Ўзбекистонда автомобилларга бўлган талаб қандай ўзгарди

Ўзбекистонда автомобилларга бўлган талаб қандай ўзгарди

Автомобил бозори

2021 йилнинг июнь ойида автомобил бозорида аҳолининг талаби жорий йилнинг май ойига нисбатан 13,7%га ошиб, мўътадил ўсишни кўрсатди.

Автомобиллар савдосининг ўсиши 2020 йилнинг июнь ойига нисбатан 12,9 фоизни, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан эса 29,6 фоизни ташкил этди.

1-расм. 2021 йил июнь ойида рўйхатга олинган ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони ўзгариши индекси

Ҳисобот даврида рўйхатга олинган ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони барча вилоятларда (Сирдарё вилоятидан ташқари) юқори суръатларда ошди. Энг юқори ўсиш суръатлари Наманган (22,6%), Навоий (20,9%), Самарқанд (18,8%), Фарғона (16,2%) ва Тошкент (16,4%) вилоятларида қайд этилди.

2-расм. 2021 йил январь-май ойларида автомобил кредитлари ва автомобилларга бўлган талаб ўртасидаги боғлиқлик

Изоҳ: Шарчалар ҳажми автокредитлар сонини кўрсатади

Таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, автокредитлар ҳажми ва автомобилларга бўлган талаб ўртасида сезиларли даражада боғлиқлик мавжуд. Автокредитлар ҳажмининг 10%га ошиши рўйхатга олинган ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сонининг 4% га ошишига олиб келади.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг январь-май ойларида республика бўйича аҳолига 2,67 трлн. сўмлик автокредитлар берилди. Бу эса 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 40,5%га кўпроқдир. Энг юқори ўсиш суръатлари Тошкент шаҳрида (ўсиш - 104,2%га ёки 1,1 трлн. сўм), Хоразм (66,5% га ёки 155,7 млрд. сўм), Бухоро (49,8% га ёки 152,2 млрд. сўм), Андижон (42,7% га ёки 95,2 млрд. сўм) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (56,3% га ёки 173 млрд. сўм) кузатилди.

2021 йилнинг июнь ойида 18,9 мингта янги автомобил рўйхатга олинди. Улардан 1171 таси (6,2%) чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллардир.

Чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар энг кўп сотилган ҳудудлар Тошкент шаҳри (янги автомобилларнинг 11,8%), Тошкент (5,7%), Самарқанд (3%) ва Хоразм (2,4%) вилоятлари бўлди.

3-расм. 2021 йилнинг январь-июнь ойларида маҳаллий ва чет элда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси улуши

Ўтган йилда Ўзбекистон автомобил бозори талаб ошгани инобатга олинса, коронавирус таъсирини минимал деб ҳисоблаш мумкин. Республикада карантиннинг энг оғир босқичи апрель ойига тўғри келди ва автотранспорт воситалари савдосининг 73,8% га пасайишига олиб келди, бироқ июнь ойида автосалонлар яна иш бошлади ва йилнинг иккинчи ярмида бозорда ўсиш кузатилди.

Яримўтказгичларнинг (замонавий машиналарда жуда мураккаб электроникани бошқариш учун ишлатиладиган компьютер чиплар) тақчиллиги автомобилларни етказиб беришни секинлаштириб, кутиш вақтларини кўпайтирар экан, деярли ҳар бир авто бренд янги автомобилларни етказиб бериш учун курашишда давом этмоқда. Кўплаб харидорлар аллақачон буюртма беришган ва ҳозирда автомобилларининг етказиб берилишини кутишмоқда.

Кўплаб дилерлар яқин ойларда етказиб берилиши керак бўлган катта миқдордаги буюртмаларга эга, бу эса йилнинг иккинчи ярмида автомобиллар савдоси ўсиши мумкинлигини кўрсатади.

* Кўчмас мулк ва автомобил бозорларининг батафсил таҳлили Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига сўровга биноан тақдим этилиши мумкин.

Халилуллоҳ Ҳамидов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Бош илмий ходими

тел: (78) 150-02-02


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар