Бугунги кунга келиб, бутун дунёда коронавирус билан зарарланган аҳоли сони 500 мингдан ошди, уларнинг тўртдан бир қисми соғайган беморлар қаторида, 23 мингдан ортиқ ўлим ҳолатлари қайд этилган. Сўнгги бир ҳафта-ўн кун давомида жаҳонда ушбу вирусга чалинганлар сони кунига 30-50 минг нафар кишига ошмоқда. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида фавқулодда вазият ва карантин тартиби жорий қилинган, уларнинг сони кун сайин ўсиб бормоқда. Давлатлараро фуқаролар ҳаракатланишини чекланиши, таълим, савдо ва умумий овқатланиш соҳаларида карантин ҳолатининг жорий қилиниши ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ҳам корхоналарнинг қисман карантин ҳолатида фаолият юритиши коронавируснинг жаҳон иқтисодиётига таъсирини кучайтирмоқда.
Куни кеча дунёнинг етакчи таҳлилий компанияларидан бири FocusEconomics коронавируснинг жаҳон иқтисодиётига таъсири ва унинг молиявий оқибатлари бўйича экспертлар орасида ўтказилган навбатдаги сўров натижаларини эълон қилди. Мазкур сўровномада бутун дунё бўйлаб 71 та етакчи иқтисодчи ва молиявий таҳлилчилар иштирок этган. Бу сўровнома жорий йилнинг 25 февралидан бошлаб ўтказиб келинмоқда. 25 март куни эълон қилинган маълумотларга кўра, аввалги сўров натижаларига нисбатан, иқтисодчилар глобал иқтисодий прогнозларини янада пасайтиришган ва жаҳон иқтисодиёти тикланишини секин суръатларда бўлишини кутмоқдалар:
- экспертлар COVID-19 пандемиясининг глобал иқтисодиётга таъсири бундан бир ҳафта олдин тахмин қилинганидан ҳам оғирроқ бўлишини таъкидлашган. 71 та экспертнинг 58 фоизи 2020 йилда глобал ЯИМнинг ўсишини 2 фоизли пункт ва ундан кўпроқ миқдорда камайишини, уларнинг тўртдан бир қисми эса бу кўрсаткични 3 фоизли пунктдан кўпроқ миқдорда камайишини прогноз қилишмоқда.
- сўровда иштирок этган иқтисодчиларнинг ярмидан кўпи (56%) коронавируснинг жаҳон иқтисодиётига 2020 йилдан кейин ҳам таъсири бўлиши тахмин қилишмоқда.
- сўровда қатнашган экспертларнинг барчаси келгуси 12 ой ичида жаҳон иқтисодиётида рецессияни деярли муқаррар деб баҳолади. Уларнинг фикрига кўра, рецессия камида 2 чорак давом этади.
- кўпчилик иқтисодчилар бугунги кунда коронавируснинг салбий иқтисодий оқибатларини бартараф этишда жорий қилинаётган чора-тадбирлар ва молиявий стимулларни етарли эмас деб ҳисоблайдилар.
- жаҳон иқтисодиётида кутилаётган рецессия глобал иқтисодий инқирозга олиб келадими ёки йўқ, деган масалада экспертлар фикри иккига бўлинди: уларнинг бир қисми дунё бўйлаб мисли кўрилмаган кўламда корхоналар фаолиятининг вақтинча тўхтатилиши ва юқори даражадаги қарзлар миқдори молиявий инқирозга сезиларли туртки бўлишини тахмин қилишса, бошқалари фаол жорий қилинаётган чора-тадбирлар ва молиявий стимуллар бундай глобал инқирознинг олдини олишини таъкидлашган. Аксарият экспертларнинг фикрига кўра, бу масалада жорий қилинаётган иқтисодий стимулларнинг самарадорлиги ва пандемиянинг давомийлиги асосий омиллар бўлиб қолади.
Изоҳ қолдириш