Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) директорлар кенгаши коронавирус билан курашиш учун республикага 375 миллион доллар ажратишга қарор қилди, дея хабар беради жамғарма.
“Халқаро валюта жамғармаси Ижроия кенгаши Ўзбекистоннинг COVID-19 пандемиясига қарши курашини қўллаб-қувватлаш учун тезкор кредит механизми ва тезкор молиялаштириш воситаси доирасида 375 миллион доллар ажратилишини маъқуллади», - дейилади хабарда.
Жамғарма маълумотларига кўра, имтиёзли кредитлар 5 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга 125 миллион доллар миқдоридаги тез фоизсиз кредитлашни (Rapid Credit Facility) назарда тутади. Шунингдек, 250 миллион доллар миқдоридаги маблағлар 5 йиллик муддатга тез молиялаштириш воситаси шаклида, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли даврга йилига 1,05%да ажратилади.
"Ушбу маблағлар глобал инқироз ва коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини юмшатиш бўйича чора-тадбирларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши жамғармани тўлдиришга йўналтирилади", - дея қўшимча қилди матбуот хизмати.
Изоҳ қолдириш