2019 йил охирида Хитой Халқ Республикасининг Ухань шаҳрида пайдо бўлган короновирус пандемиясининг жаҳон миқёсида кенг тарқалиши натижасида глобал инқироз вужудга келди. Бу жаҳон инқирозларидан турли жиҳатлари билан фарқ қиладиган бўлиб, унинг иқтисодиётга салбий таъсири жуда кучли бўлмоқда. Иқтисодий тилда айтадиган бўлсак, бу пандемия ялпи талаб (AD) ва ялпи таклифга (AS), макроиқтисодий барқарорликка ташқи “зарба” (external shock) бўлиб олдинги иқтисодий инқирозлардан кўлами ва зарари жиҳатидан катта фарқ қилади.
Бу инқироз дунёнинг 185 мамлакатида бирданига рўй берди. Ялпи таклиф ва ялпи талабга бир вақтнинг ўзида таъсирини кўрсатди. Ривожланиб келаётган очиқ глобал иқтисодиёт ва миллий иқтисодиётларни бир неча ойга ёпиқ шаклга айлантирди. Короновирус пандемиясининг жаҳон ва минтақавий иқтисодиётларга салбий таъсирини аниқлаш ва уни юмшатиш бўйича жаҳон иқтисодий адабиётларида кам тажриба тўпланган ва мавзу тизимли тадқиқ этилмаган. Ушбу мақоланинг мақсади короновирус пандемиясининг жаҳон ва минтақавий малакатларга тарқалиш оқибатларини аниқлаш бўйича қисман ўрганиш ва республикамизда унинг оқибатларини юмшатишга қаратилган чора – тадбирларнинг самарадорлигини прогноз қилишга қаратилди.
Короновирус пандемиясигача бўлган даврдаги иқтисодиёт
Тадқиқотлар натижаси шундан далолат берадики короновирус пандемияси бошланганга қадар жаҳон иқтисодиёти ва миллий иқтисодиётларда ижобий силжишлар, барқарор ривожланиш аломатлари кузатилган. Охирги йилларда жаҳон иқтисодиётида иқтисодий ўсишнинг суръати ўртача 3 фоиз атрофида бўлса унинг юқори суръатлари Хитой, Тожикистон, Арманистон ва Ўзбекистонда, паст суръатлари АҚШ, Буюк Британия, Россия Федерациясида кузатилган. Жаҳон иқтисодиётининг ялпи даромади 2019 йилда 84,5 триллион АҚШ долларни, шу жумладан 20,6 АҚШ доллари (улуши 24,4 фоиз), Хитой Халқ Республикаси 13,1 (улуши 15,6%), Германия 3,9 (4,6%), Буюк Британия 2,8 (3,3%), Россия ва Жанубий Корея 1,5 (1,9%) триллион долларни ташкил этди (1- жадвал ва 1-расм).
Расм -1. Жаҳон иқтисодиёти ва Ўзбекистон билан ҳамкор мамлакатлардаги иқтисодий ўсиш суръатлари динамикаси
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январдаги Ўзбекистон Республикаси Парламентига Мурожаатномаси ҳамда мамлакатимизни 2017 – 2021 йилларда янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишларини амалга ошириш Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажаришга қаратилган жорий йилни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб аталгани ва Давлат дастурининг қабул қилиниши, барқарор иқтисодий ривожланиш, халқ фаровонлигини оширишда муҳим дастурамал бўлиб хизмат қилади.
1 - Жадвал. Жаҳон иқтисодиёти ва Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкор мамлакатлардаги 2018 йилдаги ҳолат
Мамлакатлар | Майдони,минг кв.км | Аҳоли сони (млн. киши) | ЯММ (млрд.дол) | Аҳоли жон бошига даромад (дол ) |
АҚШ | 9831,6 | 327,2 | 20636,3 | 63080 |
Буюк Британия | 243,6 | 68,5 | 2777,4 | 41770 |
Германия | 357,6 | 82,9 | 3905,3 | 47090 |
Россия | 17098,3 | 144,5 | 1501,7 | 10230 |
Хитой ХР | 9562,9 | 1392,7 | 13181,4 | 9460 |
Жанубий Корея | 100,3 | 51,6 | 1580,1 | 30600 |
Қозоғистон | 2724,9 | 18,3 | 147,6 | 8070 |
Ўзбекистон | 447,4 | 33,0 | 66,5 | 2020 |
Қирғизистон | 200,0 | 6,3 | 7,7 | 1220 |
Тожикистон | 141,4 | 9,1 | 9,2 | 1010 |
Туркманистон | 488,1 | 5,9 | 39,4 | 6740 |
Белорусь | 207,6 | 9,5 | 53,8 | 5670 |
Арманистон | 29,7 | 3,0 | 12,5 | 4230 |
Туркия | 785,4 | 82,3 | 858,1 | 10420 |
Жаҳон бўйича | 132025,2 | 7594,3 | 84478,9 | 11124 |
Манба: World Development Indicators. http://wdi.worldbank.org/table/WV.1, 2018
Короновирус пандемиясининг глобал иқтисодиётга ва Ўзбекистоннинг йирик иқтисодий шерик мамлакатларига салбий таъсири
Глобал инқирознинг республикамиз ижтимоий – иқтисодий ривожланишига салбий таъсирларини юмшатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Короновирус пандемияси ва глобал инқироз холатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора - тадбирлар тўғрисида” ва “Корновирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб – қувватлашга доир қўшимча чора - тадбирлар тўғрисида “ ги Фармонлари қабул қилинди ва амалиётда жорий этилмоқда.
Фармонда кўрсатиб ўтилгандек жаҳон миқёсида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда республикамизда инсонларнинг ҳаракатланишига чекловлар киритиш ва корхоналар фаолиятини тўхтатиш орқали мисли кўрилмаган чоралар кўрилмоқда. Глобал иқтисодиёт тизимининг бир қисми бўлган Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам мазкур омиллар таъсир қилмоқда, бу эса ўз навбатида ушбу ҳолатнинг салбий таъсирларини юмшатиш бўйича самарали олдини олувчи чоралар кўришни талаб қилади. Бунда туризм, транспорт, фармацевтика ва тўқимачилик саноати каби республика иқтисодиётининг жадал ривожланаётган тармоқларини қўллаб -қувватлаш ва уларнинг барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
2 –жадвал. Дунёнинг мамлакатларига короновирус пандемиясининг тарқалиши
|
Манба: Johns Hopkins University Center for Systems Science and Engineering. http://coronovirus.jhu.edu/
Рақамлар ва уларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки глобаллашув ва интеграциядан, икки ва кўп томонлама иқтисодий алоқалардан инқирозгача кўп наф кўрган мамлакатлар короновирус пандемиясидан шунчалик кўп зарар кўрмоқдалар. Короновирусга чалинганларнинг сони жиҳатидан дунёда улар пешқадам бўлмоқдалар (2 – жадвал). Жумладан, АҚШ да 2020 йил 20 апрель санасига 740 мингдан ортиқ, Хитойда 82,7 минг, Туркияда 82,2 минг, Россияда 47,1 минг ҳолатда короновирус юқтирганлар қайд этилган. Чунки иқтисодиётнинг салоҳияти, савдо-сотиқ муносабатлар, мамлакатларнинг очиқлик даражаси, товарлар, инвестиция ва туристлар оқими ўзаро контактларининг ошишига ва эпидемиянинг кенг тарқалишига сабаб бўлган. Нисбатан кам тараққий этган ва иқтисодиёти очиқлиги паст бўлган мамлакатлар (масалан Тожикистон ва Туркманистон) пандемия тарқалишидан холи бўлмоқда. Таҳлиллар шуни тақозо қилмоқдаки мамлакатларнинг жаҳон иқтисодиётидаги улуши билан короновирусга чалинганларнинг улуши ўртасида ўзаро корреляцион алоқадорлик ( R = 0,75) бор экан, шунингдек, мамлакатларнинг короновирус пандемиясидан иқтисодий йўқотишлари ҳам эпидемиядан зараланиш улушларига боғлиқ. Қуйидаги жадвалда короновирус пандемияси салбий таъсирида мамлакатларнинг иқтисодий зарарлари ва аҳоли жон бошига даромадларининг қанчалик пасайиши прогноз қилинган.
3- жадвал. Короновирус пандемияси салбий таъсирида иқтисодий зарарлар прогнози
Мамлакатлар | Жами иқтисодий йўқотиш,млрд.$
| Ҳар ойдаги йўқотишлар, млрд. .$ | Ҳар бир аҳолига йўқотиш, $ |
АҚШ | 619,09 | 51,59075 | 1892,08 |
Буюк Британия | 83,32 | 6,9435 | 1216,38 |
Германия | 117,16 | 9,76325 | 1413,26 |
Россия | 45,05 | 3,75425 | 311,77 |
Хитой ХР | 395,44 | 32,9535 | 283,94 |
Жанубий Корея | 47,40 | 3,95025 | 918,66 |
Қозоғистон | 4,43 | 0,369 | 241,97 |
Ўзбекистон | 2,00 | 0,16625 | 60,45 |
Қирғизистон | 0,23 | 0,01925 | 36,67 |
Белорусь | 1,61 | 0,1345 | 169,89 |
Арманистон | 0,38 | 0,03125 | 125,00 |
Туркия | 25,74 | 2,14525 | 312,79 |
Жаҳонда | 2610,00 | 217,5 | 343,68 |
Манба: World Development Indicators. http://wdi.worldbank.org/table/WV.1, 2018 асосида муаллиф ишланмаси
Жадвал маълумотларига назар ташласак аҳоли даромадларининг жон бошига пасайиши АҚШда (1892 дол), кейинчалик Германия (1413), Буюк Британия (1216), Жанубий Корея (918дол), Россия (311) ва Хитой (284дол)га прогноз қилинмоқда. Ўзбекистон Республикасида умумий йўқотиш 2,1 млрд. АҚШ долларида ва жон бошига 60 долларга тенг бўлади. Аҳоли даромадларидаги йўқотишларни қоплаш учун баъзи мамлакатлар пул тарқатишмоқда. Аммо Ўзбекистон Республикаси ҳукумати муқобил қарор қилиб “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати орқали корхона ва жамоат ташкилотлари кам таъминланган оилаларга хайрия тадбирларини ўтказмоқдалар. Корхоналарнинг "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракатида қатнашиши давлат томонидан инқироз йўқотишларини тадбиркорлар зиммасига ташлагани эмас, балки бу ҳаракат айни ялпи талаб тушиб бораётгандаги ҳолатни ўнглашга қаратилган ҳаракатдир. Чунки ялпи таклиф пасайган даврда ялпи таклифни аҳолига пул тарқатиш орқали ошириш инфляцияни оширади ва аҳоли ундан наф кўрмаслиги мумкин. Корхоналарнинг умумхалқ харакатида қатнашиши уларга наф келтиради.
- Биринчидан, корхона товар ёки хизматларини (олдиндан тўпланган захираларини талаб тушиб кетган даврда сотиш учун реклама харажатларини қилиши керак бўларди;
- Иккинчидан, корхонанинг “Саховат ва кўмак” умумхалқ харакатидаги иштироки харидорлар, унинг аҳоли ўртасидаги обрўси ва имиджини оширади;
- Учинчидан, умумхалқ ҳаракатида қатнашиш корхоналар ўртасидаги олдинги шаклланган занжирбанд иқтисодий алоқаларни жонлантиради. Бизнес юритиш фаоллашади ва тўртинчидан маркетиинг харажатлари тежалади, чунки улар келгусида жозибадор (consumer loyalty) истеъмолчилар гуруҳини шакллантиради ва ҳ.к.о
Корновирус пандемияси тугагандан кейинги иқтисодий тикланиш ва ривожланиш
Инқироз давом этаётган даврида миллий иқтисодиётнинг биринчи галдаги вазифалари бозор ишончини тиклаш, нобозор секторини, биринчи навбатда рента муносабатлари таъсир ҳудудини қисқартириш ва рақобатчиликни ривожлантиришдан иборат. Миллий иқтисодиётни энергия-хом ашё йўлидан инновацион йўналишга ўтказиш самарадорлиги аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари, ҳокимият ва бизнес ўртасидаги алоқаларнинг ишонч даражаси билан белгиланади. Шунингдек, корхоналарнинг рақобатбардошлиги ва уларнинг иқтисодий ҳолатига короновирус пандемиясининг таъсирини юмшатиш мақсадида ишлаб чиқариш харажатларини пасайтириш, маҳсулот таннархини арзонлаштириш, трансакцион сарфларни тежаш чора - тадбирлари тавсия этилган.
Молиявий ночор корхоналарга имтиёзли кредит бериш, банкдан олган кредитларини сўндиришга имтиёз яратиш, маҳсулотларнинг энергия ва бошқа хом ашё сиғимини пасайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларини локализация дастурларига киритиш, уларнинг маҳсулотига бўлган ички талабни ошириш тадбирлари белгиланган. Ишлаб чиқаришни янги маҳсулотлар ва фаолиятлар билан кенгайтириш ҳисобига диверсификациялашни амалга ошириш, маҳсулотлар ва хизматлар ассортименти ва сифатини ошириш, улардаги қўшимча қиймат сиғимини ошириш, сотиш каналлари ва бозорларини кенгайтириш, бандликни, ўз – ўзининг бандлигини таъминлаш чора –тадбирлари кенг жорий этилмоқда.
Бу ҳолатлар келгусида мамлакатимиз тез фурсатда инқироз таъсиридан чиқган инқирозгача бўлган холатни тиклаб барқарор ривожланиш троекториясига ўтишига хизмат қилади. Шу хусусида яна бир олимлар ўртасидаги инқироздан кейинги ривожланиш сценариялари мунозорали бўлиб турибди. Айрим олим ва мутахассислар келгусида иқтисодиётларнинг ривожланиши тўғрисида лотинча L- шаклида ( L- shape), U- шаклида ( U –shape) ёки V –шаклида (V-shape) бўлишини прогноз қилишмоқда. Ушбу ҳарфларнинг кўриниши ялпи таклиф эгри чизиғининг шаклини ифодалайди. Бошқача қилиб айтганда миллий иқтисодиётлар ва жаҳон иқтисодиёти олдинги шаклига кириб ривожланиш босқичига ўтади деганидир. Бизнинг таҳлилларимиз шундан далолат берадики ривожланаётган кичик мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон иқтисодиёти 5 ёки 6 ойда иқтисодий йўқотишларни қоплаб бу йилги ЯИМ нинг ўсиш суръати 1,2 – 1,5 фоиз атрофида ва кейинги йили 7,0 - 7,2 фоизга кўтарилади. Жаҳон иқтисодиёти ва ривожланган мамлакатлар (АҚШ, Германия, Туркия, Хитой, Россия) иқтисодиётлари иқтисодиётининг U – шаклда ривожланади, Бошқача қилиб айтганда бу иқтисодиётларга тикланиши ва ривожланиши учун кўпроқ вақт (бир ва бир ярим йил) талаб этилади.
Республикамиз учун короновирус пандемияси таъсиридаги иқтисодий йўқотишларни қоплаш учун бизнингча бу йил 5 ёки 6 ой талаб этилади ва жорий йилда иқтисодий ўсиш пасайиб 1,2 – 1,4 фоиз атрофида бўлиши ва кейинги йили эса қабул қилинган Инқирозга қарши чора тадбирларнинг маҳсули сифатида ўсиш суръати 7,0 атрофида ва ундан юқори бўлади.
Изоҳ қолдириш