Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи маслаҳатлашув учрашуви 27 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтиши режалаштирилган. Бу ҳақда Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг сўзларига асосланиб, «Казинформ» хабар берди.
«Аввалроқ қўшниларимизни маслаҳатлашув учрашуви ўтказишга чақиргандим. Остонада ана шундай учрашув ўтказилди. Учрашувлар турли пойтахтларда бўлиб ўтишини истардим. Бу йилги Тошкентдаги учрашув белгиланганидек 27 ноябрь куни бўлиб ўтишига умид қиламан», — деди Нурсултон Назарбоев.
Назарбоевнинг қайд этишича, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳал қилинмаган масалалар бор. «Тўқнашувлар юз бермоқда, одамлар ҳалок бўлмоқда», — таъкидлади у.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳатлашув учрашуви 2018 йил мартда Қозоғистон пойтахтида ўтказилган эди.
Изоҳ қолдириш