“Ички истеъмол бозорини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (135-сон, 15.03.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2021 йилда асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ички ресурслар ҳисобидан таъминлаш даражаси оширилади.
Қарор билан ҳудудлар кесимида асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг прогноз ҳажмлари тасдиқланди.
Шунга кўра, республика бўйича жами 2 449 108 тонна картошка, 227 222 тонна гуруч, 1 584 863 тонна гўшт, 8 124 595 минг дона тухум ишлаб чиқариш белгиланган.
Шунингдек, 78 000 тонна ўсимлик ёғи, 64 000 тонна шакар, 300 000 тонна картошка, 40 000 тонна гўшт импорт асосида келтирилиши назарда тутилган.
Қарор билан озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, уларни ички бозорга тизимли етказиб бериш ҳамда нархларни доимий мониторинг қилиш ва тезкор чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланди.
Республика ишчи гуруҳи раҳбари Бош вазирнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади.
Ҳар йили экиб келинаётган картошка майдонларидан камида 10 фоизга кўп майдонга, жами 87 минг гектардан кам бўлмаган майдонларга картошка экилиши учун уруғлик захираси яратилади.
2021 йилдан тупроқ ва иқлим шароити, сув таъминоти яхши бўлган қулай ҳудудларда 1 гектаргача бўлган майдонларда картошка етиштириш йўлга қўйилади.
Четдан озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари келтириш мақсадлари учун тижорат банклари хўжалик юритувчи субъектларга айланма маблағлар учун белгиланган тартибда кредитлар ажратади.
Изоҳ қолдириш