Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида ишбилармонлик фаоллиги таҳлили ҳар ойда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан тезкор маълумотлар асосида (республиканинг барча соҳалари бўйича ўтказилган мониторинг, Давлат божхона қўмитаси, ДСҚ, МБ ва ЎзРХТБ) ҳисоблаб чиқилади.
Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, йил давомида республика солиқ тушумлари ҳажми 16,0%га ошган. Жумладан, Жиззах (34,3%), Самарқанд (34,0%), Фарғона (33,4%), Сирдарё (30,9%), Бухоро (30,8%) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикасида (33,2) ва Тошкент шаҳрида (38,1%) солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлиларига кўра, 2022 йилда солиқ тушумларининг ўсишига: электрон ҳисоб-фактура, онлайн касса, «Cashback», «E-ijara», «Солиқчи кўмакчи», «tax.gap» каби янги рақамли воситаларни, товарларни рақамли маркалаш, миллий каталог (tasnif.soliq.uz) ва бошқалар жорий этиш ҳисобига эришилди.
Манбалар бўйича айланма солиғи тушумлари 152 фоизга, ҚҚС 128 фоизга, даромад солиғи тушумлари 157 фоизга ошгани жорий йилнинг охиригача ушбу ўсиш даражасини сақлаб қолиш имконини берди.
Таҳлил қилинаётган даврда божхона тўловлари бўйича тушумлар 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 38,5%га ошди. Божхона тушумларининг энг катта ўсиши Андижон (63,7%), Жиззах (49,5%), Сирдарё (44,6%), Фарғона (42,5%) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси (39,4%) ва Тошкент шаҳрида (41,7%) кузатилди.
Натижага кўра, соҳани рақамлаштириш йўналишида ҳисобот даврида 7 та ахборот тизими ва 4 та интерактив хизмати амалиётга жорий этилди.
Жумладан, божхона органлари фаолиятида коррупциявий омилларни минималлаштиришга қаратилган “Коррупциявий хавфларни бошқариш” ахборот тизими ҳамда товарларни “чегара - расмийлаштирув постлари” занжири асосида назорат қилишнинг ягона тизимини йўлга қўйишга қаратилган “Божхона ва юк операциялари” ахборот тизими ишга туширилди.
Шунингдек, декларацияловчи шахслар томонидан ҳужжатларни такроран тақдим этиш амалиётини бекор қилиб, ушбу ҳужжатларни электрон жамлашга қаратилган “Е-Архив” ахборот тизими ҳамда экспорт мева-сабзавот маҳсулотлари ортилган автотранспортларни давлат чегарасидан тезкор ўтишини ташкил этишга қаратилган “E-Navbat” интерактив хизмати жорий қилинди.
Юк декларацияларини инсон омилисиз автоматик расмийлаштириш ҳажми 1,4 фоиздан 39 фоизга етказилиб, бу кўрсаткич экспортда 35 фоизни ташкил қилди.
Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йил бошидан 31 декабрга қадар товарлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21,1%га ошган. Экспортнинг сезиларли ўсиши Сирдарё (42,8%), Андижон (36,4%), Самарқанд (23,0%), Наманган (22,7%), Қашқадарё (22,3%) вилоятларида ва Тошкент (47,5%) шаҳарида кузатилди.
Ўзбекистон экспортининг ўсиши саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимёвий моддалар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари ошгани билан изоҳланади.
Экспортнинг камайиши Сурхондарё (-23,3%), Бухоро (-2,1%), Жиззах (-1,1%) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (-13,6%) кузатилди.
Сурхондарё вилоятида экспорт ҳажмининг қисқариши мева-сабзавот маҳсулотлари (ловия, помидор, мош, пиёз) ва ип-калава экспорти, Бухоро вилоятида эса пахта толасининг ички бозорга йўналтирилиши камайиши билан боғлиқ. Жиззах вилоятида ип-калава, Тошкент вилоятида мис, Қорақалпоғистон Республикасида - пластмасса, фармацевтика маҳсулотлари ва ип-калава экспорти қисқарди.
Жорий йилнинг 1 январидан 31 декабригача бўлган даврда тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,3%га ошди.
Кредитлар бериш ҳажми Фарғона (28,7%), Хоразм (22,2%), Самарқанд (20,3%), Тошкент (12,0%) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси (13,9%) ва Тошкент (14,6%) шаҳарида сезиларли даражада ошгани қайд этилди.
Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасида амалга оширилган битимлар ҳажми 35,7%га ўсди. Биржа фаолиятининг сезиларли ўсиши Хоразм (52,1%), Самарқанд (46,9%), Навоий (46,7%), Жиззах (37,9%) вилоятларида ва Тошкент (41,6%) шаҳрида кузатилди.
Ушбу ҳудудларда тузилган битимлар ҳажмининг ўсиши минерал ўғитлар, техник чигит, автомобил бензини, дизел ёқилғиси, қурилиш ва хўжалик материаллари, ўсимлик ёғи, буғдой уни, буғдой, шакар, пахта толаси, қора ва рангли металлар, полиэтилен, полипропилен, этил спирти ва бошқа маҳсулотлар савдосининг кўпайиши ҳисобидан эришилган.
Таҳлил қилинаётган даврда 87 613 та янги хўжалик юритувчи субъектлар ташкил этилиб, уларнинг энг кўпи Самарқанд (9 724), Фарғона (8 664), Қашқадарё (8 150), Тошкент (6 771), Хоразм (5 439) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (15 441) рўйхатга олинган.
Изоҳ қолдириш