Молия вазирлиги даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролардан ипотека кредитларини олиш учун 3 август ҳолатига кўра келиб тушган аризалар тўғрисида маълумот берди.
Ипотека кредитларини субсидиялаш учун жами 21,6 мингта талабнома келиб тушган. Улардан:
- 3848 таси маъқулланган;
- 10198 таси рад этилган;
- 2400 таси кўриб чиқилмоқда.
Шу билан бирга, 14 127 та субсидия ажратилган бўлиб, улардан 276 таси бошланғич бадал учун 7,2 млрд. сўм миқдорида тўлаб берилган.
Шунингдек, “Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра, субсидия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида комиссиянинг QR-код қўйилган қарори қабул қилинади ва тегишли туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказига хабарнома юборилади.
Мазкур Низомнинг 7-бандига асосан ариза берувчи тақдим этилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар асосида ижтимоий мезонларга мос келишини аниқлаш ва баҳолаш қуйидаги масъул ташкилотларнинг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан амалга оширилади:
- Тиббиёт бирлашмаси;
- Ички ишлар бўлими (бошқармаси);
- Молия бўлими;
- Давлат солиқ инспекцияси;
- Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази;
- Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси;
- Туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари;
- Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман (шаҳар) кенгашлари;
- Туман (шаҳар) ҳокимлиги;
- Иштирок этувчи тижорат банклари.
Якуний қарор комиссия томонидан чиқарилади.
Хабарнома Давлат хизматлари маркази томонидан бир иш кунида ариза берувчига юборилади.
Эслатиб ўтамиз, Ипотека кредитлари бўйича субсидия бериш тартиби тўғрисида аввалроқ маълумот берган эдик. Низомга кўра, ариза берувчи субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари (ДХМ)га ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП)да давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
Маълумот учун, Бошланғич бадал учун субсидия шаҳарларда сотиб олинадиган квартира қийматининг камида 20 фоизи, қишлоқ жойларда эса камида 10 фоизини ташкил этади. Тақдим этиладиган субсидиялар бир оилага (оила аъзоларининг биттасига) фақат 1 марта берилади.
Изоҳ қолдириш