Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тармоқ идоралари ва ҳокимликлар билан биргаликда 2024 йил 1-ярим йиллик учун тақдимотлар режасини ишлаб чиқди.
Ушбу режага мувофиқ Марказ ходимлари Сунатилла Зикриллаев ва Латофат Бўриева 29 февраль куни Бухоро шаҳрида “Аҳоли ва жамоатчилик кайфияти ва муаммолари билан ишлашда коммуникация қилиш” мавзусида танланган ҳудудлар тармоқ идоралари ва ҳокимликлар вакилларига семинар-тренинг ўтди.
Тренингда Марказ бош илмий ходими С.Зикриллаев тренинг мақсадлари ва аҳоли кайфияти ва уни ўлчаш методлари, индексларни ҳисоблаш, ҳудудлар кесимида индекслар натижалари, аҳоли кайфияти индекси ва аҳоли фаровонлиги индекси ҳақида маъруза қилди.
“Аҳоли ва жамоатчилик кайфияти иқтисодий сиёсат юритишда муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Дунёнинг етакчи мамлакатларида аҳоли кайфиятини ўлчаш учун турли хил методологиялардан фойдаланилади. Халқаро тажрибада аҳоли кайфиятини ўлчовчи бир неча индекслар мавжуд бўлиб, ҳар хил методолигиялар асосида юритилади. Россияда Левада маркази олиб борадиган “Social Sentiment Index”, Хитойда PORI (Public Opinion Research Institute) олиб борадиган “Public Sentiment Index”, АҚШнинг Мичиган Университетининг “Consumer Sentiment Index”сининг суб-индекси, “Conference Board” томонидан юритиладиган “Consumer Confidence Index”лари мисол бўла олади.
Аҳоли кайфияти индекси ҳар бир ҳудудда 16 ёш ва ундан катта ёшдаги 1200-1300 нафар аҳолини қамраб олган уй хўжаликларининг ҳар чоракда телефон орқали ўтказилган сўровлари натижаларига кўра ҳисоблаб чиқилади”, деди Сунатилла Зикриллаев.
Маъруза сўнггида иштирокчилар ўзаро мунозара ва муҳокама олиб боришди.
Тренинг иккинчи қисмида Марказ етакчи илмий ходим Латофат Буриева “Ҳудудларда аҳоли ва жамоатчилик кайфиятини ўрганишда сифатли коммуникацияни йўлга қўйиш”.бўйича маъруза қилди.
Халқаро тажрибанинг кўрсатишича, ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида аҳоли томонидан томонидан келиб чиққан тушунмовчиликлар билан боғлиқ вазиятни уюшган коммуникация механизмлари, мулоқот майдончалари, мунтазам жамоатчилик фикрини ўрганиш, ижтимоий кайфиятни аниқлаш ва ҳоказолар орқали бартараф этиш мумкин.
“Аҳоли эҳтиёжларини аввало тушуниш, уларнинг талабларига ўз вақтида жавоб бера олиш ва жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (ҳокимликлар) ва аҳоли ўртасида самарали икки томонлама алоқани йўлга қўйиш жоиз.
Ижтимоий сўровлар ва жамоатчилик фикрини ўрганиш натижалари аҳолининг кайфияти ва талабларини аниқлаш, шунингдек, келажак кутилмаларини аниқлаш орқали жамиятдаги тенденцияларни прогноз қилишда барометр ролини бажаради. Бундай маълумотлар тизимлаштирилган бўлиши, маҳаллий ҳокимият органларининг эса ундан фойдаланиш имконияти бўлиши керак.
Муаммоли вазиятни ҳал қилиш даражаси ҳокимлик ва жамоатчилик ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг ўрнатилган механизмларига боғлиқ.
Юқори сифатли коммуникация тизимини ташкил этиш қарорлар қабул қилиш жараёнининг самарадорлигига катта таъсир кўрсатади”, деди Латофат Буриева.
Тренингда ҳар битта мавзу бўйича иштирокчилар ўртасида муҳокамалар бўлиб, фикр алмашилди.
Изоҳ қолдириш