Германия инвесторлари Ўзбекистонда 1 млрд долларлик лойиҳаларни амалга оширади

Германия инвесторлари Ўзбекистонда 1 млрд долларлик лойиҳаларни амалга оширади

Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси кўмагида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган Ўзбекистон - Германия давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир ўз платформасида Германиянинг етакчи компаниялари, жумладан, «MAN Truck&BUS», «Deutsche Lufthansa», «Siemens», «John Deere», «Roland Berger», «Knauf» ва бошқа йирик саноат ишлаб чиқарувчилари, тижорат банклари ва бизнес ташкилотларининг 100 дан ортиқ раҳбарлари ҳамда вакилларини жамлади. Германия томонини Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси бошқаруви аъзоси Клаус Мангольд бошқарди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон – Германия инвестициявий ҳамкорлигининг жорий ҳолати, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик, кимё ва фармацевтика саноати каби иқтисодиётнинг истиқболли тармоқларида ўзаро манфаатли шерикликни чуқурлаштиришнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди.

Германия бизнесининг Ўзбекистон бозорига бўлган қизиқишининг ортиб бориши Республика иқтисодиётига 2020 йилда Германия инвестицияларининг 2019 йилга нисбатан 25% ўсишида акс этганлиги таъкидланди. Жорий йилда Германия инвесторлари билан биргаликда автомобилсозлик, кимё, фармацевтика ва электротехника тармоғида, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда умумий қиймати 1 млрд долларга тенг бўлган 24 та йирик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилганлиги маълум қилинди.

Ўзбекистон томони барқарор ривожланиш, иқтисодиётни эркинлаштириш, бизнес юритиш учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш, эркин бозор тамойилларини жорий этиш ва устувор тармоқларда давлат иштирокини камайтириш каби иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган жараёнларни Республикада давом эттирилишини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон – Германия иқтисодий ҳамкорлигини фаоллаштириш ва ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини янги кенг кўламли лойиҳа ва ташаббуслар билан тўлдириш мақсадида яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлик билдирилди.

Шу нуқтаи назардан, тармоқ идоралари ва бирлашмаларининг раҳбарлари бўлажак шериклар билан келгусида биргаликда муҳокама қилиш ва ишлаб чиқиш мақсадида истиқболли лойиҳа таклифларининг тақдимотларини ўтказдилар.

Бундан ташқари, Германия компаниялари вакиллари Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида муҳокама қилиш учун Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ўртага ташлаш имкониятига эга бўлдилар. Очиқ мулоқот кўтарилган масалаларни холисона ўрганиш ва кўриб чиқилган ҳар бир ҳолат бўйича самарали ва ўзаро мақбул ечимларни ишлаб чиқишга имкон берди.

Тадбир якунида инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган ёки Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдираётган Германия тадбиркорлари билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мувофиқлаштируви остида масъул вазирликлар ва идораларни жалб қилган ҳолда ҳар бир инвестор ва тадбиркор билан манзилли ишлашни назарда тутадиган ҳамкорликнинг барқарор механизмини ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар