Рақамли иқтисодиёт тараққиёти туфайли меҳнат ҳақиқий жисмоний ишлаб чиқариш соҳасидан виртуал ва интерактив макон соҳасига ўтди.
Энди зарур функцияларни бажариш учун уйдан иш жойига жисмоний ўтиш зарур эмас - кўп функциялар аслида масофадан туриб бажарилиши мумкин.
Бугунги кунда жаҳонда COVID-19 коронавирус пандемияси тарқалиши инсонларнинг ҳаракатланишига чекловлар (карантинга) киритилишига сабаб бўлди. Натижада, аксарият корхоналар нимага мажбур бўлди?
Келинг буни бир кўриб чиқамиз:
- Айрим корхоналар фаолиятини қисман ёки тўлиқ тўхтатишга;
- иш вақтини қисқартиришга; масофадан ишлаш тизимига ўтказишга;
- зарур ҳолларда эса ишчиларни ишдан бўшатишга мажбур бўлган.
Бу эса мамлакатларда иқтисодий-ижтимоий соҳада, жумладан, меҳнат муносабатларида иш берувчи ва ишга ёлланувчи ўртасидаги:
- зиддиятлар;
- ишсизлик;
- ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқариши;
- глобал ишлаб чиқариш занжирлари ва савдо алоқаларининг издан чиқиши;
- дунё молия бозорларида хом-ашё товарлари нархининг пасайиши;
- конъюнктуранинг ёмонлашувини келтириб чиқарди.
Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотига кўра, бугунга қадар дунё бўйлаб иш соатларининг 6,7% йўқотилган.
Бундай шароитда аввало иш билан беқарор банд бўлганлар:
- фрилансерлар;
- вақтинча иш билан банд бўлганлар;
- ижтимоий кафолати таъминланмаган меҳнат бозори иштирокчилари пандемиянинг салбий таъсирини биринчи бўлиб қабул қилиб олади.
Мамлакатимиз амалиётида масофавий иш билан бандлик (персонални масофадан бошқариш) ташкилий-ҳуқуқий асосларии тўлақонли шаклланмаган эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони асосида, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низоми тасдиқланди.
Низом карантинга оид чоралар амал қилиш даври учун тасдиқланган бўлсада, мамалакатимиз меҳнат муносабатлари соҳасидаги ноодатий иш билан бандлик бўйича дастлабки асос солувчи меъёрий–хуқуқий хужжат сифатида иш берувчилар ва ишга ёлланувчилар томонидан фойдаланилмоқда. Қайт этишимиз лозимки, мамлакатимизда карантин даврида ижтимоий тармоқлар орқали ўтказилган онлайн сўровнома маълумотига кўра, қарийиб 30 фоиз корхона ва ташкилотларнинг ходимлари масофавий иш усули тартиби бўйича фаолият юритаётганини қайд этди.
Масофавий (виртуал) иш билан бандликдан фойдаланиш бўйича ХМТ сўровнома натижаларини умумлаштириш, ходимларни ишга жалб қилишнинг ушбу ташкилий-ҳуқуқий шаклининг афзалликлари ва камчиликларини аниқлашга имкон беради.
Ходимлар учун афзалликлар рўйхатини ўзи учун қулай вақтда ишлаш имкониятига эга бўлиш омили етакчилик қилади. Бундан кейин бошқа масалаларга ўтиш имконияти (уй бекалари учун энг мос); йўлда вақт ва пул сарфлашнинг ҳожати йўқлиги - уйда ишдан чалғитадиган нарсалар камроқ бўлади. Афзалликларнинг алоҳида гуруҳи - жамиятдан ва у ўрнатган тизим чегараларидан озодлик - муайян кийим услубини кузатиш ва доимий равишда бошқа ходимлар олдида бўлишнинг ҳожати йўқ.
Камчиликлар афзалликлар билан чамбарчас боғлиқ ва баъзида уларни такрорлайди. Респондентлар кўпроқ уй ишларини бажариши керак, деб ҳисоблайдиган бошқа оила аъзолари билан чалғиётганликларини, шунингдек, ўзларини ташкил этишдаги қийинчиликларни кўрсатмоқдалар. Умуман олганда, масофадан туриб ишлаш амалиётига умумий ижобий баҳоси қайд этилиши мумкин.
Шу биргаликда иш берувчилар томонидан қуйидаги қулайликлар келтирилади:
- харажатларда тежаш;
- жойга боғланмаган ҳолда яхши мутахассис танлаб олиш имконияти;
- узоқдаги мижозлар билан масофавий ишлаш. Бу хизмат сафарига боришдан анча арзонга тушади;
- бевосита яқин мулоқотда ишлайдиган юқори малакали мутахассислар ёрдамида янада сифатлироқ хизмат кўрсатиш;
- меҳнат самарадорлиги, мижозларга туну-кун хизмат кўрсатиш;
- иш жойига бориш учун вақт сарфланмайди (йўлдаги тирбандлик, об-ҳаво шароитлари), иш берувчи учун электр энергияси ва офис бинолари ижарасида, иш жойини жиҳозлаш борасида тежаш.
Масофавий меҳнатнинг тарқалишини чеклаб турадиган омиллар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:
- дастлабки жорий қилиш жараёнида IT-инфратузилмаси ва дастурий таъминот харажатлари ортиши;
- бир нечта уланган қурилмалар билан тармоқни бошқаришнинг мураккаблиги;
- қўшимча хавфсизлик талаблари, компания хавфсизлик хизматларининг қаршиликлари;
- фаолиятнинг айрим соҳаларида масофадан туриб ишлашнинг имкони йўқлиги;
- иш берувчилар орасида кенг тарқалган стереотип: самарали иш бу - офис иши;
- кўплаб иш берувчилар аниқ бизнес жараёнларини яратишга қодир эмаслиги ва истамаслиги;
- самарали КPI тизими ва мотивациясининг йўқлиги;
- ходимларнинг содиқлиги ва корпоратив маданиятига қўшилмаслик ҳақида ташвишлар.
Масофавий ишларни бошқаришнинг марказий элементи - бу иш натижаларини таҳлил қилиш асосида ходимларни назорат қилиш заруратидир. Агар уйда ишлайдиган мутахассис белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажарса, у меъёрлаштирилган ҳолатда ишлашини назорат қилишга ҳожат қолмайди. Айниқса, амалиёт шуни кўрсатадики, масофадан туриб ишлайдиган ходимнинг иш вақти умуман қисқармайди. Аксинча, одатдаги тўлиқ иш куни билан ишлаш керак бўлган ҳолатга нисбатан узоқроқ бўлади. Албатта, уларнинг бошқарув структураси энг бошидан натижага қандай усул билан эришилганлигини эмас, балки натижанинг ўзини назорат қилишга имкон берадиган компаниялар бундай шароитларга осонликча мослаша оладилар.
Шундай қилиб, бугунги кунда самарали рақамли алоқа тузилмаси ва натижага йўналтирилган бошқарув тизими ходимларнинг ишдан қониқишини, "иш - шахсий ҳаёт" нинг қулай мувозанатини - касбий ривожланишни рағбатлантириш ва ташкилот самарадорликни оширишга ёрдам беради.
Тошкент давлат университети профессори,
иқтисод фанлари доктори
Г.Қ.Абдурахмонова
Изоҳ қолдириш