Молия вазирлиги Ўзбекистоннинг давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳини эълон қилди

Молия вазирлиги Ўзбекистоннинг давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳини эълон қилди

Молия вазирлиги 2020 йилнинг III чораги бўйича Ўзбекистон давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳини эълон қилди.

2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 20,8 млрд. доллар эквивалентини ёки ЯИМга нисбатан 36,8 фоизни ташкил этди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилнинг дастлабки 9 ойида давлат ташқи қарзи 2,8 млрд. долларга ёки йил бошига нисбатан 18,0 фоизга ошиб, жорий йилнинг 1 октябр ҳолатига 18,5 млрд. долларга ёки ЯИМга нисбатан 32,8 фоизга етди.

Шундан:

  • ҳукумат номидан жалб қилинган ташқи қарз – 12,7 млрд. доллар;
  • ҳукумат кафолатлаган ташқи қарз – 5,8 млрд. доллар.
  • Давлат ички қарзи, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 23,6 трлн. сўмни (2,3 млрд. доллар) ёки ЯИМга нисбатан 4,0 фоизни ташкил этди.

Шундан:

  • ҳукумат номидан жалб қилинган ички қарз – 4,7 трлн. сўм (0,4 млрд. доллар);
  • ҳукумат кафолатлаган ички қарз – 18,9 трлн. сўм (1,9 млрд. доллар).

Давлат қарзининг сўнги йиллардаги ўсиши динамикасига қарамай, халқаро меъёрларга кўра мўътадил даражада сақланиб қолмоқда, дейилади ҳисоботда.

2020 йилнинг учинчи чорагида давлат қарзи қолдиғининг ўсишини шакллантирувчи асосий омиллар:

  • Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан имзоланган ташқи қарз битимлари доирасида ўзлаштирилган маблағлар қолдиғи 1,5 млрд. долларга;
  • Давлат кафолати остида имзоланган ташқи қарз битимлари доирасида ўзлаштирилган маблағлар қолдиғи 1,3 млрд. долларга;
  • 4,194 трлн. сўм миқдорида давлат қимматли қоғозлари чиқарилиши ҳамда 750 млрд. сўмгa тенг ички қарздорлик сўндирилиши натижасида давлат қимматли қоғозлари қолдиғи 3 444,8 млрд. сўмга ошди.

Шарҳда илк бор имзоланган давлат ташқи қарзи битимлари ҳамда унинг ҳисобига молиялаштирилган турли соҳалардаги лойиҳалар ҳақида маълумот берилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар