Камбағалликни қисқартириш, инсонлар яшаш даражасини ва ҳаёт фаровонлигини ошириш ҳар бир давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида ушбу масалалар давлат раҳбарларининг кўплаб чиқишларида ва халқаро ташкилотларнинг кун тартибида акс эттирилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75 ва 76-сессияларида қилган мурожаатида, айниқса, пандемия даврида ва ундан кейин камбағалликка қарши курашда глобал саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. 2020 йил бошида Президент камбағалликни қисқартириш масаласини давлат сиёсатининг асосий вазифаси сифатида белгилаб берди. Шу мақсадда олдимизга қўйилган вазифаларни самарали бажариш, яъни камбағалликни қисқартириш, инсонлар ҳаёти сифатини ошириш, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш юзасидан мамлакатимизда амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режаларни дунё ва минтақа экспертлари билан биргаликда муҳокама қилиш ҳамда фикр алмашиш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида, жорий йилнинг 26-27 май кунлари Бухоро шаҳрида илк бор “Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш халқаро форуми” ўтказиляпти. Унда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов ҳам иштирок этмоқда.
"Ушбу форумда, икки кундан бери Ўзбекистоннинг навқирон шаҳри Бухорода бутун дунёдан келган иқтисодчилар глобал масала бўлиб турган камбағалликка қарши курашиш бўйича ўз фикрларини алмашишяпти. Жаҳон тажрибасини ўрганиш билан бир қаторда 2020 йилдан бери давлатимиз раҳбари томонидан камбағалликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар ва унинг натижалари ҳам муҳокама қилиняпти.
Кеча, Туркия Республикасининг собиқ Молия вазири Лютфи Элван томонидан, “Ўзбекистондаги иш яратиш сиёсати - бу камбағалликка қарши курашиш бўйича бўлаётган энг унумли воситалардан бири”, дея эътироф этилди.
Бундан ташқари “Ҳар бир оила тадбиркор” дастурларимиз, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва бошқа манзилли ишлар амалга оширилиши натижасида камбағалликка қарши курашишда олиб борилган ишлар ҳам муҳокама қилиняпти. Буларнинг самарадорлиги халқаро экспертлар томонидан ҳам эътироф этиляпти.
Камбағалликка қарши курашиш бўйича инновацияларни қарайдиган бўлсак, Ўзбекистонда ҳам 2020 йилдан бери ўзига хос бир қанча инновациялар тадбиқ этилди. Бу инновацияларни бераётган мевалари ҳозирда конфренциянинг энг долзарб муҳокама қилинаётган мавзуларидан биттаси.
Масалан, биргина ҳоким ёрдамчилари тизимининг эълон қилиниши ва буларнинг қисқа вақтда бизга берган натижалари ҳам халқаро экспертлар томонидан жуда ҳам қизиқиш билан баҳоланмоқда. Бугун халқаро экспертлар томонидан жойларга чиққан ҳолда ҳоким ёрдамчиларининг ишлари билан танишишлари кутиляпти.
Камбағалликка қарши курашиш ҳақида гапирар эканмиз, 2022 – 2026 йилларда камбағалликни икки баробар камайтирамиз деб ўз олдимизга мақсад қўйганимизни таъкидлаб ўтишим керак.
Камбағалликни ўлчашнинг ўз методлари бор:
- Молиявий методлар - бу пул билан ўлчанадиган камбағаллик.
- Яна ҳам ривожланган усуллар – кўп ўлчовли камбағалликни ўлчаш мезонлари.
Бу борада БМТТД, ЮНИСЕФ билан биргаликда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказимиз томонидан пилот тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бу пилот тадқиқотларда фақатгина оиланинг даромади эмас ва унинг таълим жараёнига, соғлиқни сақлаш борасидаги, каммунал хизматларга бўлган имкониятлари ва худди шундай инсон ҳаёти учун муҳим бўлган бир қанча имкониятлар билан биргаликда уларнинг камбағаллик даражасини ўлчаш бўйича изланишлар олиб борилмоқда. Мана шу тадқиқот бир қанча мамлакатларда қилинган, ҳозирда юздан ортиқ мамлакатларнинг кўп ўлчовли камбағаллик ўлчовлари бор. Буни энг муҳим тарафи давлат сиёсатини тўғри йўналтириш. Давлат маблағларини самарали йўналтириш бўйича камбағалликнинг кўп мезонли ўлчови жуда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш масаласи сўнгги йилларда давлат сиёсати кун тартибидаги энг муҳим масалага айланганлиги, шунингдек, мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ва қисқа даврда эришилган натижалар кўпчилик халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг Форумга қизиқишини уйғотмоқда.
Коронавирус пандемияси катта тажриба ва дарс бўлиб хизмат қилди ҳамда камбағалликка қарши кураш сиёсатининг кейинги йўналишлари юзасидан хулоса чиқариш имкониятини яратди. Дунё яна бир бор инсон капитали, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимига инвестициялар киритилиши, шунингдек, бундай кутилмаган жараёнларга қарши тура олиш учун молиявий ва иқтисодий захиралар мавжудлиги муҳим эканлигининг гувоҳи бўлди.
Хусусан, мавжуд макроиқтисодий захиралар кўп жиҳатдан Ўзбекистонга қисқа муддатда зарур ресурсларни жалб этиш ва Инқирозга қарши кураш жамғармасини шакллантиришга ёрдам берди. Бу мамлакатимизга учта асосий йўналишда ишлаш имконини берди.
- Соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш (янги шифохоналар қуриш, койкалар сонини кўпайтириш, янги тиббий асбоб-ускуналар, дори-дармонлар ва вакциналарни сотиб олиш, тиббий ходимларни рағбатлантириш ва бошқалар).
- Ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш (шу жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни, шунингдек, пандемиядан зарар кўрган аҳолини давлат ёрдами билан қамраб олишни кенгайтириш).
- Солиқ имтиёзлари ва таътилларни тақдим этиш, кредитлар бўйича тўловларни кечиктириш, шунингдек, молиявий воситачиликнинг бошқа турлари орқали иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш.
Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда самарали ташкил этиш мақсадида “Темир дафтар” тизими шакллантирилди.
Ўтган давр мобайнида “Темир дафтар”га киритилган 651,0 минг оила, уларнинг 2,7 млн нафардан ортиқ аъзоларининг 705,2 минг нафар меҳнатга лаёқатли ишсизлари бандлигини таъминлаш орқали 601,3 минг оила “темир дафтар”дан чиқарилди. Дафтарга киритилган оилаларнинг доимий даромад манбаини яратиш чоралари кўрилди. Хусусан, 96,6 минг нафар фуқаролар доимий ишга жойлаштирилди, 34,7 минг нафар фуқаролар тадбиркорлик фоалиятини йўлга қўйди. Шунингдек, 16,5 минг нафар фуқаролар касб-ҳунарга ўқитилди.
Боқувчисини йўқотган, ногиронлиги мавжуд ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалардаги шахсларни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.
Маълумот учун: 20,0 минг боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилалар, 38,0 минг ногиронлиги мавжуд ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар рўйхатга олинди. Натижада уй-жойини таъмирлашга муҳтож 2,4 минг гуруҳ ногирони бор оилаларнинг 1,8 минг тасининг (75,0 фоизи) уй-жойи таъмирлаб берилди.
Шунингдек, дафтарга киритилган оилаларга доимий тиббий, психологик ҳамда ҳуқуқий хизматлар кўрсатилмоқда. Хусусан, 14,5 минг тиббий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оилалардан 13,6 минг оилалар аъзолари (93,8 фоизи) тиббий кўрикдан ўтказилди.
Ҳозирга қадар “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Темир дафтар”га киритилган 293,2 минг оилага 279,7 млрд.сўм моддий ёрдам кўрсатилди.
Шу билан бир қаторда, камбағалликни қисқартириш бўйича янги дастурни амалга оширишнинг асосий институционал асосларини яратиш ва мустаҳкамлаш устида иш олиб борилди. Хусусан, 2020-2021 йилларда давлат бюджети ҳисобидан нафақа оладиган оилалар сони 2 баробардан зиёд ошди, уларнинг улуши қарийб 15 фоизга етди.
Камбағаллик даражасини белгилашда янги мезон – минимал истеъмол харажатлари жорий этилди. Бу ижтимоий тўловлар ва имтиёзларнинг минимал даражасини қайта кўриб чиқишга имкон берди. Масалан, 2021 йилда ногиронлар, шунингдек, боқувчисини йўқотган оилалар учун энг кам пенсия ва нафақа турлари миқдори 10-50 фоизга ошди.
Шунингдек, бир қатор мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро самарали ҳамкорлик қилиш пандемия оқибатларини камайтириш учун зарур чоралар ва қарорлар қабул қилиш жараёнида муҳим рол ўйнади.
Ўзбекистон 2022-2026 йилларда "Янги Ўзбекистон" Тараққиёт стратегиясини фаол амалга ошира бошлади, бу биринчи навбатда "Инсон шаъни ва қадр-қиммати учун" тамойилларига асосланади. Иқтисодиётни ривожлантириш бўйича асосий вазифалар 2026 йилгача камбағаллик даражасини икки баробар қисқартириш мақсадидан келиб чиқади. Бунда белгиланган мақсадларга эришишнинг асосий шарти сифатида макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодиётни барқарор ривожлантиришни таъминлаш этиб белгиланган.
Хусусан, аҳоли жон бошига ЯИМ даражасини жорий 2000 доллардан 2026 йилда 2800 долларгача ошириш мақсад қилинган. Бу 2030 йилда ўрта даромадли мамлакатларнинг юқори гуруҳига кириш учун асос яратади. Белгиланган вазифалар доирасида давлат корхоналари ва банкларни ўзгартириш ва хусусийлаштириш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, иқтисодий ўсишнинг яшил моделига ўтиш, тадбиркорлик фаолияти учун шарт-шароитларни яхшилаш, хусусий ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини ошириш, ер муносабатларини ислоҳ қилиш каби бошланган иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш олдинда турган асосий мақсадлар ҳисобланади.
Мамлакатимизда ислоҳотларнинг давоми сифатида жойларда иқтисодий бошқарув тизимини такомиллаштиришнинг янги йўналишларидан бири - ҳар бир маҳаллага бириктириладиган ҳоким ёрдамчилари институтини жорий этилганлигидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган мазкур ташаббуснинг асосий мақсади аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга молиявий кўмаклашиш, даромад келтирувчи меҳнат билан бандлигини таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш ва камбағалликни қисқартиришдир.
Янги стратегияда инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистонда мактабгача ва олий таълим қамрови қарийб икки баробарга ошди. Ушбу соҳада мактабгача таълим қамровини 2026 йилда 80 фоизгача (ҳозирги вақтда 69%) ва олий таълимни 50% (28%)га ошириш кўзда тутилмоқда.
Тараққиёт стратегиясига кўра, 1 миллион банд бўлмаган аҳолини (айниқса, аёллар ва ёшлар) 2026 йилгача бўлган даврда касб-ҳунарга ўқитиш режалаштирилган.
Барқарор иқтисодий ўсиш камбағалликни қисқартириш асосларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш, аҳоли фаровонлигини яхшилашнинг ягона йўли юқори, барқарор ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлашдан иборат, деб ҳисоблайди.
Шу ўринда 2015 йилда Ўзбекистон БМТ ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишини ўз зиммасига олганлигини таъкидлаш лозим. Ушбу мақсадларга эришиш, шубҳасиз, иқтисодий ўсишни таъминлаш учун асосий восита бўлиб хизмат қилади, бу эса, ўз навбатида, мамлакатдаги камбағаллик даражасини босқичма-босқич камайтиришга олиб келади. Умуман олганда, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аксарияти асосан БРМга эришишга хизмат қилмоқда.
Юқорида қайд этилган долзарб масалалар, хусусан, соҳа юзасидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳамда истиқболдаги режалар муҳокамаси ва ўзаро фикр алмашиш мақсадида ташкил этиладиган “Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш халқаро форуми”да 250 га яқин қатнашчилар, шу жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо, кузатувчи ва ҳамкор давлатлар, халқаро ривожланиш институтлари, академик доиралар ва бошқа хорижий мамлакат ва ташкилотларнинг жами 100 дан ортиқ вакиллари иштирок этдилар.
Хусусан, форумда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД) Бош котиб ўринбосари ва ёрдамчи маъмури Ушa Рaо-Монaри, Жаҳон Банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Лалита Мурти, Турк сиёсатчиси, Туркиянинг собиқ Молия ва ғазначилик вазири Лутфи Элван, Жорж Вашингтон университети халқаро бизнес амалиёти профессори Денни Лейпцигер, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котиби Чжан Мин, Камбағаллик ва инсон тараққиёти бўйича Оксфорд ташаббуси директори Сабина Алкайр, Хитой халқаро камбағалликни қисқартириш маркази директори Лю Жунвеннинг қатнашдилар.
Шунингдек, тадбирда Бирлашган миллатлар ташкилоти, Ислом тараққиёт банки, Халқаро валюта жамғармаси, ЮНИСЕФ, Франция тараққиёт агентлиги, Осиё тараққиёт банки, БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Глобал яшил ўсиш институти каби халқаро ташкилот ва молия институтлари вакиллари иштирок этди.
Шу билан бирга форумда маҳаллий тадбиркорлар, хусусан, ушбу соҳада муваффақиятга эришган ёшлар иштирокида мотивацион панель сессияси ташкил этилди. Ушбу тадбирда илғор тажрибадан ўрнак олиш ва ўрганиш, келажакка ишонишнинг аҳамияти, иштиёқ, ижобий фикрлаш ва оптимистик хатти-ҳаракатлар юзасидан фикр алмашилди.
Форумда ўтказилиши режалаштирилган 10 та панель сессияларида, хусусан, иштирокчилар “Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш стратегиясига энг самарали халқаро тажрибаларни жорий қилиш” сессиясида камбағалликни қисқартириш бўйича умумлаштирилган далиллар, стратегик режалаштиришнинг ўзига хос жиҳатлари, мақсадларни белгилаш, ўсиш ва ижтимоий ривожланиш ўртасидаги мувозанат, маҳаллий ресурсларни мақсадлар билан боғлаш, жамоатчилик ва бошқа манфаатдор томонлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, стратегияларни қабул қилиш юзасидан фикр алмашдилар.
“Яшил ва барқарор ривожланиш: камбағалликни қисқартириш кун тартибидаги муаммолар ва имкониятлар” мавзусига бағишланган панель сессиясида камбағаллик ва атроф-муҳит ўртасидаги ўзаро боғлиқлик, глобал иқлим ўзгариши таъсирини юмшатиш ва хавфсизлик тармоқлари тизимлари, яшил ва барқарор ўсиш ва иш ўринларини яратиш, энергия таъминотининг камбағаликка таъсири масалалари муҳокама қилинди.
“Ҳудудий ривожланишнинг камбағалликни қисқартиришга таъсири” мавзусидаги муҳокамаларда урбанизация ва ҳудудий ривожланиш ўртасидаги мувозанат, географик йўналтирилган стратегиялар, ҳудудий уйғунлик ва тенгсизликни қисқартириш, мувозанатли ҳудудий ривожланиш, ривожланмаган ҳудудларда тараққиёт стратегиялари, маҳаллий ҳамжамиятларнинг ҳукумат ташаббусларига ҳисса қўшишини рағбатлантириш юзасидан сўз юритилди.
“Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги тараққиётини қайта кўриб чиқиш: орттирилган тажрибалардан хулоса чиқариш” йўналишидаги сессия давомида экспертлар ижтимоий таъминот, бандлик, тадбиркорлик, малака ошириш, қишлоқ хўжалиги ислоҳотлари, таълим ва соғлиқни сақлаш, санитария-гигиена, яшил ривожланиш, гендер тенглиги йўналишларида олиб борилаётган давлат дастурларнинг самарадорлигини баҳолаш, муваффақиятли тажрибалар, ҳамкорлик бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар.
“ШҲТ ҳудудида камбағалликни қисқартириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва ҳамкорликдаги ёндашувларни ишлаб чиқиш” мавзусидаги учрашувда камбағаллик даражасини ўлчаш усуллари, янги ёндашувлар ва механизмлар, ижтимоий фаровонлик учун қўлланган амалий дастурлар, уй хўжаликларини ўрганиш, мақсадли камбағалликни қисқартириш йўналишида ўлчовлар, тажриба алмашиш ва илғор тажрибалар ва бошқалар муҳокама этилди.
“Инсон капиталини ривожлантириш ва инклюзив ўсиш, ахборот технологияларини қўллаш орқали самарали касб-хунар дастурларини ишлаб чиқиш” кўп ўлчовли камбағалликни қисқартириш, профилактика сиёсати, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ёрдам бериш, “ижтимоий лифт”, ҳамма учун тенг имкониятлар, тиббий суғурта тизими, таълим сифати, ўқув марказлари, ИТ секторида бандлик салоҳияти юзасидан фикр алмашилди.
“Бандлик, хусусий ва кичик, ўрта тадбиркорлик ҳамда инвестиция муҳитини ошириш” панелида муносиб иш ўринларини яратиш, аёллар ва ёшлар бандлиги дастурлари, меҳнат бозорининг мослашувчанлиги, миграция сиёсати, хусусийлаштириш ва ижтимоий сиёсат, тадбиркорликни ривожлантириш учун бизнес муҳитини ривожлантириш юзасидан сўз борди.
“Қишлоқ хўжалигини трансформация қилиш орқали озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор иш ўринларини таъминлаш” мавзусидаги давра суҳбатида озиқ-овқат нархларининг ўзгариши, келажакда салбий оқибатларни юмшатиш чораларини кўриш, ер ислоҳоти, қишлоқ хўжалиги агрегаторларини яратиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокамаси бўлиб ўтди.
“Ижтимоий ҳимоя дастурларини лойиҳалаштириш ва рағбатлантириш ўртасида мувозанат” йўналишидаги сессиясида ижтимоий ҳимоя дастурлари, ижтимоий суғурта, ижтимоий хизматлар ва бандлик дастурлари самарадорлиги, камбағалликни мақсадли аниқлаш усуллари, ижтимоий ҳимоя тизимларининг тўлиқ шаклланиши юзасидан фикр алмашдилар.
Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган шахсларни бандлигини таъминлаш, мавжуд имкониятлар ва хорижий тажриба (ногиронлиги бўлган шахслар учун имкониятлар, иш ўринларини яратиш ва мослаштириш ҳамда ногиронлар учун яратилган шароитлар бўйича хорижий тажрибалар), қишлоқ аёлларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш (қишлоқ жойларидаги аёллар ва ёшлар учун имкониятлар: рақамли кўникмалар, стартаплар, тадбиркорлик, яшил иш ўринларини яратиш, тадбиркор аёллар учун психологик ва бошқарув бўйича амалий дарсларни ташкил этиш) ҳамда кўп ўлчовли камбағаллик (халқаро тажриба, камбағалликни қисқартириш сиёсатини ишлаб чиқиш, Ўзбекистонда камбағалликни кўп ўлчовли ҳисоблаш билан боғлиқ муаммолар ва имкониятлар) юзасидан давра суҳбатлари ташкил этилди.
Бундан ташқари, тадбир давомида бир қатор ҳамкорлик ҳужжатларини имзолаш ҳамда ҳамкорликдаги янги лойиҳаларни эълон қилиш тадбирлари, хусусан, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Хитой камбағалликни қисқартириш Халқаро маркази ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган камбағалликни қисқартириш ҳамкорлик дастурини имзолаш маросими ҳамда Ўзбекистоннинг Метан эмиссиясини камайтириш бўйича глобал мажбурият тўғрисидаги ташаббусга қўшилиши бўйича тадбир бўлиб ўтди.
Изоҳ қолдириш