"Қишлоқ қурилиш банк" Бухоро вилоятига пресс-тур уюштирди

Акциядорлик-тижорат "Қишлоқ қурилиш банк" ўз фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аҳолига кенгроқ маълумот етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари билан тизимли ҳамкорликни амалга оширмоқда. Яқинда банк томонидан журналистлар учун Бухоро вилоятига пресс-тур ташкил қилинди. Унда республикамиздаги энг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Вилоятда айни вақтда "Қишлоқ қурилиш банк"нинг Бухоро минтақавий филиали, Когон ва Галаосиё филиаллари, Когон, Қоракўл, Жондор, Шофиркон, Ғиждувон минибанклари фаолият кўрсатмоқда. Улар орқали 74214 нафар мижозга хизматлар кўрсатилмоқда. Журналистлар учун Бухоро минтақавий филиалида ташкил қилинган тақдимот тадбирида банк тузилмалари эришаётган иқтисодий кўрсаткичлар ҳақида маълумот берилди. Унда хизматлар кўлами ва банк мижозлари сони муттасил кенгайиб бораётгани қайд этилди. Пресс-тур иштирокчилари Бухоро вилоятида банк молиявий кўмагида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар билан танишдилар. Хусусан, "Қоровулбозор нур обод" МЧЖ томонидан Қоровулбозор туманида 9 гектар ҳудудда барпо этилган замонавий иссиқхонага, "Когон меҳнат роҳат" ХК томонидан қурилган истироҳат боғи ва кўнгилочар-ҳордиқ чиқариш мажмуасига, "Burda Lyuks Tekstil" ХКнинг текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехига, "City Med Buxoro" МЧЖ ташкил қилган тиббий-диагностика ва даволаш марказига, "Вuxoro Komfort Plast" МЧЖда пластик қувурлар ва пластик фитинглар ишлаб чиқариш цехига, "Panorama" меҳмонхонасига сафарлар уюштирилди. "Қишлоқ қурилиш банк" молиявий кўмагида татбиқ этилаётган бизнес лойиҳалар журналистларда катта қизиқиш уйғотди. Лойиҳа ташаббускори бўлган тадбиркорлар банк сармояси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, замонавий технология ва ускуналар сотиб олиш, экспортбоп ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва янги иш ўринлари яратилишида муҳим ўрин тутганлигини билдирдилар. Пресс-тур доирасида банкнинг Галаосиё филиали янги биноси фойдаланишга топширилди. Журналистлар филиалда мижозлар учун яратилган шароитлар ва қулайликлар билан танишдилар ва мижозлар билан суҳбатлашдилар. Бундай пресс-турлар республиканинг бошқа ҳудудларига ҳам уюштирилиши режалаштирилган. Банк ахборот хизмати
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар