Ҳукумат қарори (150-сон, 02.04.2022 й.) билан Кўчмас мулк ижара ёки текин фойдаланиш шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш маъмурий регламенти тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Регламентга кўра, ижарага берувчи кўчмас мулк шартномасини тузилганидан 3 кундан кечиктирмай солиқ органида ҳисобга қўйиши шарт.
Шартномани ҳисобга қўйганлик учун тўлов ундирилмайди.
Кўчмас мулк бирламчи ижарага (текин фойдаланишга) олган шахс томонидан иккиламчи ижарага (текин фойдаланишга) берилиши мумкин. Иккиламчи ижаралар ҳам солиқ органларида ҳисобга қўйилиши керак.
Шартномани ҳисобга қўйиш Давлат солиқ қўмитасининг ахборот тизими орқали фақат электрон шаклда амалга оширилади.
Ижарага берувчи томонидан тизим орқали юборилган шартнома ижарага олувчи томонидан 5 кунда тасдиқланмаса шартнома солиқ органларида ҳисобга олинмайди.
Шартнома ҳисобга қўйилганда QR-кодли гувоҳнома берилади.
Шартнома тарафлар келишувига биноан ёки бошқа тартибда муддатидан олдин бекор қилинса ёки ҳақиқий эмас деб топилса, ижарага берувчи томонидан онлайн ҳисобдан чиқарилади.
Изоҳ қолдириш