Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим моҳияти

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим моҳияти

Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки. Маҳаллалар равнақи мамлакатимиз тараққиёти, ёруғ келажагимизнинг мустаҳкам кафолати, пойдеворидир. Шу маънода, давлатимиз раҳбари раислигида шу йил 1 март куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маҳалла институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг қиёфасини тубдан яхшилашга қаратилган кўплаб янги ташаббуслар илгари сурилиб, аниқ вазифалар белгилаб берилгани нафақат маҳаллалар, балки юртимиз ҳаётига дахлдор тарихий воқеа бўлди. Президентимизнинг “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори, ҳеч бир истисносиз, ҳар бир юртдошимиз ҳаётида марказий ўрин тутадиган мазкур муҳим соҳалар тараққиётида бутунлай янги даврни бошлаб бермоқда.

Маҳаллалар билан янгича асосда ишлаш, жамиятимиз файзи бўлган нуроний ва кексаларимизга муносиб эътибор кўрсатиш бўйича бундай ёндашув кўзланган натижани бериши, “инсон қадри учун” ғоясини тўла рўёбга чиқариши шубҳасиз. Нега деганда, қабул қилинган янги дастурий ҳужжатларда ҳаммаси аниқ-равшан белгилаб берилган, амалий механизмлар пухта ўйланган.

Эндиликда маҳалла институтига зиммасига юкланаётган бири-биридан муҳим вазифаларга мос равишда кенг ҳуқуқ ва ваколатлар, зарур моддий-техник имкониятлар яратиб берилмоқда. Маҳаллалар ҳаётнинг, ўзгариш ва ислоҳотларнинг энг қайноқ нуқтасига айланмоқда. Аҳоли муаммоларини комплекс ҳал этиш, янги иш ўринлари ташкил этиш, жиноятчиликни камайтириш, ёш авлодга сифатли таълим ва тарбия бериш каби кўплаб соҳа ва йўналишлар ривожига энг қуйи бўғиндан бошлаб жиддий эътибор қаратилади.

Бу борада маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига муҳим ваколатлар ҳам берилганки, бу шубҳасиз, уларнинг халқимиз, жамоатчилигимиз ўртасидаги обрў-эътиборини оширишга хизмат қилади. Дейлик, маҳалла раиси ҳудуддаги ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори фаолиятини ўзаро ҳамкорликда, уйғун ҳолда ташкил этиш учун масъул этиб белгилангани бир мушт бўлиб, аниқ мақсад сари биргаликда ҳаракат қилиш, кўпроқ амалий натижаларга эришиш имконини беради.

Ишни энг қуйи бўғинда йўлга қўйиш, республика, вилоят даражасидаги раҳбар ва фаолларнинг авваламбор олис маҳаллаларда бўлиши яхши самара бериши – бу кейинги беш йиллик ҳаётимизда такрор ва такрор ўз исботини топган ҳақиқат аслида. Буни Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги маҳаллаларда кечган жараёнлар мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.

Бугун ҳар бир соҳа, ҳар бир жабҳада ташаббус кўрсатиш маҳалла раисларидан даврнинг ўзи талаб этаётган мезон. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Президентимиз томонидан имзоланган ҳужжатга мувофиқ, маҳалла раислари янгича ёндашув, янгича тизим асосида иш бошламоқда. Маҳалла раислари янги ваколатлар асосида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Ўз-ўзидан равшанки, ҳуқуқ ва ваколат билан бирга аҳоли, жамоатчилик олдида бурч ва мажбурият ҳам пайдо бўлмоқда.

Мана масалан, туманнинг чекка ҳудудида чорвачилик кластери иш бошлади. Янги корхонага ишчилар зарур. Маҳалла масъуллари ишсиз ёшлар рўйхатини тузиб, корхонага ишга жойлаштиришди. Улардан айримлари бу соҳада етарли билим ва малакага эга бўлган бўлса, айримларини курсларда қўшимча ўқиши ташкил этилди. Ҳудудда саноатни ривожлантириш, аҳолига сифатли ва мақбул нархларда гўшт ва гўшт маҳсулотлари етказиб бериш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутадиган мажмуада замонавий ферма, кушхона ва гўштни қайта ишлаш корхонаси фаолият кўрсатмоқда.

Чиноз – бой деҳқончилик анъаналарига эга туман. Ер тилини биладиган миришкорлар кўп. Аммо ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди, изланиш, интилиш ҳар куни керак. Шу боис маҳалла раиси бош бўлиб, томорқалардан фойдаланишни янги, юқори босқичга олиб чиқиш, замонавий қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишда аҳолига энг яқин кўмакчи бўлмоқда. Бугунги кунга келиб маҳаллалардаги кщплаб хонадонларда иссиқхоналар мавжуд. Етиштирилган маҳсулотга харидор топиш, хўжаликларни кенгайтириш, имтиёзли кредит олиш сингари кўплаб йўналишларда ёрдам берилмоқда. Шу асосда илгари ишсиз бўлган аҳоли бандлиги таъминланаяпти.

Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасига биноан Президент Халқ қабулхоналари ҳам фаолиятини маҳаллалар кесимида ташкил этиб, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан узвий ҳамкорликда иш олиб бораётгани маҳаллаларга катта мадад бўлиши билан бирга, аҳоли муаммолари ва мурожаатлари билан ишлаш сифатини оширади. Муаммоларни ҳар бир ҳудуд хусусиятидан келиб чиқиб, тизимли таҳлил қилиш ҳамда уларни ҳал этиш учун ресурсларни аниқ йўналтириш имконини беради.

Яна ёшлар мавзусига тўхталадиган бўлсак, уларнинг бўш вақти мазмунли, фойдали ва албатта қизиқарли ўтиши учун авваламбор маҳаллада шароит яратиш керак. Мазкур долзарб вазифа маҳаллалардаги ёшлар етакчиларига ишониб топширилган. Чиноз маҳаллаларида бу борада аниқ режа асосида иш олиб борилмоқда. Ранг-баранг кўрик-танловлар, кўргазмали чиқишлар, халқ ўйинлари, ижодий беллашувлар, оммавий спорт тадбирлари ўтказилаётгани ўсиб келаётган ёшлар учун ҳар томонлама фойдалидир.

Маҳаллаларда ижтимоий муҳитни яхшилаш аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражаси билан бевосита боғлиқ. Шу боис Президентимиз кўрсатмасига кўра бу жиддий масалага устувор вазифа сифатида эътибор берилади. Аҳолини ёш тоифаларидан келиб чиқиб, мунтазам тиббий кўриклардан ўтказиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, юқори технологик тиббий ёрдамни имкон қадар маҳаллалар даражасигача тушириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган. Маҳаллада янги иш бошлаган кўп тармоқли тиббиёт маркази ана шу мақсадга хизмат қилади. Бу замонавий шифохона илк иш кунида нуроний ва кексаларни қабул қилиб, уларга хизмат кўрсатишни бошлади. Бу юртимизда инсонга, кексаларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир ифодаси бўлди.

Маҳалла аждодларимизнинг юксак тафаккурини, урф-одатлар ва анъаналарини ўзида мужассам этган, жаҳон аҳли ҳавас қиладиган эзгу қадриятларимиз кўзгусидир. Бугунги кунда бу ноёб тузилмага янгича маъно-мазмун бахш этилаётгани инсон қадрини улуғлаш, одамларни ҳаётдан рози қилиш, эртанги кунга ишонч билан ҳаракат қилишда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар