Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2020 йил 14 июль ҳолатига кўра аҳолининг истеъмол саватчасидаги озиқ-овқат нархлари индексини ишлаб чиқилди.
Маълумот учун: индекс гўшт ва сут маҳсулотлари (мол гўшти, қўй гўшти, парранда гўшти, сут, тухум), сабзавотлар (пиёз, карам, помидор, сабзи, бодринг, картошка), мевалар (олма, нок), полиз маҳсулотлари (тарвуз, қовун, қовоқ, узум), дуккакли экинлар (нўхат, ловия, мош), гуруч, ун, макарон, сабзавот, сариёғ ва шакар каби асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини ҳисобга олган ҳолда ҳисобланди.
Ягона индексни тузишда, мамлакат аҳолисининг истеъмол одатларини тавсифловчи оғирликлар қўлланилди (яъни, аҳоли ўртасида ушбу маҳсулот қанча кўп истеъмол қилинса, унинг оғирлиги шунча юқори бўлади).
Натижада қуйидагилар аниқланди:
2020 йил 14 июл ҳолатига озиқ-овқат нархлари индекси республикада ўтган ҳафтага нисбатан +0.44% ташкил этди.
Маълумот учун: ўртача нархларнинг ўтган ҳафтага нисбатан ўсиши карам (+ 12,82%) нархида кузатилди ва 1 кг учун 1302 сўмни ташкил этди. Бундан ташқари, ошқовоқ (1 кг) 10,05% га ошди ва нархи 3569 сўмни ташкил этди. Пиёз (+ 6,2%), сабзи (+ 4,15%), бодринг (2,8%) каби маҳсулотларнинг ҳам нархларида ўсиши кузатилди. Мол гўштининг нархи 22 фоизга ошди ва 1 кг учун 51 968 сўмни ташкил этди. Тухум 0,52 фоизга қимматлади ва унинг нархи (ҳар ўнтаси) 8444 сўмни ташкил этди. Ўтган ҳафта билан таққослаганда қўй гўшти (1 кг), парранда гўшти (1 кг) ва балиқ (1 кг) нархларининг ўзгариши аҳамиятсиз бўлиб, мос равишда 53744 сўм, 21144 сўм ва 22584 сўм (1-жадвал).
1-жадвал. 14 июль ҳолатига Ўзбекистон Республикасида озиқ-овқат маҳсулотларининг ўтган ҳафтага нисбатан фоизда ўсиши ёки пасайиши, (%)
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика хизмати тезкор маълумотлари асосида муаллиф ҳисоб-китоблари
Шунингдек, мавсумий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари кескин пасайгани кузатилди.
Маълумот учун: тарвузнинг нархи (1 кг) -7,5% га тушиб, 1628 сўмни ташкил этди. Қовун (1 кг) ва нок (1 кг) ўтган ҳафта билан таққослаганда 2% га арзонлашди ва нархи мос равишда 3344 сўм ва 14842 сўмни ташкил қилди. Олма нархи (1 кг) -1,5 фоизга тушиб, 9151 сўмни ташкил этди. Сут нархларида бир оз пасайиш кузатилди ва бир литри учун 5376 сўмни ташкил этди.
Ўтган ҳафта билан таққослаганда сариёг ъ, ўсимлик мойи ва буғдой унининг ўртача нархи ўзгармади (1-жадвал).
Ҳудудлар бўйича нархлар индексининг сезиларли ўсиши Қашқадарё вилоятида (+ 1,82%), Aндижон вилоятида (+ 1,28%), ва Сирдарё вилоятларида (+ 1,15%) кузатилди. Наманган вилояти ва Тошкент шаҳрида ушбу кўрсаткич мос равишда 0,77% ва 0,73% ни ташкил этди. Бошқа вилоятларда маҳсулот нархининг ўсиши ва шу сабабли индекснинг ўзгариши сезиларсиз бўлди.
Тошкент вилоятида нархлар индекси -0,81% ни ташкил этди, бу эса ушбу ҳудудда озиқ-овқат нархларининг 0,81% га пасайганлигидан далолат беради. Бухоро ва Навоий вилоятларида нархлар индексининг мос равишда -0.46% ва -0.16% га пасайиши кузатилди.
Изоҳ қолдириш