Жаҳон банки: Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот ўсишда давом этадиган минтақадаги ягона давлат

Жаҳон банки: Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот ўсишда давом этадиган минтақадаги ягона давлат

Жаҳон банки жаҳон иқтисодиёти бўйича янги прогнозларини эълон қилди. Унга кўра, дунё иқтисодиёти 2020 йилда рекорд даражада — 5,2 фоизга пасаяди. Прогнозларга кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти жорий йилда 1,5 фоиз, 2021 йилда эса 6,6 фоизга ўсади.

COVID-19 пандемияси хом ашё маҳсулотлари нархининг тушиб кетиши, глобал ва минтақавий қиймат занжирида узилишлар пайдо бўлишига олиб келгани Европа ва Марказий Осиё мамлакатларига салбий таъсир кўрсатди.

Минтақа мамлакатларида коронавирус тарқалишининг кенгайиши ички талабнинг қисқаришини кучайтирди, таъминотдаги узилишларни чуқурлаштирди ва иқтисодий фаолиятнинг катта қисми тўхташига олиб келди.

Валюталарнинг нисбий заифлиги қарз харажатлари ошишига ва экспортнинг кескин пасайиши тўловлар балансидаги зўриқиш кучайишига олиб келди.

Ушбу инқирозга жавобан, минтақадаги кўплаб мамлакатларнинг марказий банклари пул-кредит тизимини қўллаб-қувватламоқда, ҳукуматлар ўз мамлакатларининг валюталарини барқарорлаштириш ва ўзгарувчанликни камайтириш мақсадида валюта бозорларига кириб бормоқда.

Гарчи кўп мамлакатларда молиявий имкониятлар чекланган бўлса-да, бошқарув органлари мавжуд захиралардан фойдаланмоқда ёки соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва молиявий бозордаги таназзулларни бартараф қилиш учун сарф-харажатларни устувор ўринга қўймоқда. Қатор давлатлар молиявий қўллаб-қувватлов чоралари тўғрисида эълон қилди, аммо соғлиқни сақлаш тизимининг имкониятлари чекланганлиги сабабли кўплаб мамлакатларнинг иқтисодиёти пандемияга яхши тайёрланмаганлиги маълум бўлди.

Минтақа иқтисодиёти 4,7 фоизга пасайиши кутилмоқда, рецессия деярли барча мамлакатларга таъсир қилади. Ушбу прогноз йилнинг иккинчи ярми бошида ҳукуматлар томонидан жорий этилган чеклов чораларини босқичма-босқич бекор қилишига асосланган. Пандемия таъсирини босқичма-босқич юмшатиш ва савдо ва инвестицияларни тиклашни ўз ичига олган сценарийга кўра, Европа ва Марказий Осиё иқтисодиёти 2021 йилда тикланиб, 3,6 фоиз ўсиш кутилмоқда.

Минтақа иқтисодиёти савдо ва молиявий оқимлар, жумладан пул ўтказмалари учун очиқлиги билан ажралиб туради ва шу боис глобал инқирозларнинг ножўя таъсири олдида ҳимоясиздир. Бундан ташқари, минтақанинг энергия манбаларини экспорт қилувчи мамлакатлар, шунингдек, Россия, Қозоғистон ва Озарбайжон иқтисодиётига нефть нархларининг паст даражада сақланиб туриши таъсир қилиши кутилмоқда.

Коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида хусусий истеъмол ва сармоялар тўхтайди, натижада Марказий Осиёда иқтисодий фаоллик 2020 йилда 1,7 фоизга пасайиши кутилмоқда.

Евро ҳудуди ёки Россия билан савдо ва молиявий алоқалар, жумладан пул ўтказмалари орқали чамбарчас боғлиқ мамлакатлар бундан энг кўп жабрланади.

Минтақа мамлакатларида инфекциянинг келгусида ҳам тарқалиши ва бу борада чекловчи чораларнинг қабул қилиниши истеъмол ва инвестицияларга янада катта юкни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, пул ўтказмаларининг кескин қисқариши минтақа иқтисодиёти пасайишини кучайтириши мумкин. Узоқ давом этадиган турғунлик минтақадаги молиявий секторга салбий таъсир кўрсатиши ва молиявий беқарорлик хавфини ошириши мумкин.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар