2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида Бухоро вилоятида асосий капиталга киритилган инвестициялар 15,8 трлн сўмни ташкил этди.
Вилоятда инвестициялар ўзлаштирилишида кескин дифференциаллик сақланиб қолган. Хусусан, киритилган инвестицияларнинг 59,6 фоизи вилоятнинг 3 та ҳудуди – Ромитан (21,9%), Когон туманлари (18,9%) ва Бухоро шаҳри (18,8%) ҳиссасига тўғри келган. Қоровулбозор (5,4%), Олот (4,5%), Вобкент (4%), Ғиждувон (3,6%), Пешкў (3,4%), Жондор (2,9%), Қоракўл (2,7%), Шофиркон туманлари (1,8%) ва Когон шаҳри (0,9%) туманларида инвестициялар оқимининг пастлиги кузатилган.
Ҳудудларда амалга оширилаётган йирик инвестицион лойиҳалар натижасида асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан Когон (1,8 баравар), Бухоро (1,6 баравар), Қоровулбозор (1,3 баравар), Қоракўл (1,3 баравар) ва Вобкент (1,3 баравар) туманларида ўсиш даражаси қайд этилган. Лекин, биргина Шофиркон (88%), Бухоро ш. (80%), Ромитан (71%), Олот (62%) ва Когон ш. (48%) инвестициялар оқимининг пасайиш тенденцияси кузатилган.
Вилоят бўйича аҳоли жон бошига тўғри келадиган асосий капиталга киритилган инвестициялар 7936,7 минг сўмни (Республика кўрсаткичидан 2591,6 минг сўм кўп), ўсиш кўрсаткичи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,1%ни ташкил қилган ҳолда республика ҳудудлари орасида 4-ўринни эгаллаган.
Туман (шаҳар)лар кесимида жон бошига тўғри келадиган асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми бўйича Қоровулбозор (5,6 баравар), Когон (4,6 баравар), Ромитан (3 баравар), туманларининг кўрсаткичи вилоят кўрсаткичидан юқори бўлган. Қоракўл (3,1 баравар), Жондор (3,1 баравар), Когон ш. (3,6 баравар), Ғиждувон (4,3 баравар) ва Шофиркон (5,2 баравар) туманлари кўрсаткичининг вилоят кўрсаткичига нисбатан пастлиги қайд этилган.
Жон бошига тўғри келадиган асосий воситаларга киритилган инвестициялар ҳажми бўйича ҳам туманлар ўртасида кескин тавофутнинг мавжудлиги кузатилган. Жумладан, энг юқори кўрсаткич қайд қилинган Қоровулбозор туманида жон бошига тўғри келадиган асосий капиталга ўзлаштирилган инвестиция ҳажми Шофиркон туманига нисбатан 29 баравар ва Ғиждувон туманига нисбатан 24 бараварга зиёддир.
Марказлашмаган молиялаштириш манбалари бўйича таҳлил қилганда, ўзлаштирилган инвестицияларнинг 22,2 фоизи корхона маблағлари, 48 фоизи хорижий инвестициялар ва кредитлар, 11,3 фоизи аҳоли маблағлари ва 6,7 фоизи банк кредити ва бошқа қарз маблағлари ҳисобига тўғри келади.
Изоҳ қолдириш