Жорий йилнинг 8-9 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) XVI саммити бўлиб ўтади. Тадбирда Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) мамлакатлар билан савдосини таҳлил қилди.
ИҲТ мамлакатлари Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари қаторига киради.
Ўзбекистоннинг ИҲТ мамлакатлари билан савдо айланмаси жадал ўсиб бормоқда ва ташқи савдо умумий ҳажмининг тўртдан бир қисмини ташкил этади.
2021 йилда Ўзбекистоннинг ИҲТ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 35,1 фоизга ўсиб, 11,2 миллиард долларни ташкил этди.
2022 йилда ўсиш тенденцияси давом этди, товар айирбошлаш кўрсаткичи 10,4 фоизга ўсиб, 12,4 миллиард долларни ташкил этди, Ўзбекистон ташқи савдосидаги ИҲТ улуши 24,7 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, ИҲТ мамлакатларига экспорт 6,3 фоизга ошиб, 5,75 миллиард долларни, импорт эса 14,3 фоизга ошиб, 6,62 миллиард долларни ташкил этди.
2022 йилда Ўзбекистон умумий экспортининг қарийб учдан бир қисми (29,8%) ИҲТ мамлакатларига тўғри келди.
2022 йилда Ўзбекистоннинг ИҲТ мамлакатлари билан товар айирбошлашда энг катта улушини Қозоғистон (37,5%) ва Туркия (26,3%), кейинги ўринларда Қирғизистон (10,2%), Туркманистон (7,5%), Афғонистон (6,1%), Тожикистон (5,5%), Эрон (3,5%), Покистон (1,9%) ва Озарбайжон (1,5%) эгаллади.
2023 йилнинг 9 ойи якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ИҲТ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 9,2 миллиард долларни, ИҲТ мамлакатларининг Ўзбекистон умумий товар айланмасидаги улуши 20,5 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, экспорт 4,2 миллиард долларни, импорт эса 5 миллиард долларни ташкил этди.
ИҲТ мамлакатлар ҳам Ўзбекистоннинг асосий экспорт ҳамкор давлатлари қаторига киради.
Маълумот учун: ИҲТ 1985 йилда ташкил этилган ҳамда Минтақавий ҳамкорлик ва Тараққиёт ташкилотининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади. ИҲТ низоми – 1977 йил март ойида учта таъсисчи давлат - Эрон, Покистон ва Туркия томонидан имзоланган Измир шартномаси асосида ишлайди. 1992 йил бошига қадар ИҲТ доирасидаги ҳамкорлик асосан икки томонлама характерга эга эди. 1992 йилдан бери 7 та янги давлат – Қирғизистон, Озарбайжон, Афғонистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг қўшилиши муносабати билани ташкилот фаолияти сезиларли даражада кучайди. ИҲТнинг расмий тили инглиз тилидир.
2022 йилда ИҲТга аъзо давлатларнинг умумий ташқи савдо айланмаси бир триллион доллардан (тахминан 1,13 трлн.доллар) ошди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш