Келажак иқтисодиётига қандай мослашиш мумкин?

Келажак иқтисодиётига қандай мослашиш мумкин?

“Ўсиб бораётган кадр етишмовчилиги ва “кадрлар бўшлиғи” деб номланган муаммо бугунги кунда дунё меҳнат бозорида кун тартибида турган асосий бандлардан бири ҳисобланади. Олий ўқув юртларини тамомлаганлар ва ўз ишларини устасига айланган мутахассислар ўз ихтисосликлари бўйича иш тополмаётган бўлсалар, иш берувчилар эса, асосий лавозимларга мутахассислар топиш учун йиллар йўқотадилар. Бу ҳолат кеча юзага келгани йўқ. Янги технологиялар, сунъий ақл-идрок ва роботлар – буларнинг ҳаммаси миллионлаб инсонларни ишсиз қолдириб ва кадрлар бўшлиғини муаммосини янада мураккаблаштирган ҳолда меҳнат бозорини тубдан ўзгартиради.

Кадрлар тайёрлашнинг мавжуд тизими бу ўзгаришларга мослашишга улгурмаяпти ва бизнеснинг янги шакл-шамойилдаги кадрларга тобора ўсиб бораётган эҳтиёжини таъминлашга қодир эмас. Натижада кадрлар бўшлиғи иқтисодиётнинг барча тармоқлари, бутун мамлакатлар ва қолаверса, деярли турли шаклдаги бизнесларга муҳим даражада таъсир этади” дейди “Росатом” Давлат корпорациясининг Бош директори Алексей Лихачев.

Ходимларни ишга олишда асосий муаммо нимада?

Бу муаммо Ўзбекистоннинг замонавий иқтисодиётига бевосита боғлиқ. HRC ва ERGO Research and Advisory тадқиқот фирмаларининг 2019 йил июнида республикада фаолият юритаётган 100 дан зиёд компаниялар иштирокида ўтказган сўров натижаларига кўра, мазкур фирмаларнинг 67 фоизи ходимларни ишга олишда муайян қийинчиликларга дуч келаётганини қайд этган. Уларнинг аксарият қисми асосий муаммолар сифатида номзодларнинг профессионал ва касбий малакаси ҳамда иш тажрибаси етишмаслигини иддао қилишган.

Ўтган йилнинг иккинчи ярмида Boston Consulting Group (BCG) компанияси “Оммавий ўзига хослик: истеъдодлар учун курашда глобал муаммолар” (“Массовая уникальность: глобальный вызов в борьбе за таланты”) деб номланган тадқиқот натижаларини эълон қилди. Дунёнинг 30 мамлакати экспертлари ва 47 та давлатининг 160 дан ортиқ компаниялари иштирок этган мазкур халқаро тадқиқот доирасида тобора ўсиб бораётган “кадрлар бўшлиғи” муаммосининг сабаблари кўриб чиқилган. BCG компаниясининг ҳисоботида мазкур муаммонинг «инсонга йўналтирилган тизим» ва оммавий ўзига хослик концепциясига асосланган ечимлари таклиф қилинган. Тадқиқот муаллифларининг фикрига кўра, ушбу ечим ва таклифларга мувофиқ зарур чораларни кўриш нафақат ўқув тизимлари ва меҳнат бозорини уйғунлаштиради, балки ЯИМнинг қўшимча 0,5 дан 2 фоизгача ўсишини таъминлайди.

UzAnalytics таҳлилий сайти BCG ҳисоботининг муҳим жиҳатларини тақдим қилди.

Кадр ва малака бўшлиғи

Ҳозирги дунёда иш берувчиларнинг ўзига зарур мутахассисларни топа олмаслиги одатий ҳолга айланмоқда, негаки, бозорда бундай мутахассисларни ўзи йўқ. Компаниялар керакли малакаси ва тажрибаси йўқ инсонларни ишга олиб, кейин уларни қайта ўқитиш учун сармоя сарфлашга мажбур. Шунга қарамай, давлат кўникма ва малакаларига талаб бўлмаган ёки меҳнат бозорида ортиқча бўлган мутахассислар таълими учун молиялашда давом этмоқда. Таълим муассасалари иш берувчиларнинг ҳозирги талаб-эҳтиёжларига мос кадрлар тайёрлагунча, талаба ўқишни битириб улгурмай мазкур талаблар янада ўзгариб кетмоқда.

