Нурободда “Cinema City Sollywood” кино шаҳарчаси қурилади

Нурободда “Cinema City Sollywood” кино шаҳарчаси қурилади

Самарқанд вилояти Нуробод туманининг Оқсой ҳудудида Cinema City Sollywood кино олиш шаҳарчаси қурилмоқда. Лойиҳа қиймати 45 млн долларни ташкил этади, дея хабар берди туман маъмурияти матбуот хизмати.

Объект Американинг Daha USA Group ва Хитойнинг Yiwu Compass Trading компаниялари томонидан қурилмоқда. Бу ҳақдаги келишув 22−23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Invest in Samarkand I халқаро инвестиция форумида Нуробод тумани ҳокимлиги томонидан имзоланди. Биринчи босқичда 15 млн доллар миқдорида инвестиция киритилади.

Лойиҳа учун керак бўладиган ер майдони 160 гектар бўлиб, бу ерда «Cinema City Sollywood» кино шаҳарчаси қурилади. Унда замонавий типдаги 3−4 юлдузли меҳмонхоналар, ресторан ва кафелар, дам олиш ва истироҳат (бульвар, тропик) боғлари, аквапарк, кинотеатр, концерт ва конференция залларини барпо этиш кўзда тутилган.

Ушбу лойиҳа 2022 йилда тўла қувватда ишга туширилгандан сўнг 500 га яқин янги иш ўринлари яратилади. Лойиҳада қўшимча равишда автомобиль ишқибозлари учун «Авторалли йўлаги», туризм соҳасини ривожлантириш ва туристлар оқимини кўпайтириш учун «Океанариум» (сунъий океан) барпо этиш ҳам кўзда тутилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар