Марказий банк: Аҳолининг гўшт маҳсулотлари учун ўртача ойлик харажатлари сезиларли даражада қисқарган

Марказий банк: Аҳолининг гўшт маҳсулотлари учун ўртача ойлик харажатлари сезиларли даражада қисқарган

Марказий банк жорий йил II чорак якунлари бўйича уй хўжаликларининг даромадлари ва харажатлари, уларнинг таркиби, коронавирус пандемияси ва инфляциянинг турмуш даражасига таъсирини ўрганди.

Таҳлиллар Уй хўжаликлари даромадлари ва харажатлари бўйича сўров (УДХС)1 натижалари ҳамда ҳудудлар кесимидаги истеъмол нархлари индекси (ИНИ)2 маълумотлари асосида амалга оширилди. Сўров натижалари бўйича оилавий даромадлар таркиби ва ундаги ўзгаришлар гуруҳларга бўлиб таҳлил қилинганда, сўровномада иштирок этган респондентларнинг асосий қисми – 35,0 фоизи ўртача 2-4 млн. сўм ойлик даромад эга эканлигини маълум бўлди. Ушбу кўрсаткич жорий йил I чорагидаги сўровда 38,7 фоизни ташкил этган (1-расм).

1-расм. Уй хўжаликларининг даромад даражаси бўйича таснифланиши

Респондентларнинг 21 фоизида оилавий ўртача ойлик даромад 2 млн. сўмгача бўлиб, ушбу гуруҳ улуши I чоракка (8 фоиз) нисбатан сезиларли даражада ўсган. II чоракдаги сўровда мазкур кам даромадли гуруҳ улушининг сезиларли ўсиши карантин чекловлари таъсирида норасмий сектор ва хизматлар соҳасида иш жойларининг қисқариши ҳисобига аҳоли даромадларининг камайганлиги билан изоҳланади.

Шунингдек, ўртача 4-6 млн. сўм даромадга эга уй хўжаликларининг улуши ҳам I чоракдаги 31 фоиздан II чоракда 22 фоизгача пасайди. Сўровномада иштирок этган жами респондентлардан 56 фоизи пандемия сабабли оилавий даромадларининг камайганлигини таъкидлаган бўлса, 15 фоизи даромадсиз қолганлигини билдирган. Шунингдек, респондентларнинг 48 фоизи пандемия натижасида оилавий жамғармалари камайганлигини, 28 фоизи эса оилавий жамғармасиз қолганлигини таъкидлаган (2-расм).

2-расм. Пандемиянинг уй хўжаликлари даромад ва жамғармаларига таъсири

Сўров маълумотлари асосида, уй хўжаликларининг айрим озиқ-овқат маҳсулотларига ўртача ойлик харажатлари таҳлил қилинди. Бунда, II чоракда барча даромад гуруҳидаги аҳолининг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича харажатлари I чоракка нисбатан сезиларли даражада қисқарган. Мазкур ҳолат коронавирус пандемияси даврида аҳоли даромадларининг камайиши ҳамда харажатларнинг оптималлаштирилиши билан изоҳланади (3-расм). Уй хўжаликларининг гўшт маҳсулотлари учун ўртача ойлик харажатлари II чоракда олдинги чоракка нисбатан сезиларли даражада қисқарган. Хусусан, ойлик даромади 2 млн. сўмгача бўлган аҳолининг ойлик ўртача гўшт маҳсулотлари хариди I чоракка нисбатан 39,5 фоизга ёки 107 минг сўмга камайиб, 164 минг сўмни ташкил этган. Мазкур фарқ ойлик даромади 2-4 млн. сўм бўлган уй хўжаликларида 161 минг сўмга, даромади 10 млн. сўмдан юқори бўлган уй хўжаликларида 528 минг сўмни ташкил этди.

3-расм. Уй хўжаликларининг айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига харажатлари (минг сўмда)

II чоракдаги карантин чекловлари уй хўжаликларининг хизматлар учун харажатларига ҳам сезиларли даражада камайтирувчи таъсир кўрсатган. Жумладан, ушбу чоракда уй хўжаликларининг транспорт хизматлари бўйича харажатлари ўтган чоракдаги ўртача ойлик харажатларга нисбатан – 16 фоизга камайди (4-расм).

4-расм. Уй хўжаликларининг айрим турдаги хизматлар учун ўртача харажатлари (минг сўмда)

Коммунал тўловлар ҳамда интернет ва телефон учун харажатлар ҳам барча даромад гуруҳлари учун ўртача – 2 фоизга камайган бўлиб, карантин даврида мазкур тўловларни кечиктириб тўлаш имкониятининг яратилганлиги билан изоҳланади.

Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида 2020 йилнинг январь-июнь ойлари учун аҳоли жон бошига даромадлар ҳажми ва ҳудудий инфляция кўрсаткичлари таҳлил қилинди (5-6-расмлар). Маълумотларга кўра, жорий йил I ярим йилликдаги аҳоли даромадлари ва инфляция даражаси бўйича кўрсаткичлар ҳудудлар кесимида бир-биридан сезиларли фарқ қилади.

5-расм. Ҳудудлар кесимида 2020 йил январь-июнь ойларида аҳоли жон бошига даромадлар ҳажми (млн. сўмда)

2020 йил I ярим йилликда республика бўйича аҳоли жон бошига ўртача даромад 5,2 млн. сўмни ташкил этиб, фақатгина Тошкент шаҳри, Навоий, Бухоро ва Тошкент вилоятлари аҳолисининг ўртача даромадлари ушбу ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган. Қолган барча ҳудудларда аҳоли жон бошига ўртача даромад республика бўйича ўртача даромаддан кам бўлган. 2020 йил январь-июнь ойларида республикамизда истеъмол нархлари индекси 4,6 фоизга тенг бўлди. Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри, Бухоро, Тошкент, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида инфляция даражаси ўртача республика инфляция даражасидан юқори бўлган (6-расм). Даромадлари юқори бўлган ҳудудларда (Тошкент шаҳри, Бухоро ва Тошкент вилоятлари) инфляция даражасининг ҳам юқори бўлиши даромадлар ошиши ва инфляция даражаси ўртасидаги ижобий боғлиқликни кўрсатади.

Уй хўжаликлари нисбатан паст даромадга эга бўлган ҳудудлар, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Фарғона, ва Сурхондарё вилоятларидаги инфляция даражаси мамлакатдаги ўртача инфляция даражасидан пастроқ бўлиб, мазкур ҳудудларда мамлакат умумий аҳолисининг 27 фоизи истиқомат қилади.

6-расм. Ҳудудлар кесимида 2020 йил I ярим йилликда истеъмол нархлари индекси (ИНИ) бўйича инфляция даражаси (фоизда)

I ярим йилликда озиқ-овқат товарлари инфляцияси ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар инфляциясидан юқори бўлиб, бунга карантин шароитида аҳоли томонидан асосан бирламчи эҳтиёж учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларига нисбатан талабнинг юқори бўлганлиги ва бошқа харажатлар (ноозиқ-овқат маҳсулотлари хариди ёки хизматлардан фойдаланиш) зарурият бўлмаганлиги сабабли кечиктирилганлиги билан боғлиқ (6-расм).

Сўров натижаларига кўра, республика бўйича бир оилага тўғри келувчи ўртача ойлик даромадлар ва харажатлар ўртасидаги ижобий фарқ 292 минг сўмни ташкил этган. Хусусан: - Тошкент шаҳри, Бухоро, Андижон, Хоразм ва Навоий вилоятларида ижобий фарқи 400 минг сўмдан юқорини; - Жиззах, Наманган, Фарғона ва Сирдарё вилоятларида ижобий фарқ 100-300 минг сўм атрофида;

- Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ижобий фарқ 100 минг сўмдан камни; - Сурхондарё вилоятида эса салбий фарқ 172 минг сўмни ташкил этди (7-расм).

7-расм. Уй хўжаликларининг ойлик ўртача даромадлари ва харажатлари (ҳудудлар кесимида, минг сўмда)

Умуман олганда, сўровнома натижаларига кўра, уй хўжаликлари даромадлари ва харажатлари ўзгаришини қуйидагилар билан изоҳлаш мумкин:

  • коронавирус пандемияси ва унинг тарқалишига қарши карантин чекловларининг жорий этилиши иқтисодий фаолликни пасайтириш билан бир қаторда уй хўжаликлари даромадларига таъсир қилган, уларнинг жамғармаларининг қисқаришига ва мос равишда харажатларининг оптималлашишига олиб келди;
  • карантин шароитида аҳоли, биринчи навбатда, бирламчи эҳтиёж учун зарур бўлган маҳсулотлар – озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларига харажатларни амалга оширган бўлиб, ноозиқ-овқат маҳсулотлар ва хизматлар истеъмолини кескин камайтирган. Бунда, хизматлар соҳасидаги чекловлар ҳамда буюм бозорларининг ёпилиши маълум даражада таъсир кўрсатган;
  • уй хўжаликлари томонидан асосан озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиниши, ўз навбатида, озиқ-овқат маҳсулотлари инфляциясининг нисбатан тезлашишига олиб келган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари инфляциясининг нисбатан юқорилиги – аҳоли томонидан инфляциянинг юқорироқ сезилишига сабаб бўлган.

  • Мазкур ҳолат вақтинчалик характер касб этиб, карантин чекловларининг босқичма-босқич юмшатилиши, бозорларни мева-сабзавотлар билан тўйиниши ҳамда ҳудудлар ўртасида озиқ-овқат логистикасининг тўлиқ қайта тикланиши билан озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарорлашиши кутилмоқда;
  • ҳудудлар кесимида даромадлар ва инфляция даражаси турлича бўлиб, бунда даромадлар миқдори юқори бўлган ҳудудларда инфляция даражаси ҳам нисбатан юқорилиги ва аксинча, даромад даражаси нисбатан паст ҳудудларда инфляциянинг ҳам нисбатан паст бўлиши кузатилди;
  • республикамизнинг аксарият ҳудудларида уй хўжаликларининг даромадлари билан харажатлари ўртасида ижобий фарқ кузатилди (Сурхондарё вилоятидан ташқари). Бунда, ушбу ижобий фарқнинг I чоракка нисбатан 47 фоизга ёки 258 минг сўмга қисқарганлиги, умуман олганда мазкур чоракда аҳолининг даромадларига нисбатан харажатларининг тезроқ суръатларда ўсганлиги билан изоҳланади.
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар