Кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан ўтказиш қоидалари тасдиқланди

Кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан ўтказиш қоидалари тасдиқланди

“Кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (484-сон, 02.08.2021 й.) қабул қилинди.

Қарор билан Кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан ҳамда техник кўрикдан ўтказиш қоидалари тасдиқланди.

Кичик ҳажмли кема – асосий двигателлари қуввати 55 кВт (75 от кучи) ва йўловчи сиғими 12 кишидан ортиқ бўлмаган ўзиюрар кемалар, осма моторли кемалар, сув мотоцикллари (гидроцикллар), юк кўтариш қобилияти 80 регистр тоннадан ортиқ бўлмаган ўзиюрмас кемалар (эшкакли қайиқлар ва сув велосипедлари), елканли кемалар ҳаво босими билан тўлдириладиган ёки шишириладиган моторсиз эшкакли қайиқлар.

Жисмоний ёки юридик шахс кичик ҳажмли кема харид қилганда техник ҳолатидан қатъи назар, рўйхатдан ўтказиш учун тегишли ҳудудий бошқармага 30 иш кунида мурожаат этади.

Кемани рўйхатдан ўтказишни Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг “Кичик хажмли кемалар” ахборот тизими орқали ҳам амалга ошириш мумкин.

Аризалар 1 иш кунида кўриб чиқилади.

Шунга кўра, кичик ҳажмли кема дастлабки техник кўрикдан ўтказилади ва кема билети расмийлаштирилади.

Кемаларни рўйхатдан ўтказиш учун қуйидагича тўловлар ундирилади:

- моторли кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) – БҲМнинг 20 фоизи (49 минг сўм);
- моторсиз кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) – БҲМнинг 10 фоизи (24 500 сўм);
- кема билети дубликатини бериш – БҲМнинг 10 фоизи (24 500 сўм).

Рўйхатдан ўтказилмаган кемалардан фойдаланиш тақиқланади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар