ИТСВ Фарғонада етиштирилган помидор ва қалампирнинг Россияга олиб кирилиши таъқиқланиши юзасидан изоҳ берди

ИТСВ Фарғонада етиштирилган помидор ва қалампирнинг Россияга олиб кирилиши таъқиқланиши юзасидан изоҳ берди

Россия Федерацияси ветеринария ва фитосанитария назорати Федерал хизмати (Россельхознадзор) томонидан Фарғона вилоятидан помидор ва қалампир импортига тақиқ жорий этилгани ҳақида оммавий ахборот воситаларида маълумотлар эълон қилингани муносабати билан, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги изоҳ берди.

Ҳозирги вақтда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ва Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси билан биргаликда Россельхознадзор билан мазкур масала бўйича маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда.

Россия томонига кўра, Фарғона вилоятидан помидорларнинг алоҳида партиясида помидор мевасининг жигарранг тиришиқи вируси (Tomato brown rugose fruit virus (ToBRFV) аниқланганлиги сабабли чекловлар жорий этилган.

Шу билан бирга, ToBRFV ўсимликлар вирусининг янги штамми бўлгани учун Ўзбекистон ҳудудида илгари аниқланмаган. ЕОИИ мамлакатларида ҳам ушбу вирусга нисбатан тақиқ мавжуд эмас – Евросиё Иқтисодий комиссияси Кенгашининг 2016 йил 30 ноябрдаги №158-сонли Қарори билан тасдиқланган карантин объектларининг ягона рўйхатига ToBRFV киритилмаган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ташаббуси билан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларда шу каби вируслар пайдо бўлишининг олдини олиш бўйича тезкор равишда чора-тадбирлар Комплекси ишлаб чиқилмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Россельхознадзор томонидан жорий этилган тақиқлар Ўзбекистоннинг барча ишлаб чиқарувчиларига нисбатан қўлланилмайди ва фақат Фарғона вилоятидан келтирилган маҳсулотларга тегишлидир.

Россия томони билан маслаҳатлашувлар давом этмоқда. Тақиқларни яқин вақтларда бекор қилиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар