистон ва Қирғизистондан тўқимачилик маҳсулотлари импорти фаол равишда ўсиб бормоқда: 2019 йил давомида қўшни республика 96,6 миллион долларни, шу йилнинг 10 ойида эса 223,9 миллион долларни (ҳажми 2,3 баравар ошди) импорт қилди.

Россия экспорт ҳажмини ўтган йилга нисбатан 11,2 фоизга, Қозоғистонга 4,2 фоизга оширди.

ЕОИИ таркибида янги мақомда бўлиш Ўзбекистонга қуйидаги имкониятларни беради:

  • ЕОИИ технологик платформалари фаолияти тўғрисида маълумот олиш;
  • ЕОИИ мамлакатларида тўқимачилик ва кийим-кечакларни давлат харидларида иштирок этиш;
  • маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда тарғиб қилиш.

Ўтган йил охирида Марказ томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж саноатига фойдали таъсир кўрсатиши мумкинлиги аниқланди.

Ички бозорда импорт божларини камайтириш ва натижада учинчи мамлакатлар, хусусан, Хитой ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларидан тўқимачилик ва кийим-кечак импортининг кўпайиши ҳисобига рақобатнинг кучайиши кутилмоқда. Маҳаллий экспортчилар учун транспорт харажатларини камайтириш, тарифсиз тўсиқларни камайтириш экспорт ҳажмининг ошишига олиб келади.

Aввалроқ Руслан Aбатуров Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши чарм-пойабзал саноатининг ривожланишига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида маълумот берганди. Марказ ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистоннинг чарм-пойабзал саноатининг экспорт ҳажми икки баравар кўпайиши кутилмоқда.

Руслан Абатуров,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Латофат Бўриева таржимаси,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар