Инфографика: Ўзбекистоннинг Беларусь билан 9 йиллик савдо-инвестициявий ҳамкорлиги

Инфографика: Ўзбекистоннинг Беларусь билан 9 йиллик савдо-инвестициявий ҳамкорлиги

Ўзбекистоннинг Беларусь билан савдоси

Беларусь ташқи савдо ҳажми бўйича Ўзбекистоннинг асосий 20 та савдо ҳамкори қаторига киради.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланиб, ҳамкорликнинг янги соҳаларини қамраб олмоқда.

2017–2025 йилларда икки томонлама савдонинг умумий ҳажми 5,3 баробарга, яъни 2017 йилдаги $182,4 млндан 2025 йилда $965 млнга ошди.

Ўзбекистоннинг Беларусьга экспорти қарийб 7 баробарга, яъни 2017 йилдаги $27,4 млндан 2025 йилда $186,5 млнга, импорт эса 5 баробарга, яъни 2017 йилдаги $155 млндан 2025 йилда $778,5 млнга ошди.

2025 йилда Ўзбекистоннинг Беларусьга экспорти таркибида саноат товарлари 39,3%, тайёр маҳсулотлар 22,1%, озиқ-овқат маҳсулотлари 18,6%, машиналар ва транспорт ускуналари 5,7%, кимё маҳсулотлари 4,7%, шунингдек, хизматлар 6,5%ни ташкил этди.

Ўтган йили Беларусьдан импорт таркибининг асосий қисмини озиқ-овқат маҳсулотлари 38,1%, ноозиқ-овқат хом ашёси 19,5%, машиналар ва транспорт ускуналари 15,5%, саноат товарлари 11,1%, минерал ёқилғи ва мойлар 3,4%, шунингдек, хизматлар 5,5% ташкил этди.

Беларусьнинг учинчи мамлакатлардан импорти таркиби таҳлили Беларусь бозорига маҳаллий маҳсулотлар етказиб беришни кўпайтириш бўйича ҳали ишга солинмаган экспорт салоҳияти мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, тўқимачилик ва чарм маҳсулотлари, мисдан тайёрланган буюмлар, айрим турдаги электротехника товарлари, мева-сабзавотлар, жумладан, қуритилган мевалар, енгил автомобиллар, маиший кимё воситалари ва бошқа тайёр маҳсулотлар экспортини ошириш имкониятлари мавжуд.

Инвестициявий ҳамкорлик

2017 йилдан буён Беларусь капитали иштирокидаги корхоналар сони қарийб 12 баробарга, яъни 2017 йилдаги 22 тадан 2025 йилда 258 тага ошди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Беларусь капитали иштирокидаги 258 та корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 63 таси қўшма корхона, 195 таси эса 100% хорижий капитал иштирокидаги корхоналардир.

2025 йилда Беларусьдан жалб қилинган инвестициялар ҳажми $76,5 млндан ошди, 2016–2025 йилларда эса инвестицияларнинг умумий ҳажми $170,2 млндан зиёдни ташкил этди.

Беларусь инвестицияларининг асосий йўналишлари тўқимачилик маҳсулотлари, хусусан, тайёр кийим-кечак, чарм ва фармацевтика маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги техникаси, шунингдек, ўсимликчилик ва чорвачилик маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалардан иборат бўлди.

Бундан ташқари, Беларусь ҳудудида Ўзбекистон инвестициялари иштирокидаги 110 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.

Шундай қилиб, мамлакатлар ўртасида ўрнатилган божсиз савдо режими, шунингдек, иқтисодиётда ўзаро бир-бирини тўлдирувчи соҳаларнинг мавжудлиги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ҳамда кооперация алоқаларини янада кенгайтириш учун шароит яратмоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг
Жамоатчилик билан алоқалар сектори
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар