Косонсойда 11 миллиардга қандай муаммолар ҳал этилди?

Косонсойда 11 миллиардга қандай муаммолар ҳал этилди?

Бу борадаги энг асосий вазифа – аҳолининг реал даромадини ошириш, дастурхони тўкинлигини таъминлаш учун шароит яратишдан иборат бўлди. Шу мақсадда 72 нафар мурожаатчига 1,6 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратишга қарор қилинган бўлса, улардан 57 нафарига 1,1 млрд. сўм кредит берилиши таъминланди.

Бу жараёнда тумандаги 14 та тикувчилик корхонаси билан ҳамкорликда 100 нафар ишсиз хотин-қиз кооперация асосида ўз уйида ишлаб даромад топиши йўлга қўйилди. Бунинг учун шу аёлларга субсидия асосида 100 та тикув машинаси ажратилди, уларнинг 14 та корхона билан шартнома имзолашига ёрдам кўрсатилди. Шундан ўқув курсларини битирган 80 нафар хотин-қиз уйида иш бошлаган бўлса, 20 нафар аёллар бир ойлик ўқув курсида ўқияпти.

Асосийси, бунда тикувчилик корхоналари “Бешариқ тажрибаси” асосида хонадонларга хомашё етказиб бериб, тайёр маҳсулотни олиб кетади. Аёллар уйида ишлаб даромад топаверади. Яъни хомашё бор, тайёр маҳсулотни сотиб олувчи бор, фақат уйда ишлаб меҳнат қилинса кифоя.

Мисол учун “Озод” маҳалласида яшовчи Муборак Эшоновага субсидия асосида тикув машинаси берилгач, ойига ўртача 14 тонна сочиқ ишлаб чиқараётган “Кушон зилол сув жавоҳири” корхонаси унга ярим тайёр сочиқларни келтириб бермоқда. Муборак опа тикаётган тайёр сочиқлар эса бошқа маҳсулотлар билан бирга ички бозор ва Мустақилик давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларига етказиб берилади. Тикувчининг айтишича, кунига камида 600-800 та сочиқ ҳошиясини тикиш мумкин. Битта сочиқ учун ўртача 180 сўмдан хизмат ҳақи берилади ва бу кунига 150 минг сўм атрофида, ойига эса 3 миллион 600 минг сўмгача фойда олиш имкони дегани.

Ёки “Боғи баланд” маҳалласида яшовчи Санобар Сотволдиева ҳам субсидияга тикув машинаси олиб, “Кушон текстил гроуп” корхонаси билан шартнома имзолагач, уйида кийим тикиб, даромад топишни бошлади. Аёлнинг айтишича, у кунига ўртача 50 донагача ярим тайёр кийимларни тикса, 100-150 минг сўмгача хизмат ҳақи тўланади.

Энг муҳими, Косонсойда тикувчилик маҳсулотлари тайёрлаш ва экспорт қилиш учун катта салоҳият-у имконият бор. Айтайлик, 3 мингга яқин киши ишлаётган “Баркас текс гроуп” корхонасида тайёрланаётган трикотаж маҳсулотлари 15 та давлатга экспорт қилиняпти. Бир ҳафта ичида яна 70 га яқин косонсойлик ишсиз хотин-қизлар шу ерда доимий иш ва даромад манбаига эга бўлди. Мухтасар Абдуллаева ҳам яқинда шу ерда иш бошлади.

Республика ишчи гуруҳи ўрганишлари давомида Мухтасар сингари ишсизлиги аниқланган 500 нафардан зиёд хотин-қиз тумандаги 14 та тикувчилик корхонасига ишга жойлаштирилди. Бунга кооперация асосида уйида ишлаётган 100 нафар хотин-қизни ҳам кўшсак, ҳафта-ўн кун ичида жами 600 нафардан зиёд косонсойлик аёллар бандлиги таъминланди.

Бундан ташқари, косонсойлик 22 нафар хотин-қизга субсидия асосида пишириқ пишириш печлари берилиб, улар “Кушон ширинликлари”, “Севимли очиқ савдо” каби йирик қандолатчилик корхоналарига кооперация асосида бириктириладиган бўлди. Биргина “Кушон ширинликлари” корхонасини олсак, бу ерда мавсум пайти кунига 1 тоннагача 36 турдаги пишириқлар тайёрлаб, бозорга чиқарилади. Корхона раҳбари Қосимжон Мақсудов 200 дан ортиқ хотин-қизни уй шароитида иш билан таъминлаган бўлиб, яқинда яна 100 нафар аёлларга печлар олиб берилиб, уйида ишлаши таъминланади.

Шу билан бирга, Косонсойда иссиқхоналар ташкил қилиш, томорқаларда ҳам маҳсулот етиштиришдан то сотиб олишгача кооперация тизимини йўлга қўйиш бўйича қатор лойиҳалар ишлаб чиқилди.

Косонсойликларнинг йўллар таъмири, электр энергияси, газ, иссиқлик, ичимлик суви билан боғлиқ энг бирламчи ҳаётий масалаларини ҳал қилиш учун ҳам бор куч-имконият сафарбар қилинди. Хусусан, бу жараёнда “Шайхон”, “Бўстон”, “Боғкўча” сингари маҳаллалардаги 14,4 км. ички кўчалар тош йўлга айлантирилгани аҳолининг йўлини равон, узоғини яқин қиляпти.

“Ҳуррият”, “Обод”, “Хонқўрғон”, “Боғи баланд”, “Ўрта кўча”, “Сойча” сингари маҳаллалардаги 200 дан зиёд эскирган симёғочлар бетон устунларга алмаштирилиб, янги тармоқлар тортиб берилиши билан кўплаб хонадонлар ҳам, инсонларнинг кўнгли ҳам нурафшон бўлди.

Аҳоли талаб-истаклари асосида қарийб 5 минг 770 суюлтирилган газ баллони янгиланган бўлса, 1 минг 65 тонна кўмир олиб келиниб, аҳолига етказилди.

Давлатимиз раҳбари белгилаб берган “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойили Республика ишчи гуруҳи фаолиятининг асосий мезонларидан бирига айланди. Халқ таълими соҳаси фахрийлари, уйда таълим олаётган ўқувчилар ҳолидан хабар олиниб, бир қатор мактаблар мебель жиҳозлари ва китоблар билан таъминланди.

Ўрганишлар натижасида оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, ёшларнинг иқтисодий-ижтимоий масалаларини ҳал қилиш, эҳтиёжманд, якка-ёлғиз инсонлар турар-жойларини таъмирлаш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш учун маҳаллий бюджетдан 6,6 млрд. сўм ажратди, ўнлаб хонадонларни таъмирлаш ишлари бошланди.

Эътиборлиси, оғир турмуш шароитида қолган, боқувчисини йўқотган, уй-жойсиз беш нафар аёл ва фарзандлари учун 12 та ижтимоий хонадон ажратилиб, уларнинг барчаси янги уйларга кўчирилди. Турмуш ўртоғи вафот этгач, икки фарзанди билан оғир аҳволга тушиб қолган Нодира Зокирова ҳам қиш-қировли кунларда барча шароитга эга бошпанага эга бўлганидан бахтиёр.

Бу жараёнда 323 нафар беморга даволаниши учун амалий ёрдам кўрсатилган бўлса, 53 нафар мурожаатчи реабилитация воситалари билан таъминланди.

Бир сўз билан айтганда, Республика ишчи гуруҳининг Косонсойдаги фаолияти давомида 59 та маҳалладаги қарийиб 38 минг 200 хонадон ва мингдан зиёд ижтимоий соҳа объектлари ўрганилиб, уларда аниқланган 6 минг 180 дан зиёд масаланинг 4,5 мингдан ортиғи ҳал қилинди. Бунинг учун 11 млрд сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Қолган масалалар бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар