Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2020 йил 21 июль ҳолатига кўра аҳолининг истеъмол саватчасидаги озиқ-овқат нархлари индексини ишлаб чиқилди.
Маълумот учун: индекс гўшт ва сут маҳсулотлари (мол гўшти, қўй гўшти, парранда гўшти, сут, тухум), сабзавотлар (пиёз, карам, помидор, сабзи, бодринг, картошка), мевалар (олма, нок), полиз маҳсулотлари (тарвуз, қовун, қовоқ, узум), дуккакли экинлар (нўхат, ловия, мош), гуруч, ун, макарон, сабзавот, сариёғ ва шакар каби асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини ҳисобга олган ҳолда ҳисобланди.
Ягона индексни тузишда, мамлакат аҳолисининг истеъмол одатларини тавсифловчи оғирликлар қўлланилди (яъни, аҳоли ўртасида ушбу маҳсулот қанча кўп истеъмол қилинса, унинг оғирлиги шунча юқори бўлади).
Натижада қуйидагилар аниқланди:
2020 йил 21 июл ҳолатига озиқ-овқат нархлари индекси республикада ўтган ҳафтага нисбатан +0.43% ташкил этди.
Маълумот учун: бу ҳафта асосан, сабзавотларнинг ўртача нархларида ўсиш кузатилди. Мисол учун, карамнинг ўртача нархи (1кг) 7,45 фоизга ошди ва 1399 сўмни ташкил этди. Сабзининг ўртача нархи (1кг) қарийб 5 фоизга ошиб, 2364 сўмни, пиёзнинг ўртача нархи (1кг) 2,42 фоизга ошиб 1734 сўмни ташкил этди. Помидор, картошка, ловия ва макарон каби маҳсулотларнинг ўртача нархи олдинги ҳафтага нисбатан 1% га ошди. Гўшт ва сут маҳсулотлари орасида қўй гўштининг ўртача нархи (1кг) 54292 сўмни ёки +0.69% ташкил этди, (1-жадвал)
1-жадвал. 14 июль ҳолатига Ўзбекистон Республикасида озиқ-овқат маҳсулотларининг ўтган ҳафтага нисбатан фоизда ўсиши ёки пасайиши, (%)
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика хизмати тезкор маълумотлари асосида муаллиф ҳисоб-китоблари
Шунингдек, мавсумий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари кескин пасайгани кузатилди.
Маълумот учун: қовоқнинг ўртача нарҳи (1кг) -9.4 фоизга пасайиб, 3232 сўмни ташкил этди. Бундан ташқари, қовун (1кг) ва тарвуз (1кг) нинг ўртача нархи пасайиб, мос равишда 3112 сўм (-6.9%) ва 1555 сўмни (-4.5%) ташкил этди. Нокнинг ўртача нархи (1кг) -1.2% тушиб, 14672 сўмни ташкил этди. 1-жадвалга биноан, бодринг (-0,7%), олма (-0,3%) ва буғдой уни (-0,1%) каби маҳсулотлар нархларининг бир оз пасайиши кузатилди. Ўтган ҳафта билан таққослаганда, нўхат (10070 сўм), сариёғ (49567 сўм), парранда гўшти (21147 сўм), ва сут (5377 сўм) каби маҳсулотларнинг ўртача нархи деярли ўзгаришсиз қолди, (1-жадвал).
Ҳудудлар бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари пасайиши фақат Сурхандарё вилоятида кузатилди ва нархлар индекси ўтган ҳафтага нисбатан -0,14% ни ташкил этди.
Бошқа ҳудудларда нархлар индексининг ўсиши кузатилди. Хусусан, Хоразм вилоятида, нархлар индекси +2,62% ни ташкил этди, бу эса озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари ошганлигидан далолат беради. Қашқадарё вилоятида озиқ-овқат нархларининг индекси +1,14% ташкил этди. Навоий ва Фарғона вилоятларида, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасида 21 июль ҳолатига, индекс мос равишда +0,78%, +0,55% ва 0,50% ни ташкил этди.
Андижон вилоятида озиқ-овқат нархларининг индекси ўзгаришсиз қолди, бу эса ўз навбатида озиқ-овқат нархларининг олдинги ҳафтага нисбатан барқарорлигидан далолат беради. Худди шундай хулосани Тошкент шаҳри ва вилоятидаги озиқ-овқат нархлари бўйича таъкидлаш мумкин.
Изоҳ қолдириш