Наманган вилоятининг 2022 йил якунлари бўйича ташқи иқтисодий фаолият кўрсаткичлари

Наманган вилоятининг 2022 йил якунлари бўйича ташқи иқтисодий фаолият кўрсаткичлари

Таҳлил натижаларига кўра, 2022 йилнинг январ-декабр ойлари мобайнида Наманган вилоятининг ташқи савдо айланмаси ҳажми $1 276 млн.ни шундан, экспорт $581 млн. ва импорт $695 млн.ни ташкил қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17% (экспорт – 17,1%, импорт – 16,8%)га ўсганини кўрсатади.

Хозирги кунда Наманган вилояти дунёнинг 76 тадан ортиқ мамлакатлари билан актив савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. 2022 йилда МДҲ давлатлари билан товар ва хизматлар айланмаси - $682 млн.ни (53,4%) ва дунёнинг бошқа давлатлари билан $595 млн.ни (46,6%) ташкил қилган. Мамлакатлар кесимида қаралганда, асосий экспорт улуши Россия ($297 млн.), Қирғизистон ($63 млн.), Қозоғистон ($45 млн.), Туркия ($41 млн.) ва Хитой ($40 млн.), давлатлари ҳиссасига, юқори импорт улуши эса Хитой ($231 млн.), Россия ($112 млн.), Қозоғистон ($68 млн.) ва Туркия ($61 млн.) давлатлари ҳиссасига тўғри келган. Юқоридаги келтирилган рақамлар шуни кўрсатадики, вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 2021 йилнинг шу даврига нисбатан, МДҲ давлатлари билан 2,4%га ўсган, бошқа давлатлар билан эса 2.3%га камайган.

Вилоятнинг асосий экспортёрлари сони 2022 йилда 486 тага етган ва улар томонидан экспортга йўналтирилган маҳсулотларнинг асосий таркибини (қимматбаҳо металлардан ташқари) саноат маҳсулотлари (52%), ҳар хил тайёр маҳсулотлар (20,8%), озиқ-овқат ва тирик ҳайвонлар (18,2%) ташкил этган. Шунингдек, қиймати $390 млн.ли тўқимачилик маҳсулоти экспорти амалга оширилган (умумий экспортнинг 67,2%). Машиналар ва транспорт асбоб ускуналари (32,1%), саноат товарлари (23,3%), озиқ-овқат ва тирик ҳайвонлар (16%) импортнинг асосий қисмини ташкил қилган.

Баҳодир Холмирзаев
Иқтисодий ислоҳотлар ва тадқиқотлар маркази
Наманган филиали етакчи илмий ходими
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар