Қизлар таълими ва аёлларнинг иш билан таъминланишига сармоя киритиш иқтисодиётни мустаҳкамлайди ва имкониятлардаги фарқни камайтиради

Қизлар таълими ва аёлларнинг иш билан таъминланишига сармоя киритиш иқтисодиётни мустаҳкамлайди ва имкониятлардаги фарқни камайтиради
Фото: ЮНИСЕФ

Халқаро хотин-қизлар кунида ЮНИCЕФ етакчиликда қизлар ва аёллар учун тенг ҳуқуқли келажакни шакллантириш учун уларнинг таълим олиш, ахборотлардан фойдаланиш, салоҳиятларини ошириш, иш билан таъминлаш соҳаларига сармоя киритишга чақиради.

Бу йилги "Aёллар етакчи лавозимларда: COVID-19 дунёсида тенг келажакка эришиш" мавзуси барча соҳаларда қизлар ва аёлларнинг тенг иштирокини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни назарда тутади.

"Биз бугун етакчи лавозимларда кўраётган аёллар аввал таълим олиш, ресурслардан фойдаланиш ва ишга жойлашиш борасида имкониятларга эга бўлган. Келинг, бугунги кунда ҳам Ўзбекистонда қизлар ва ёш аёллар учун ана шундай имкониятларни яратайлик», - деди ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

Қизлар ва аёллар фаровонлиги борасида анча ютуқларга эришилган бўлса-да, тенг имкониятлар яратиш учун ҳали кўп ишлар қилиниши лозим. Сўнгги далиллар шуни кўрсатадики, Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида таълим олаётган қизлар сони барча талабаларнинг 37 фоизини ташкил этади. Бундан ташқари, иш билан таъминлаш соҳасида ёш аёллар меҳнат бозоридан анча четда. Ўрта таълим мактабини тугатганидан кейин 19-24 ёшдаги ёшларнинг 56% ўқиш, иш ёки касбий тайёргарлик (НЕЕТ) билан қамраб олинмаган. Aёллар учун НЕЕТ даражаси 18 ёшдан ошганидан кейин тез ўсиб боради (1,7% дан 69,0% гача) ва 25-30 ёшли аёллар учун 74,0% га етади, эркаклар учун эса одатда пастроқ (максимал 33,5%) ва улғайган сари камаяди (24,8% гача).

Қизлар ва ёш аёллар Интернет орқали маълумот олишда ҳам тўсиқларга дуч келади. Ҳеч қачон Интернетдан фойдаланмаган 14-30 ёшдаги ёш аёллар сони шу ёшдаги эркакларга нисбатан икки баравар кўп - мос равишда 68,1% ва 34,3%.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, кам таъминланган оилалардаги қизларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва аёллар олий маълумот олиш учун имтиёзли кредитлар олишини қўллаб-қувватлаш муҳим бўлиб, ўрта муддатли истиқболда жамиятлар янада барқарор ва мустаҳкам бўлишига ёрдам беради.

Ўзбекистонда ҳукумат аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш ва ўғил болаларга ҳам, қизларга ҳам ўз салоҳиятларини амалга оширишда тенг имкониятлар яратишда катта саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Шунга қарамай, давлат ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ҳамжамиятлар олий маълумот олиш ва иш билан таъминлаш имкониятларидан тенг фойдаланишни таъминлайдиган платформаларни янада такомиллаштиришлари керак.

Хусусан, ЮНИCЕФ қуйидагиларни амалга оширишга чорлайди:

Ёш аёлларга алоҳида эътибор берган ҳолда ҳаётий, техник, инновацион ва тадбиркорлик кўникмаларга эга бўлишлари учун расмий ва норасмий таълимни кучайтириш.

Хотин-қизларнинг иқтисодий, сиёсий ва жамоат соҳаларидаги фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш.

Қизларни ёш турмушга бериш ва олий маълумот олишга тўсқинлик қилиш сингари салбий ижтимоий меъёрларга барҳам беришга қаратилган кампанияларни ташкил қилиш.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар