Reforms.uz электрон платформаси ишга туширилди

Reforms.uz электрон платформаси ишга туширилди

Тошкентда “Ўзбекистон: беш йил давомида амалга оширилган жадал ислоҳотлар” мавзусида халқаро конференция доирасида Reforms.uz ягона электрон платформаси тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳақида тақдимот қилдилар.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев иштирок этди ва нутқ сўзлади. Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари Ш. Адриан, Европа Кенгаши Венеция комиссияси вице-президенти Ф.Дмитров, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ваколатхонаси раҳбари ва бошқалар ҳам сўзга чиқди.

Ислоҳотлар натижалари ҳақидаги рақамлар ва фактлар бўйича батафсил маълумотни энди Reforms.uz ягона электрон платформасидан топиш ва улар билан танишиб чиқиш мумкин. Конференция давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Э.Туляков ушбу меда-маҳсулот тақдимотини ўтказди.

Платформа орқали 2017-2020 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ўзгаришлар билан танишишингиз мумкин.

Шунингдек, ўтган беш йил мобайнида эришилган натижалар қиёсий тарзда — бундан олдинги йиллар, яъни Стратегия ижроси бошланишидан аввалги ҳолат билан таққосланган.

Бюрократияга қарши курашиш натижасида давлат хизматларини олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар сони 2 баравар (167 тадан 79 тагача) қисқартирилди. 4 йил ичида “Ягона дарча” тамойили бўйича кўрсатиладиган хизматлар сони 10 баравар (16 тадан 157 тагача) оширилди.

Суд ҳокимияти мустақиллиги кучайтирилгани ўтган беш йилдаги яна бир муҳим воқеа бўлди. Бу ялпи мажлисда “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш” йўналиши муҳокама этилди.

Бизнес-омбудсманлар институтининг пайдо бўлиши эса тадбиркорлар ҳимоясини мустаҳкамлади.

Қайд этилганидек, “Иқтисодиётни ривожлантириш ва эркинлаштириш” йўналишида амалга оширилган ислоҳотлар кўпчилик солиқлар ставкаларини камайтириш имконини берди. Шунингдек давлат фондларига ажратмалар ва суғурта бадаллари ҳам бекор қилинди, солиқ текширувлари турлари эса 13 тадан 4 тагача қисқартирилди.

2017-2020 йиллар мобайнида республиканинг ташқи савдо айланмаси 1,4 баробар ошди, инфляция даражаси 18,8 фоиздан 11,1 фоизга пасайтирилгани таъкидланди.

Бу даврда ижтимоий соҳа ривожланди. Аҳоли турмуш даражаси ошди, соғлиқни сақлаш тизими мустаҳкамланмоқда.

Мактабгача таълим тизимида катта ўзгаришлар рўй берди. 2016 йилда 5,2 мингта болалар боғчаси фаолият кўрсатган бўлса, 2020 йилда уларнинг сони 18,3 мингтага етди. 2020 йилда мактабгача таълим билан болаларни қамраб олиш даражаси 2016 йилдаги 27,7 фоиздан 61 фоизга ошди.

Олий таълим тизимида ҳам катта натижалар қўлга киритилди. 80 дан ортиқ янги олий ўқув юрти ташкил этилди, хорижий олий ўқув юртларининг 20 га яқин филиали очилди, 10 та хусусий олий ўқув юрти ўз фаолиятини бошлади.

Педагогик ва тиббиёт ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этиш амалиётига барҳам берилди.

Мамлакатда қашшоқликни камайтириш бўйича ҳам фаол иш олиб борилмоқда: унинг даражаси 2000 йилдаги 28 фоиздан 2020 йилда 11 фоизгача пасайди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар касб-ҳунарга ўқитиш, ишга жойлашиш ва молиявий ёрдам шаклида давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 86 та мамлакат фуқаролари учун визасиз режим амал қилмоқда (2016 йилда бу кўрсаткич 9 тани ташкил этган), республика халқаро рейтингларда бир неча поғонага кўтарилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар