Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55 та тумандаги боғлар хатловдан ўтказилади

Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55 та тумандаги боғлар хатловдан ўтказилади

“Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори (ПҚ-4549-сон, 11.12.2019 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишда кластер ва кооперация тизимини ривожлантиришнинг янги механизмлари жорий этилади.

Мева-сабзавот кластери ташаббускор, тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасидаги уч томонлама келишув асосида ташкил этилади.

Қарорга кўра:

  • мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55 та тумандаги мавжуд боғ ва токзорлар хатловдан ўтказилади;
  • хатлов натижасига кўра самарасиз боғ ва токзорларни янгилаш юзасидан туманлар кесимида манзилли рўйхатлар шакллантирилади ва тасдиқланади;
  • янги боғ ва токзорларни барпо этишда улар олдиндан аниқ мева-сабзавот кластерига ёки қишлоқ хўжалиги бирлашмасига бириктирилади.


Қуйидаги ерларда интенсив боғ ва токзорлар барпо этилади, иссиқхоналар қурилади ҳамда улар аҳолига лизинг ва кредит шартлари асосида берилади:

  • қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган очиқ ер майдонлари;
  • ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан бўшаган майдонлар;
  • яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган ерлар.

Қарорга мувофиқ:

  • қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолари ва мева-сабзавот кластерлари иштирокчиларига интенсив кўчатлар (пакана ва ярим пакана) ҳамда пайвандтагларни сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар ажратилади;
  • узумчилик йўналишидаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун тижорат банклари кредитлари бўйича кафиллик тақдим этилади;
  • кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзоларига субсидиялар ажратилади.
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар