Мўйноқда балиқ консерва заводи фойдаланишга топширилди

Мўйноқда балиқ консерва заводи фойдаланишга топширилди

Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ тумани балиқчиликка ихтисослашганлиги туфайли давлат бюджети ҳисобидан 25 млрд. сўм қийматидаги инвестиция лойиҳаси асосида туман марказида балиқни қайта ишлаш ва консервалаш заводининг қурилиш ишлари жорий йилнинг февраль ойида бошланган эди.

Консерва заводини қуриш учун туман марказидан 0,56 га. ер майдони ажратилиб, заводнинг асосий қисми металл конструкциялар асосида тикланди.

Балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш линиясини ташкил қилиш учун Россия Федерацияси Калининград шаҳрининг “Рыбтехцентр” корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган ускуналар олиб келиниб, уларни монтаж қилиш ишлари амалга оширилди.

Мазкур лойиҳа ишга туширилиши билан, корхонада йилига 3 650 тн балиқ қайта ишланиб, натижада 9 млн. дона балиқ консерваси, 780 тн. балиқ фарши, 400 тн. балиқ филеси ва 200 тн. дудланган балиқ тайёрланади. Заводда 1 000 тн. балиқ маҳсулотларини сақлаш учун музлатгичли омборхона мавжуд.

Шунингдек, лойиҳа ишга туширилиши билан 60 иш ўрни яратилди.

Ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун, “Мойнақ Аква саноат” давлат унитар корхонасига тумандаги умумий майдони 60 минг га.дан ортиқ бўлган 9 та сув ҳавзалари бириктирилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар