Жаҳон банки COVID-19 пандемиясига қарамай, Ўзбекистондаги бозор ислоҳотларининг давом этишини олқишлайди.
Бу ҳақда Жаҳон банки вице-президенти Анна Бьерденинг Ўзбекистонга бўлган ташрифи якунлари бўйича чоп этилган мақоласида айтилган.
Таъкидланишича, Банк 2022-2025 йилларда Ўзбекистон билан янги беш йиллик Шериклик дастури доирасида ислоҳотларни қўллаб-қувватлашни давом эттиради.
Амалдаги дастур таълим, соғлиқни сақлаш, энергетика, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа соҳаларни қамраб олган умумий қиймати $4,3 миллиардлик 24 та лойиҳани ўз ичига олган.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон банки пандемия оқибатларини енгиб ўтиш мақсадида Ўзбекистонга биринчилардан бўлиб ёрдам кўрсатди. Биргина ўтган йилда $1,6 миллиардлик лойиҳалар маъқулланди.
Бундан ташқари, Банк экспертлари маслаҳат-техник кўмак кўрсатмоқда, давлат корхоналарини трансформация қилиш, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини модернизация қилиш, электр энергетикасининг барча бўғинларини ислоҳ қилишда иштирок этмоқда. Муқобил энергия манбаларини жорий қилиш борасида сезиларли муваффақиятларга эришилди.
Изоҳ қолдириш