Шундай бўлсада, етарли иш тажрибасига эга инсон унинг малака ва кўникмалари ўз долзарблигини йўқотиб, меҳнат бозорида унинг малакаси ва тажрибасига талабни кескин камайиб кетиши хавфи остида. Янги, эҳтиёжталаб кўникмаларни ўрганишга эса у қодир эмас ёки унинг истаги йўқ. Кадрлар бўшлиғи деб аталмиш бу муаммо ҳар бир мамлакатда мавжуд.

Кадрлар бўшлиғи шароитида иш берувчилар кўпинча малакаси зарур талабларга тахминан мос келувчи ходимларни ишга ёллашга мажбурдирлар. Аксарият ходимлар ўзларининг малакаларига мувофиқ иш ўринлари йўқлигидан ҳар қандай ишга рози бўладилар. Шу тариқа улар мос малака ва тажрибага эга номзоднинг иш ўрнини эгаллайди. Квалификацион (малака) ўраси деб аталмиш бу муаммо кадрлар бўшлиғи муаммосига нисбатан камроқ кўзга ташланади, негаки, иқтисодий ва ижтимоий барқарорлик ҳамда вужудга келган юзаки бандлик мазкур муаммони бирмунча яширади. BCG Consulting баҳосига кўра, бугунга келиб, квалификацион ўра муаммоси ер юзининг қарийб 1,3 милиардга яқин аҳолисига бевосита тегишлидир. Бу эса жаҳон иқтисодиётида қўлдан бой берилган меҳнат самарадорлиги шаклида яширин солиқнинг 6 фоизига тўғри келади.

Рақамли инқилоб кадрлар тайёрлаш тизимига таъсир кўрсатди

ХХ аср бошларидаги технологик ўзгаришлар ва саноат инқилоби ҳамда ХХ аср охирларидаги рақамли инқилоб кадрлар тайёрлаш тизимига кескин таъсир кўрсатди. Аввалига саводсизликни тугатиш вазифаси кўндаланг қўйилди, сўнгра иқтисодиётнинг асосий секторлари эҳтиёжларини қаноатлантирувчи даражада таълим сифатини оширишга зарурат туғилди. Ўрта ва олий таълим ҳеч бўлмаганда битта касбга алмашиши мумкин бўлган универсал валютага айланди. Ўша вақтларда битта касб бутун умрга етарди. Секин-аста таълим олиш жараёни узайди, сифатли таълим эса тобора қимматлаша борди. Сўнгги ярим аср мобайнида ўртача таълим давомийлиги дунёда 2,5 маротабага ўсди, тўрт йиллик бюджет таълими охирги 30 йил ичида уч баробарга ортди.

ХХI аср келиши билан дунёда ўзгаришлар янада тезроқ суръатда рўй бера бошлади. Мунтазам юзага келаётган янги технологиялар ва бизнеснинг янги турлари янги-янги ихтисослик ва мутахассисликларга талабни оширмоқда. Кадрлар тайёрлашнинг эски тизими меҳнат бозори талабларига жавоб бера олмаяпти. Сабаби, бу касб-ҳунар турлари доимо ўзгариб янгиланяпти. Агар ХХ аср ўрталарида техник билимлар эскирадиган давр ўн йилни ташкил қилган бўлса, ҳозирда бу муддат икки-беш йилгача қисқарган. Квалификацион ўра (бўшлиқ) биз ХХ аср ўрталарида, буткул бошқа иқтисодий ва ижтимоий контекст шароитларида амалга оширилган инсон капиталини ривожлантиришда давом этаётганлигимиз боис вужудга келади.

Оммавий стандартлаштириш – умрбўйига бир хил таълим ва битта касб ҳозирги дунёда иш бермайди. Жадал ўзгараётган технологиялар ва иқтисодий ўзгаришлар шароитларида инсондан уддабурро фикрлаш, тезкор ва доимо ўрганиш кўникмалари ҳамда ҳаракатчанлик талаб этилади.

Келажак қандай бўлади?

Ҳисобот муаллифлари квалификацион ўра муаммосини фақат истеъдодларни ривожлантириш жараёнининг барча иштирокчилари: давлат, таълим тизими, бизнес ва шахсан ҳар бир инсон ҳамжиҳатлигидагина ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлайдилар.

Келажак рақамларда:

  • 2030 йилга келиб бутун дунё аҳолиси 13 фоизга ўсиши кутилмоқда
  • Автоматлаштириш ва рақамлаштириш туфайли 2035 йилга келиб бандликнинг 1/3 қисми ўзгаради
  • Глобал ишчи кучининг 85 фоизи – паст ва ўрта малакали ишчилар
  • Бугунги кунда барча иш ҳажмининг 14 фоизи автоматлаштирилиши мумкин

Келажак иқтисодиётига буткул янги инсон капитали зарур

Биз келажак тўғрисида бирмунча олис истиқболда келадиган тараққиётнинг мукаммал янги босқичи сифатида мулоҳаза юритишга кўникканмиз. Бироқ бугун барча соҳаларда – иқтисодиёт, сиёсат, ижтимоий, технологик тармоқлардаги ўзгаришларнинг тезлиги ва теранлиги – мисли кўрилмаган суръатларга етди. Бу ўзгаришлар келажак трендлари эмас. Улар бугунги кунда меҳнат бозорини турли тезликда, турли кўламда ва турли теранлик даражасида, ҳамма ерда, қолаверса, бутун дунёда ўзгартирмоқда. Меҳнат бозорини ўзгартириш мегатрендлар таъсири остида содир бўлмоқда. Бундай мегатрендлар инсон ҳаётининг барча жабҳаларига бевосита таъсир кўрсатадиган кенг кўламли таркибий ўзгаришларни англатади. Ҳисобот муаллифлари мазкур мегатрендларнинг қуйидаги уч гуруҳига алоҳида урғу берадилар: технологик, ижтимоий-иқтисодий ва маданий гуруҳлари.

Технологиялар тараққиётининг жадал суратлари ва доимий бозор ўзгаришлари шароитларида иқтисодиётнинг ўсиши учун инсон капиталининг мувофиқ динамикаси ва сифатини оширишни таъминлаш зарур. Аҳоли бошига ЯИМ юқори кўрсаткични ташкил қилган ва инновацион иқтисодиётга эга мамлакатларда юқори малакали мутахассислар улуши дунёда энг юқори – 22 дан 45 фоизгача (дунёда ўртача кўрсаткич – 15%) саналади. Бир тарафдан, бу қонунийлик шундан далолат берадики, инсон капиталини ривожлантирмай туриб келгусида техникавий тараққиётга эришиш, ижтимоий-демографик муаммолар ва тегишли маданий ўзгаришларни ҳал қилиш мумкин эмас. Бошқа тарафдан, маълумки, иқтисодиётда юқори малакали ва мос кадрлар ўз ўзидан пайдо бўлмайди. ХХI асрда жаҳон иқтисодиёти ишчи кучи сифати ва малакаларининг хилма-хиллигига янги талаб-эҳтиёжларни шакллантирмоқда. Аммо таълим тизимида меҳнат бозорининг янги талабларига мослашиш муайян вақт талаб қилади.

Таълим тизимида ҳам маълум ўзгаришлар кузатилмоқда, бироқ бу тизим илгаригидек бир қанча фундаментал саволларга жавоб излаши керак бўлади: Таълимга чинакам индивидуал шаклда қандай ёндашиш мумкин, ҳар бир инсон эҳтиёжларига уни қай тариқа мослаштириш лозим? Умрбўйи таълим олишга одамларни қандай рағбатлантириш мумкин? Қандай қилиб талабаларни зарур ва керакли билимларга йўналтириш мумкин?

Глобал муаммо

Мамлакатларнинг инновацион иқтисодиётга ўтиш даврида етарли миқдорда керакли за зарур малакали кадрлар топилмаётгани меҳнат бозорида асосий муаммолардан бирига айланди. Дунёда бу муаммо skills gap – кадрлар бўшлиғи сифатида маълум. Кадрлар бўшлиғи муаммосининг асосий сабабларидан бири мутахассис ходимларнинг жисмонан йўқлиги эмас, балки фаолият турига қараб уларнинг билим ва малакаларининг номувофиқлигидир. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ИҲРТ) маълумотларига кўра, ҳар учинчи ходимнинг малакаси улар бажараётган фаолият учун ё ортиқча, ё етарли эмас. Бу шундай аталмиш квалификацион ўра (skills mismatch) ҳар иккинчи иш берувчига ҳам тааллуқлидир.

Квалификацион ўра рақамларда:

  • 1,3 млрд. ишчи ва ходимлар касбий кўникмаларга мос келмаслик муаммосига дуч келмоқда
  • Иш берувчиларнинг 45 фоизи керакли малакага эга ишчи ва ходимларни топишга қийналади
  • Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига (ИҲРТ) аъзо давлатларида кўникмаларнинг мос келмаслиги туфайли меҳнат унумдорлигининг 6 фоизи йўқотилмоқда
  • Ишчи ва ходимларнинг 76 фоизи келажакда иш йўқотиш ва топиш билан боғлиқ қийинчиликларга тайёрланиш керак деб ҳисоблашади
  • Меҳнат унумдорлигининг нисбатан пастлиги сабабли глобал ЯИМ $5 трлн. йўқотмоқда
  • Замонавий дунёда техник билимлар 2-5 йил ичида эскиради
  • Сўнгги 30 йил ичида таълим олиш нархи 2-3 баравар ошди

Ўз эгаллаган мавқелари учун ортиқча малакали ишчи ва ходимлар юқори маҳсулдор меҳнат ресурсларини талаб қиладиган фаолиятнинг аксар турларидаги ўринларга даъво қилишлари мумкин эди. Мисол тариқасида, 1970 йилда АҚШда коллеж дипломи билан такси ҳайдовчиларининг улуши умумий ҳисобнинг 1 фоизидан ортмасди. 2013 йилда бундай юқори малакали таксичилар 15 фоизни ташкил қилди. Бу инсонларнинг малака ва кўникамалари иқтисодиёт ва жамият учун каттароқ фойда билан қўлланилиши мумкин эди. Шунинг баробарида малакаси етарлича бўлмаган кадрлар ўз ишларини пухта эпидан чиқолмайдилар. Уларни қайта ўқитиш керак, айрим ҳолатларда бундай кадрларни ўқитишдан наф йўқ. Бу иш берувчиларнинг самарадорлигига бевосита таъсир кўрсатади.

Маҳсулдорликка яширин солиқ ва ижтимоий хатарлар

Квалификацион ўра жаҳон иқтисодиётининг ўсишида жиддий хатар саналади. Бу глобал миқёсда ривожланиш суъратларининг пасайишига ва олинмай қолган даромадлар ҳажмининг ўсишига олиб келади. 2016 йилда ИҲРТ мамлакатларида кадрлар малакаси дисбаланси сабабларига кўра меҳнат самарадорлигининг пасайиши ўртача 6 фоизни ташкил қилди. Квалификацион ўранинг иқтисодий оқибатлари бу меҳнат самарадорлигига солинган яширин солиқдир. Малакаси етарли бўлмаган ходимни ишга ёлларкан, иш берувчи ёки самарадорликда ютқизади ва кўзлаган фойдасини ололмайди, ёки бундай ходимни қўшимча ўқитиши ёҳуд қайта тайёрлашга мажбур.

Квалификацион ўра фақат иқтисодий муаммогина эмас. Ходимларда уларнинг келгусида ишга жойлашиши юзасидан мавҳумлик ва хавотир ҳолатини юзага келтирган ҳолда жамият барқорорлиги ва фаровонлигига хавф соладиган масала. Ниҳоят, ходимдан талаб этиладиган ва унда мавжуд кўникмаларнинг номувофиқлик муаммоси давлат учун ҳам хавф-хатарни вужудга келтиради. Ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда иқтисодий ўсиш ва глобал меҳнат тақсимоти кўрсаткичларига бўйича мамлакатлар ўртасида дисбалансининг янада ортишини кутиш мумкин. Меҳнат ресурслари максимал даражада юқори технологик иқтисодиёт – билимлар иқтисодиётига тайёр бўлган мамлакатларгина келажакда рақобатбардош бўла оладилар.

Квалификацион ўра ва таълим тизими

Билимлар иқтисодиёти томон силжиш ходимлардан ХХI аср рақамли технологиялари ва кўникмаларнинг универсал тўплами билан ишлай олиш маҳоратини талаб этади. Дунёда ихтисосликлар сони ўсиб боряпти, уларнинг аксарияти сўнгги 10-15 йил ичида пайдо бўлди. Техник кўникмалар юқори малакали мутахассисни тайёрлаш ўртача муддатига қараганда тезроқ эскирмоқда. Бироқ инсон капиталини шакллантириш тизими ҳали-ҳануз эскича ёндашувда сақланиб қолган. Бу ёндашув таълимни стандартлаштириш ҳамда таълим ва меҳнат бозорини марказлаштиришдан иборат. Ҳамон стандартлаштирилган билимлар ва кўникмаларга эга кадрлар тайёрлаш жараёни давом этаяпти. Эҳтиёжталаб малакага эга бўлмаган бу мутахассислар меҳнат бозорига чиқишни давом этмоқда, демак квалификацион ўра тобора кенгаймоқда. Таълим тизимини ўзининг эски ёндашувини ўзгартирмасдан бозорнинг янги талабларига мослашишга уриниши мавжуд муаммонинг янада мураккаблашишига олиб келади. Натижада таълим олиш муддати янада узаяди ва қимматга тушади.

BCG компаниясининг иш истиқболлари бўйича ходимлар ўртасида ўтказган тадқиқоти қуйидагиларни кўрсатди:

  • ҳар иккинчи ходим келгусида унинг иш топиш имконияти пасаяди, деб ҳисоблайди
  • ходимларнинг 76 фоизи келгусида иш топишда қийинчиликларга тайёр туриш кераклигига ишончи комил
  • оддий ходимлар ва менежерларнинг 30 фоизи яқин 3-5 йилда муваффақиятли фаолият учун зарур кўникмаларга талаблар даражаси ошишини кутяпти
  • ходимларнинг 30 фоиздан ортиғи келажакдаги ўзгаришларга ҳеч қанақа тайёргарлик кўра олмасликларини баён қилдилар.

Иқтисодиёт, меҳнат бозори ва таълим тизими учун янги концепция: инсонга йўналтирилган тизим

ХХ асрнинг ижтимоий шартномасини амалга оширишнинг асосий механизмлари бу стандартлаштирилган касблар, ушбу касбларга оид стандартлаштирилган таълим, маҳаллий меҳнат бозори, муайян иш ҳақи тизими, тақсимот бўйича ОТМ битирувчиларини ишга жойлаш ва бошқалардан иборат.

Бундай ижтимоий шартнома доирасида квалификацион ўрани бартараф этишни деярли иложи йўқ. Чунки, инсон капиталининг нотекис тақсимланиши стандартлаштириш ғоясининг моҳиятида ётади. Бу муамони фақат ходим, иш берувчи, давлат ва таълим тизими ўртасида ижтимоий контрактни тубдан ўзгартиш ҳолатидагина ечиш мумкин.

Янги ижтимоий контрактнинг асосий вазифаси ходимларга ўқиб-ўрганиш ва ишга жойлашиш учун кенг имкониятлар яратиб беришдан иборат. Ўз навбатида ходим ўз салоҳиятини максимал даражада амалга ошириш учун бутун масъулиятни ўз зиммасига олади. Бунинг учун таълим тизими иш берувчи, давлат ва шахс эҳтиёжлари ўртасида воситачи бўлиши даркор. Бундай тизим инсоннинг бутун умри давомида таълим олиш учун зарур воситалар ва усуллар тўпламини шакллантириши керак. Иш берувчининг вазифаси ходимларни шаклан таълими эмас, реал кўникма ва малакаларига асосланган ҳолда танлаши, уларнинг шахсий қадр-қимматини инобатга олиб, иш жойида ўзини ишда намоён этиши учун уларга имкониятлар яратишдан иборат. Давлат эса ҳар бир инсон учун унинг истакларини ҳисобга олиб, ишга жойлашиш ва ривожланиш имкониятларини яратиши керак.

Глобал муаммолар рақамларда:

  • 2022 йилга келиб янги фаолиятлар улуши 27 фоизга етади
  • Ишчи ва ходимларнинг 30 фоизи келгусида меҳнат бозорида кутилаётган ўзгаришларга тайёр бўлишига ишонмайди
  • Дунё аҳолисининг 49 фоизи интернетдан фойдаланиш имкониятига эга эмас

Ижтимоий шартнома шартларини ўзгартириш – оммавий стандартлаштиришдан оммавий ўзига хосликка ўтиш – инсон қобилияти, мотивацияси ва унинг меҳнат бозоридаги имкониятларига янги талабларни қўяди.

Мавҳумлик юқори бўлган ҳолатларда ишчи ходимларда иш берувчиларнинг ўзгарган талабларига тез мослашишларига имкон берувчи барча зарурий кўникмалар ва билимлар бўлиши зарур. Бу омил меҳнат бозорида ҳамиша керакли бўлиш имконини беради. Давлат ҳар бир инсон учун ривожланиш ва ишга жойлашиш имкониятларига баробар йўл очишни таъминлаши лозим, иш берувчилар эса ишчи ходимларни ёллашда камситмайдиган шароитларини яратиш зарур. Таълим тизимидан, ўз навбатида, иш берувчиларнинг доимо ўзгариб турадиган талабларини ҳисобга олган ҳолда кадрлар тайёрлашга янги ёндашувларни ишлаб чиқиш талаб қилинади.

Инсонга йўналтирилган тизим принциплари асосида қуйидаги етти шартни амалга ошириш кўзда тутилади: доимий ривожланиш, келажак кўникмалари, онгли равишда мустақиллик, тўсиқларсиз меҳнат бозори, салоҳиятни сафарбар қилиш, инклюзив меҳнат бозори ва қадриятларини ҳурматлаш.

Бу шартлар уч гуруҳга: “Қобилиятлар”, “Мотивация” ва “Имкониятлар”га тақсимланиб, қуйидагича таърифланади:

  • Қобилият: келажак кўникмаларини шакллантириш ва инсоннинг доимий ривожланиши
  • Мотивация: инсон ўз таълими ва тараққиётининг буюртмачисидир
  • Имкониятлар: ходимнинг қадриятларини ҳисобга олган ҳолда унинг малаклалари асосида ишга жойлашиши.

Ҳозирги меҳнат бозори инсонга йўналтирилган тизим концепциясидан қанчалик олис?

Инсонга йўналтирилган тизим бўйича ёндашув – мавҳум гуманистик тушунча эмас, балки меҳнат унумдорлигини ошириш, мутахассисларни излаш ва қайта тайёрлаш харажатларини камайтириш, иш берувчининг брендини яхшилаш ва ҳ.к. Ушбу ёндашувнинг айрим таркибий қисмлари ва жиҳатлари бизнесда, шунингдек меҳнат бозори ва таълимни ривожлантириш бўйича миллий стратегияларни шакллантиришда қўлланилмоқда. Бироқ, мутлақо янги муносабатлар тизимини қуриш узоқ ва мураккаб жараёндир.

BCG тадқиқотлари шуни кўрсатадики, квалификацион ўра катта бўлган мамлакатлар меҳнат бозори инсонга йўналтирилган тизим даражасининг пастлиги билан тафсивланади. Ўз навбатида инсонга йўналтирилган тизим бевосита меҳнат унумдорлиги билан боғлиқ: инсонга йўналтирилган тизим даражаси юқори бўлган мамлакатларда меҳнат унумдорлиги ҳам анча юқори.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар