Масъуллар аҳоли муаммоларини ҳал этмоқда

Масъуллар аҳоли муаммоларини ҳал этмоқда

Президент масалаҳатчиси ўринбосари Қаҳрамон Сариев бошчилигидаги гуруҳ Қўқон шаҳрининг 19 та маҳалласида аҳоли муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш, бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан амалий ишлар олиб бормоқда.

Ишчи гуруҳ ўрганишлари давомида аҳоли томонидан 1,1 мингдан зиёд масала бўйича мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг деярли 50% га яқини қисқа муддатларда бартараф этилди.

Жумладан, мурожаатлардан келиб чиққан ҳолда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 13 та ижтимоий соҳа объектлари атрофлича ўрганилди. Аниқланган муаммоли 16 та масалалар бўйича таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди.

Бундан ташқари, ички йўллар ҳолатини яхшилаш мақсадида 2 км масофа асфальтлаштирилиб, 10 км.га яқини шағаллаштирилди. Хонадонларнинг электр таъминотини яхшилаш учун 1 та янги ТП ўрнатилиб, 3 таси таъмирланди, 8 км йўл бўйига янги темир-бетон таянчлар ўрнатилди.

“Маҳалла еттиликлари” билан ҳамкорликда “Сайхунобод тажрибаси” асосида 5 та микролойиҳалар амалга оширилди, натижада 100 га яқин фуқаро доимий иш билан таъминланди.

Президент Халқ қабулхонаси ва “маҳалла еттилиги” тавсияси билан “Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш”, “Оилавий тадбиркорлик” ҳамда “Бизнесга биринчи қадам” дастурлари доирасида 73 нафар фуқарога 1.4 млрд сўм миқдорида имтиёзли кредит ва микроқарзлар ажратиб берилди.

Ўрганишлар давомида аниқланган 509 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга манзилли ёрдамлар кўрсатилди. Хусусан, 4 нафар оғир шароитда яшаётган фуқаронинг хонадони таъмирлаб берилмоқда, 350 дан зиёд оғир шароитда яшаётган фуқароларга моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Шу билан бирга, Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар асосида 130 нафар фуқарога бепул дори-дармонлар, 14 нафарига ногиронлик аравачалари етказилди, 39 нафарига даволаниш учун бепул ордер берилди.

Республика ишчи масъуллари ва “маҳалла еттилиги” иштирокида 59 та ажрим ёқасидаги оилаларни яраштириш чоралари кўрилди, 50 та нотинч оилалардаги низоларга барҳам берилди, 10 нафар фуқарога тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя ордери берилди.

Республика ишчи гуруҳи фаолияти давом этмоқда.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар